Рейдлар бошланди: Бухорода байрам олдидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда

514
Тадбирга 74 нафар ички ишлар органлари, 15 нафар Миллий гвардия ходимлари ва 123 нафар жамоатчилик вакиллари жалб қилинган.

ТОШКЕНТ, 22 авг - Sputnik. Мустақилликнинг 29 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида жамоат тартибни сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Бухоро туманида махсус тезкор-профилактик тадбир ўтказилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ.

Тадбирга 74 нафар ички ишлар органлари, 15 нафар Миллий гвардия ходимлари ва 123 нафар жамоатчилик вакиллари жалб қилинган. 

Тадбирни самарали ўтказиш мақсадида 10 та маҳаллаларда жами 12 та патруллик йўналишлари ташкил этилди.

Таъкидланишича, тадбир давомида маҳалларда паспорт-виза қоидаларини бузиш билан боғлиқ 3 та ҳуқуқбузарлик ҳолати, шунингдек, 28 та бошқа турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳамда 2 нафар фуқарога нисбатан суд қарорларига асосан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Бемақсад юриб фуқаролар осойишталигига зиён етказиши мумкин бўлган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил 98 нафар шахслар ички ишлар органлари ва таянч пунктларига олиб келиниб, улар билан тезкор-профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни тезкор қамровга олиш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида тадбир давомида 2 нафар спиртли ичимликка ружу қуйган шахслар ҳамда 1 нафар рухий касаллар аниқланиб, даволаниш учун соғлиқни сақлаш муассасаларга жойлаштирилган.

Ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган 32 нафар шахслар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Бундан ташқари маҳаллаларда фаолият юритаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, дўконлар, дорихона ва шунга ўхшаш объектларда карантин талабларига риоя қилиш ҳолатлари ўрганилиб, огоҳлантирув профилактик тарғибот ишлари олиб борилган.

Махсус тезкор-профилактик тадбирни ўтказиш давомида илгари судланган шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишини олдини олиш мақсадида 18 нафар илгари судланган шахслар яшаш манзилларига бориб текширилиб, маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 2 нафар шахсларга нисбатан маъмурий назоратга ўрнатилган.

Йўл-патруль хизмати масканлари, "Жамоатчилик назорати масканлари" ва бошқа объектларда 184 та автотранспорт воситалари текширувдан ўтказилган. 

Мазкур йўналишдаги тадбирлар вилоятнинг бошқа барча туман(шаҳар)ларида ҳам давом эттирилмоқда.

514

Сув, куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Мирзиёев видеоселектор ўтказди

111
Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Касаллик ҳамон бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётгани, сўнгги кунларда юртимизда ҳам беморлар сони кўпайгани афсус билан қайд этилди. Темир интизом ва тартибни таъминлаб, барча жойларда санитария талабларига қатъий амал қилиш кераклиги яна бир бор таъкидланди.

Куз мавсумида шамоллаш кўпайиши, коронавирусга қўшимча бошқа касалликларнинг ортишини инобатга олиб, беморлар учун яратилган захира ўринларини кўпайтириш, зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини, 65 ёшдан ошган кексаларни гриппга қарши эмлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ушбу тажриба асосида келгуси йил учун мўлжалланган 28 та янги лойиҳани маҳаллий кенгашлар билан келишиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, жорий йилда якунига етказиладиган 360 та лойиҳани қабул қилиб олиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда мамлакат бўйлаб 27 та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Мавжуд 70 минг километр сув қувурларининг 32 фоизи эскирган. Оқибатда улардаги йўқотишлар даражаси 40-50 фоизни ташкил этмоқда. Бу йилига қарийб 500 миллион куб метр сув ёки ўртача 300 миллиард сўм дегани. Бундан ташқари, жойлардаги насос ускуналари ва махсус техникалар ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.

