Коронавирусга чалинганлар сони ошишига тайёр бўлишимиз керак - президент

330
(Янгиланган 12:29 20.07.2020)
Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирусга чалинганлар учун шифохоналарда ўрин-жойлар миқдори камида 2-3 бараварига оширилмоқда.

ТОШКЕНТ, 20 июл – Sputnik. Бугун Ўзбекистонда аниқланган касалларнинг ярмидан кўпи (57%) Тошкент шаҳри ва вилоятида аниқланмоқда. Шу билан бирга касаллар сони янада ошиши мумкин ва шифохоналар шунга тайёр бўлиши керак деди, президент 20 июл куни бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида.

“Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди, дейилган хабарда.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирусга қарши курашда қуйидаги тайёргарлик ишлари кўрилмоқда: 

  • Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19га  шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли “провизор” клиникалар ташкил қилинди;
  • “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли - Тақсимловчи марказ ташкил қилинмоқда;
  • Тошкент вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилди;
  • Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида бир сменада ишлайдиган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди. Тез ёрдам хизматига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди;
  • Хусусий клиникаларга ҳам коронавирусга чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда.

Ундан ташқари, Тошкент шаҳри шифохоналари қўшимча 285 та ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлари билан таъминланди.

Шунингдек, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та “Дамас” амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилди. 

Ва, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.

330
Девушка в защитной маске со смартфоном в руках - архивное фото

Коронавирусдан тузалганлардан ҳам ниқоб тақиб юриш талаб этилади штаб аъзоси

84
Ўзбекистонда коронавирусни бошдан кечирганларга ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ниқоб тақиб юришлари керак.

ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистонда карантин қоидаларига риоя қилиш учун коронавирусдан тузалганлардан ҳам ниқоб тақиб юриши керак. Бу ҳақда АОКАдаги брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.

Штаб аъзосига касалликни енгил даражада ўтказган фуқаро энди кўчага тиббий ниқобсиз ҳам чиқсам бўлади деган савол билан юзланди. У шифокорлар даволангандан сўнг касалликка иммунитет ҳосил бўлишини айтишганини маълум қилган.

“Касалланиб тузалгандан сўнг иммунитет ҳосил бўлади, лекин бугунги кунда бизда карантин қоидалари бўйича ниқобсиз юриш мумкин эмас. Шунингдек, касалликдан тузалган бўлсангиз ҳам, ҳали организмингиз тикланмаган, тиббий ниқобсиз юриб бошқа юқумли касалликларга чалиниш имкониятингиз кучаяди ва сиз бошқа касаллик билан касалланишингиз мумкин”, - деди Убайдуллаева.

Шу боис тиббий ниқобни карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда тақиб юриш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 25 мартдан жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган. Ушбу ҳаракатни содир этган шахс 1 млн 115 минг сўм миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

84
Студенты в аудитории

Энди контракт тўлай олмаган талаба ўқишдан четлатилмаслиги мумкин

189
Эндиликда контрактни тўлай олмамаган талаба ўқишдан четлатилмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистонда энди контракт тўлай олмаган талаба ўқишдан четлатилмаслиги мумкин. Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, агар талабанинг контрактни тўлашга қурби етмаса, олий ўқув юрти вазиятни ўрганиб чиқади. Кейин шу талабага ёрдам бериб, контрактни қоплаш чорасини кўради.

“Талаба эндиликда контрактни тўлай олмаса, у четлатилмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши масаласи кўриб чиқилади", - деди у.

Мажидов бунда ОТМ томонидан вазият тўлиқ ўрганилгач, қарор қабул қилишини қўшимча қилди.

Шунингдек, вазир 2020-2021-ўқув йилида контракт тўлови миқдори ўзгаришсиз қолишини маълум қилди.

189

Сўх аҳолиси учун Фарғонанинг беш туманида ер ажратилади

246
Сўхликлар учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади.

ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг 5 та туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади. Бу президент қарорида кўзда тутилган.

Ер вилоятнинг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида ажратилади.

Сўх тумани ҳокимига Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилади.

Фарғона вилояти ҳудудида марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига, шунингдек, саноат корхоналарида янги ташкил этилаётган иш ўринларига Сўх тумани аҳолисини кенг жалб қилиш белгиланган.

Фарғонадан Сўхга кичик авиация транспортида қатнов йўлга қўйилади

Шунингдек, президент туманнинг иш билан бандлиги таъминланмаган аҳолисининг бир қисмини Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилиш вазифасини топширди.

246