Военнослужащие ВВС США

АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистонда заҳарли моддаларга дуч келган бўлиши мумкин

1789
(Янгиланган 15:54 10.07.2020)
Гап Ўзбекистон жанубидаги АҚШ ҳарбийлари томонидан террорчилик ташкилотларга қарши кампания вақтида фойдаланилган "Қарши-Хонобод" авиабазаси ҳақида бормоқда.

ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Америка ҳарбий хизматчилари 2000-йилларда Ўзбекистондаги ҳарбий базада жойлашган вақтларида заҳарли моддалар таъсирига учраган бўлишлари мумкин. Бу ҳақда Пентагоннинг махфийликдан чиқарилган ҳужжатларига таянган ҳолда CNN хабар бермоқда.  

Бу ерда гап Ўзбекистон жанубидаги, америкалик ҳарбийлар томонидан 2001 йил 11 сентябрда юз берган террактлардан сўнг "Ал-қоида"* террористик ташкилоти ва "Толибон"* радикал ҳаракатига қарши кампанияда фойдаланилган "Қарши-Хонобод" авиабазаси ҳақида бормоқда.

Республикачилар қўмитаси аъзоси Марк Гриннинг айтишича, махфийликдан чиқарилган ҳужжатлар К2 авиабазасида (Қарши-Хонобод) хизмат қилган қўшинлар юқори токсик кимёвий моддалар ва радиоактив материаллар таъсирига дуч келганликлари ҳақида далиллар сонини оширмоқда.

“Саратон касаллиги К2 фахрийлари орасида бошқа жойларда хизмат қилган ҳарбийларга қараганда беш баравар юқори ва уларнинг кўплари касаллик бевосита хизмат билан боғлиқ эканлигига қарамай, нафақа олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Конгресс кута олмайди. Ушбу ҳужжатларнинг жамоатчиликка ошкор этилиши - Пентагон ва Фахрийлар масалалари бўйича вазирликни жавобгарликка тортиш ва мамлакатимиз учун фидойилик кўрсатган бу жасур фахрийлар учун адолатга эришиш йўлидаги катта қадамдир”, - деган Грин.

2001 йилдаги маълумотларга кўра, база атрофидаги майдон авиа-ёқилғи билан тўйинган бўлган, тупроқдан чиққан буғлардан нафас олиш одамлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. 2004-йилда ҳам авиабазадаги ҳарбийлар ҳар куни радиацияга дуч бўлган бўлишлари мумкин.

"Хонобод" авиабазаси ва ҳарбий аэродром XX асрнинг ўрталарида барпо этилган. Ушбу мажмуадан Афғонистонда амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар - 1980-1989 йиллар давомида фаол фойдаланилган. 11 сентябрь терактларидан кейин АҚШ террорчиликка қарши кураш халқаро коалициясини ташкил қилиб, Афғонистонда амалиётни бошлаган эди. Вашингтон ўз қўшинларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистондан йилига 10 миллион доллар эвазига Ўзбекистондан "Хонобод" базасини ижарага олганди. Аэродромда жанговар вертолётлар ва ҳарбий-транспорт самолётлари, шунингдек, 1500 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар жойлаштирилган.

2005 йилда Андижон воқеалари ва Вашингтоннинг ушбу воқеага муносабати туфайли Тошкент америкаликлардан Қарши яқинидаги авиабазани тарк этишни талаб қилди. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг сўнгги самолёти ўша йилнинг ноябр ойида аэродромни тарк этди. Америкаликлар Қирғизистондаги "Манас" аэродромига кўчиб ўтдилар.

Кейинчалик республиканинг биринчи президенти Ислом Каримов бундан буёғига Ўзбекистон ҳудудида биронта хорижий база бўлмайди, дея бир неча бор таъкидлаган.

* “Ислом давлати” (ИШИД, ИД) ва “Толибон” – Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилотлар.

