Ўзбекистонда коронавирус: 15 июль асосий хабарлари

1209
(Янгиланган 19:32 15.07.2020)
Бир сутка давомида 473 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 14 466 нафарни ташкил қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 473 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 14 466 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатлари: 56 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида; 60 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги ҳамда тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида; 21 нафари Наманган вилоятида (шундан 16 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафари аҳоли орасида); 19 нафари Андижон вилоятида; 12 нафари Қашқадарё вилояти; 5 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 269 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 8 343 нафарга етди.

Айни пайтда 6 054 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 52 нафар бемор оғир аҳволда, 6 нафар бемор ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолатлари

Тошкентлик 66 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Чилонзор туманида яшовчи 66 ёшли И.И.да (эркак) 5 июлида ҳансираш, йўтал пайдо бўлган ва уй шароитида даволанишни бошлаган.

Аммо аҳволи оғирлашавергач, 8 июль куни тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота туман кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Нафас етишмовчилиги белгилари кучайгани сабабли реанимация бўлимига  ёткизилган. Унга “COVID-19” инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ҳамда сурункали буйрак етишмовчилиги билан кечган.

Ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас, сурункали буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Яна бир ҳолат: пскентлик 37 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Пскент туманида яшовчи, 37 ёшли М.М.да (эркак) жорий йил 3 июлда ҳансираш, йўтал пайдо бўлган ва уй шароитида даволанишни бошлаган.

Аммо аҳволи оғирлашавергач, 9 июлда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

12 июль куни эса беморда ўпка артерияси тромбоэмболияси белгилари бошланган ва сунъий нафас олиш  аппаратига уланган. Унга “COVID-19” инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Ўзбекистонда жами 69 киши пандемия қурбони бўлди.

Хитой – Марказий Осиё

Хитой ва Марказий Осиё ТИВ раҳбарлари 16 июль куни видеоконференция шаклида учрашув ўтказади. Унда коронавирус пандемиясига қарши курашишда ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини ҳамда иқтисодий ўсишга кўмаклашиш механизмларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Ватандошларни олиб келиш

Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини поездлар орқали ҳам олиб келишни бошлаш кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 июлдаги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

“Россиядаги фуқароларимиз билан ҳам мулоқотда бўлиб, биринчи марта темир йўл билан иложи борича тезроқ ватанимизга олиб келиш чораларини кўряпмиз", – деди президент.

Шунингдек, президент барча ҳоким ва 4та сектор раҳбарларига ўзларига тегишли бўлган ҳудудларда дори-дармон ва озиқ овқатлар заҳираларини тайёрлашни буюрди.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 13,3 миллиондан ошди, 578 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (3,4 млн), Бразилияда (1,9 млн), Ҳиндистонда (907 минг).

1209
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (1066)
Девушка в защитной маске со смартфоном в руках - архивное фото

Коронавирусдан тузалганлардан ҳам ниқоб тақиб юриш талаб этилади штаб аъзоси

87
Ўзбекистонда коронавирусни бошдан кечирганларга ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ниқоб тақиб юришлари керак.

ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистонда карантин қоидаларига риоя қилиш учун коронавирусдан тузалганлардан ҳам ниқоб тақиб юриши керак. Бу ҳақда АОКАдаги брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.

Штаб аъзосига касалликни енгил даражада ўтказган фуқаро энди кўчага тиббий ниқобсиз ҳам чиқсам бўлади деган савол билан юзланди. У шифокорлар даволангандан сўнг касалликка иммунитет ҳосил бўлишини айтишганини маълум қилган.

“Касалланиб тузалгандан сўнг иммунитет ҳосил бўлади, лекин бугунги кунда бизда карантин қоидалари бўйича ниқобсиз юриш мумкин эмас. Шунингдек, касалликдан тузалган бўлсангиз ҳам, ҳали организмингиз тикланмаган, тиббий ниқобсиз юриб бошқа юқумли касалликларга чалиниш имкониятингиз кучаяди ва сиз бошқа касаллик билан касалланишингиз мумкин”, - деди Убайдуллаева.

Шу боис тиббий ниқобни карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда тақиб юриш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 25 мартдан жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган. Ушбу ҳаракатни содир этган шахс 1 млн 115 минг сўм миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

87
Студенты в аудитории

Энди контракт тўлай олмаган талаба ўқишдан четлатилмаслиги мумкин

199
Эндиликда контрактни тўлай олмамаган талаба ўқишдан четлатилмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистонда энди контракт тўлай олмаган талаба ўқишдан четлатилмаслиги мумкин. Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, агар талабанинг контрактни тўлашга қурби етмаса, олий ўқув юрти вазиятни ўрганиб чиқади. Кейин шу талабага ёрдам бериб, контрактни қоплаш чорасини кўради.

“Талаба эндиликда контрактни тўлай олмаса, у четлатилмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши масаласи кўриб чиқилади", - деди у.

Мажидов бунда ОТМ томонидан вазият тўлиқ ўрганилгач, қарор қабул қилишини қўшимча қилди.

Шунингдек, вазир 2020-2021-ўқув йилида контракт тўлови миқдори ўзгаришсиз қолишини маълум қилди.

199

Сўх аҳолиси учун Фарғонанинг беш туманида ер ажратилади

256
Сўхликлар учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади.

ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг 5 та туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади. Бу президент қарорида кўзда тутилган.

Ер вилоятнинг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида ажратилади.

Сўх тумани ҳокимига Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилади.

Фарғона вилояти ҳудудида марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига, шунингдек, саноат корхоналарида янги ташкил этилаётган иш ўринларига Сўх тумани аҳолисини кенг жалб қилиш белгиланган.

Фарғонадан Сўхга кичик авиация транспортида қатнов йўлга қўйилади

Шунингдек, президент туманнинг иш билан бандлиги таъминланмаган аҳолисининг бир қисмини Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилиш вазифасини топширди.

256