Вазирлик ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқароларга мурожаат қилди

© Sputnik / Алексей КуденкоПодача документов в вузы
Подача документов в вузы - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўқишини кўчириш (тиклаш) истагини билдирган фуқаролардан қабул қилинган ҳужжатлар айрим камчиликлар сабаб қайтарилмоқда.

ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш (тиклаш) истагини билдирган фуқароларга мурожаат қилди.

Хабарда ёзилишича, қабул қилинган аксарият ҳужжатлар қуйидаги сабабларга кўра камчиликларни тўғрилаб қайта юбориш учун қайтарилмоқда:

  • паспорт нусхаси (доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйилган бети билан бирга) тўлиқ ёки сифатли юкланмаган (зеро ўқишни кўчириш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда талабанинг доимий яшаш манзили асословчи сабаблардан биридир);
  • ОТМда ўқиётганлик (ўқиганлик) тўғрисидаги белгиланган шаклдаги ҳужжат (академик маълумотнома ёки рейтинг дафтарчаси ёки транскрипт) нусхаси тўлиқ ёки сифатли юкланмаган;
  • ўқиган (ўқиётган) ОТМ ёки таълим йўналиши номи тўлиқ киритилмаган;
  • мавжуд бўлмаган ОТМ ёки таълим шакли ёки таълим йўналишига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтилган.

Фуқаролардан юқоридаги ҳолатларни инобатга олишлари ва камчиликларни тўғирлаб қайта жўнатишлари сўралган.

Вазирлик рўйхатдан ўтган фуқаролардан ўзларининг шахсий кабинетларига кириб (рўйхатдан ўтишдаги логин ва парол орқали) аризаларининг кўриб чиқилиш ҳолатларини доимий кузатиб боришларини ҳам сўраб қолган.

Таъкидлаш жоизки, ўқишни кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтишнинг сўнгги куни 2020 йил 5 август.

Янгиликлар лентаси
0