1789
Спецоперация по захвату Сухроба Каримова, угрожавшего взорвать банк в Киеве

"Киевлик террорчи" Сухроб Каримов икки ойга ҳибсга олинди

89
(Янгиланган 12:30 06.08.2020)
Сал олдин, 3 август куни, Каримов Киевдаги "Леонардо" бизнес-марказидаги банк бўлинмасига кирган ва рюкзагида бомба борлигини маълум қилган. Босқинчи 40 минг гривен ва журналистлар билан мулоқотни талаб қилган.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Киевдаги "Универсал-банк" бўлинмаларидан бирини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси Сухроб Каримов теракт бўйича иш юзасидан икки ойга ҳибсга олинди. Уни гаров эвазига қўйиб юбориш чекланган. Бу ҳақда Киев прокуратураси матбуот-хизмати хабар бермоқда.

"Киев шаҳри Печерск туман суди пойтахт прокуратураси илтимосномасини қондирди ва 2020 йил 3 августда Киев марказидаги банк биносида портлаш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқаросига ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади. Уни гаров эвазига қўйиб юбориш чекланган. Тегишли қарор 2020 йилнинг 5 августи, чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисда қабул қилинган", - дейилади расмий баёнотда.

Каримовга Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси 1-қисми ("Террористик ҳужумни амалга ошириш ёки уни амалга ошириш билан қўрқитиш") бўйича айблов қўйилмоқда. Ушбу моддада гумонланувчилар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 3 август куни, Каримов, Киевдаги "Леонардо" бизнес-марказидаги банк бўлинмасига кирган ва рюкзагида бомба борлигини маълум қилган.

У банк бўлинмаси раҳбаридан ташқари барча ходимларни қўйиб юборган. Раҳбар аёлни гаров олган.

Сухроб Каримов 40 минг гривен (1,44 минг доллар) ва журналистлар билан мулоқотни талаб қилган.

Амалга оширилган махсус операция натижасида Каримов қўлга олинган, уни тўғридан-тўғри эфирда қўлини қайириб, банк биносидан олиб чиқиб кетишган.

Каримовни қўлга олишда Украина телеканалларининг икки нафар журналисти кўнгилли равишда иштирок этган.

Текширувлардан сўнг Каримов ёлғон гапиргани фош бўлган: унинг рюкзагида бомба ҳам, бошқа портловчи қурилмалар ҳам бўлмаган.

Сал кейин ўзбекистонлик бу йигит психоневрологик ҳисобда туриши аниқланган.

89
Дети в детском саду

Боғчалар фаолиятини тиклашга тайёргарлик кўрилмоқда вазирлик

69
Таъкидланишича, боғчалар фаолияти тикланиши болаларни нормал маиший ҳаёт, ўйинлар ва таълим жараёнига қайтишига ёрдам беради.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус пандемияси сабабли тўхтатилган фаолият жараёнини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Боғчалар фаолияти тикланиши болаларни нормал маиший ҳаёт, ўйинлар ва таълим жараёнига қайтишига ёрдам беради.

Таъкидланишича, вирус тарқалиши ва уни юқтириб олиш хавфини бартараф этиш мақсадида жорий этилган тақиқ чораларини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча хавфсизлик чоралари ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Аммо болалар ўртасидаги оралиқ масофа, уларнинг ижтимоий фаоллиги, амалий машғулотлари ва ривожлантирувчи ўйинларига халақит бермаслиги лозим.

Вазирлик БМТ Болалар жамғармасининг кўмагида пандемия шароитида МТТларда иш жараёни қандай тамойиллар асосида ташкил этилиши тасвирланган видеоролик тайёрлади. 

69
Иностранные граждане в очереди на дактилоскопическую регистрацию, архивное фото

"Меҳнат бозорини тиклаймиз": Россиянинг йирик иш берувчилари Ўзбекистонга келди

7
Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.

ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Россия Федерациясидаги Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида "Renaissance Heavy Industries" ва "Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi" компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари билан Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.

 

Делегация аъзолари мулоқот давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, эпидемиологик вазиятда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни тартибли, манзилли ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда ишчилар учун зарурий меҳнат шароитлари яратилиб, бунинг учун иш берувчи ташкилот кафил бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Икки томонлама музокараларда йил якунига қадар 4200 нафар фуқарони йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, транспорт, ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, иш ҳақи ва бошқа масалалар бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва "Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти билан танишди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ, 31 июль куни 144 нафар фуқаро ташкиллаштирилган ҳолда Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетган эди.

7