Ўзбекистонда коронавирус: 8 июль асосий хабарлари

850
(Янгиланган 19:28 08.07.2020)
Бугуннинг ўзида 198 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 6 888 нафарга етди.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 395 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 982 нафарни ташкил қилмоқда.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 198 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика  бўйлаб жами соғайганлар сони 6 888 нафарга етди.

Айни пайтда 4 052 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 24 нафар бемор оғир аҳволда, 13 нафар бемор ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолати

Учтепа туманида яшовчи 64 ёшли Б.К. (эркак киши) 1 июлдан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси реанимация бўлимида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури, нафас етишмовчилигининг 1-2-даражаси, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

2 июль куни ундан "COVID-19" инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган. Охирги 8 йил давомида у паркинсон касаллиги билан диспансер назоратида бўлган. Бемор 2019 йил 1 июль куни бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ишемик турини ҳам ўтказган.

Реанимацион муолажаларга карамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Республикада карантин яна кучайтирилади

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли карантин чоралари кескин кучайтирилади. Автотранспорт ҳаракати ва йирик жамоат объектлари фаолияти чекланади. Бу ҳақда тўлиқ.

Шифохоналарда ётоқ ўринлари қолмади

Ўзбекистонда шифохоналарда COVID-19 билан касалланган беморлар учун мўлжалланган ётоқ-жойлар қолмади. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаби вакили Ҳабибулла Оқилов АОКАдаги брифингда маълум қилди.

“Соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар бугунги кунга келиб поёнига етди, десак муболаға бўлмайди. Бугун шифохоналарда койка ўринлари тўлган. Барча шифокорлар жалб этилган. Шу боис махсус комиссия билан келишган ҳолда симптомсиз беморларни уйда даволанишларига рухсат бердик”, - деди у.

Оқилов бошқа сурункали касаллиги бор беморларнинг қанчаси даволана олмагани, қанчаси вафот этаётгани ҳақидаги статистика йўқлигини айтди.

“Агар ҳар куни 1000 та коронавирус касаллиги аниқланса, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ўлади”, - деб қўшимча қилди Оқилов.

Чартер жадвали ўзгарди

Чартер рейслари жадвали Республика махсус комиссияси томонидан қайта кўриб чиқилди.

6 – 19 июль кунларига режалаштирилган 19 та парвоздан 13 таси амалга ошириш белгиланди, жумладан Россиядан 9 та парвоздан 5 таси амалга ошириш режалаштирилган. Москвага 6 тадан 3 та, Санкт-Петербургга 2 тадан 1 та парвоз амалга ошириш кўзда тутилди. Владивостокка махсус рейс сақлаб қолинди. Дубайдан эса парвоз бекор қилинган. Янги парвозлар жавдали.

Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш мақсадида талаб юқори бўлган йўналишларда рейслар сонини сезиларли даражада кўпайтириш чоралари кўрилади.

Чегарадаги фуқаролар

Ташқи ишлар вазирлиги Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрида ватандошлар тўпланиши юзасидан баёнот берди.

Россия ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликларини яна сўралган.

Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларини ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам “сариқ” ва “яшил” рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтадилар.

Шунингдек, ТИВ Қозоғистон билан чегарадаги “Жибек жоли” – “Ғишт-Кўприк” назорат-ўтказиш пункти яқинида тўпланган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди. Қайд этилишича, техник сабабларга кўра сўнгги кунларда ватандошларнинг давлатлараро чегарадан ўтишлари чекланган миқдорда амалга оширилган.

“Жибек жоли” ўтказиш пункти орқали республика фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудига чекланган ҳолда кириши билан боғлиқ барча муаммолар тез муддатда ҳал қилинади.

Тест онлайн бўлмайди

Турли манбаларда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари онлайн бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Ҳозирги кунда Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ҳар йилги шаклда, катта сиғимли биноларда, санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 11,8 миллиондан ошди, 544 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (2,9 млн), Бразилияда (1,6 млн), Ҳиндистонда (742 минг).

850

Ўзбекистонда 17 августдан масжидлар ишга тушади

131
(Янгиланган 00:09 13.08.2020)
Масжидларда вақтинча жума намози адо этилмайди, диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан Ўзбекистондаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини қайта давом эттиради. Диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати расмий баёнотида диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилиши айтилган.

Қуйидаги муҳим тавсия ва талабларга сўзсиз амал қилиш, масжидлар фаолиятининг давомли бўлишига асосий омил бўлади:

- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;

- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);

- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;

- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);

- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;

- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;

- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;

- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;

- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.

131
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси
Глаз крупно

Шифокорлар бемор кўзига қараб яқинлашаётган ажални башорат қилишни ўрганди

543
Шифокорлар беморнинг кўзларини кузатиб, яқинлашиб келаётган ўлимини башорат қилишни ўрганиб олишди. Бу ҳақда ESC Heart Failure нашри тадқиқот натижаларини эълон қилди.

ТОШКЕНТ, 11 авг - Sputnik. Олимлар юрак етишмовчилиги бўлган беморларда яқинлашаётган ўлим хавфининг янги индикаторни аниқладилар. ESC Heart Failure журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, бунга кўз қорачиғи катталиги ишора бўлиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Ҳисоботга кўра, шифокорлар 870 кишидан иборат гуруҳни кузатдилар, улар кейинчалик кўз қорачиғи катта ва кичик бўлган беморларга бўлинди. Бу одамлар кейинчалик икки йил давомида кузатилди.

Маълум бўлишича, кўз қорачиғи кичиклашган бўлган, юрак етишмовчилиги билан оғриганларда ўлим ҳолати кўз қорачиғи каттароқ бўлганларга қараганда икки баравар кўпроқ бўлган. Бундан ташқари, уларнинг касалхонага такрорий ётқизилиши эҳтимоли деярли 50 фоиз бўлган, кўз қорачиғи каттароқ бўлган беморларнинг эса фақат 28 фоизи қайта ётқизилган.

"Кузатишлар шуни кўрсатдики, кўз қорачиғининг майдонини ўлчаш юрак етишмовчилиги бўлган беморларнинг ҳолатини баҳолаш учун янги ноинвазив усул бўлиши мумкин", - дейилади олимларнинг хулосаларида.

Шифокорлар эслатишича, эндиликда кўз қорачиғини текшириш Альцгеймер, Паркинсон касаллиги, қандли диабет ва бошқа касалликлари бор беморларнинг ҳолатини ташхислашда аллақачон фаол қўлланилмоқда. Таъкидланишича, соғлиқ учун хавфни аниқлашнинг ишончли ноинвазив усулларини излаш шифокорлар учун энг муҳим вазифалардан биридир.

543