Шу боис келгуси йилдан инвестиция дастурларида соҳага ажратилаётган маблағнинг 10 фоизини сув объектларига энергия тежовчи ускуналар ўрнатиш ҳамда махсус техникалар харид қилиш учун йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 

Бу йил қиш совуқ келиб, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2-5 даража паст бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан  Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, куз-қишга тайёргарлик юзасидан Тошкент шаҳрининг 12 та тумани, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилиш топширилди.

Ўзбекистон Бош вазири Тошкент шаҳри туманларига, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари вилоятларга шу масалалар бўйича масъул этиб бириктирилди. Тайёргарлик ишларини, энг аввало, бу борада аҳвол оғир бўлган 56 та туман ва шаҳардан бошлаш кераклиги таъкидланди.

1 ноябрга қадар 3 мингдан зиёд таъмирга муҳтож кўп қаватли уйни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, 131 та ижтимоий соҳа объектини мукаммал ва 3 мингтасини жорий таъмирлаш вазифаси қўйилди. Тиббиёт ва таълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди.

Бу йил куз-қиш мавсуми учун 6 миллион тонна кўмир маҳсулотлари зарурлиги қайд этилиб, уларни ғамлаш ва етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Кўмир арзон бўлиши учун уни импорт қилувчи тадбиркорларга темир йўлда ташиш бўйича чегирма бериш муҳимлиги таъкидланди.

Бош прокуратурага кўмир нархини асоссиз ошириб юбориш, тамагирлик ва талон-торож ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кўрсатма берилди.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятига табиий газ танқис ҳудудларга 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Жорий мавсумда электр энергиясига талаб ўтган йилгига нисбатан 7,5 фоиз кўп бўлиши кутилмоқда. Бу соҳа барқарор ишлаши учун иссиқлик электр станцияларини табиий газ ва мазут билан таъминлаш, электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни таъмирлаш муҳимлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида ҳукумат аъзолари, тегишли тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.

111
Медицинский работник

Ўзбекистонда коронавирус: 18 сентябрь асосий хабарлари

356
(Янгиланган 18:50 18.09.2020)
Сутка давомида 492 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 50 253 нафарни ташкил қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 492 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 50 253 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 228 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 10 нафари Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Соғайиш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 435 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 46 527 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 93 фоиз.

Айни пайтда 3 307 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Оққўрғон туманида яшаган 78 ёшли О.Ш. (аёл), Термиз шаҳрида яшаган 36 ёшли С.В. (эркак), Шайхонтоҳур туманида яшаган 83 ёшли Т.М. (эркак), Зангиота туманида яшаган 42 ёшли Д.М. вафот этди.

Ўзбекистонда жами 419 киши пандемия қурбони бўлди.

Россиялик шифокорлар ташрифи

Москвадан 35 нафар шифокорлар COVID-19га қарши курашда Ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам бериш мақсадида Тошкентга жўнаб кетишди.

Ёрдам бригадаси таркибида инфекцинистлар, анестезиологлар, рентгенологлар, лаборатория диагностлари, пульмонологлар, эпидемиологлар, болалар шифокорлари ва тиббий ҳамширалар бор.

Шифокорлар иш бошлаш учун керакли бўлган индивидуал ҳимоя восталари билан таъминланган. 

Самарадан чартер

Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси 23 сентябр куни Самара шаҳридан Тошкентга амалга ошириладиган чартер қатновига эркин сотув очилганини маълум қилди. Чипта нархи 352 доллар.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 30,2 миллиондан ошди, 947 минг киши вафот этди, 20,6 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (6,7 млн), Ҳиндистонда (5,2 млн), Бразилияда (4,5 млн).

356
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси
Узбекские милиционеры рядом с патрульной машиной

Қашқадарёда мактаб директори ўз жонига қасд қилди. У вафотидан олдин хат ёзиб қолдирган

532
Шунингдек, маълумотларга кўра, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган

ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Бош прокуратура матбуот-хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилоятида мактаб директори ўз жонига қасд қилганлиги, вафотидан олдин хат ёзиб қолдирганлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Мактубда келтирилишича, директор суиқасд олдидан хат ёзган ва унда барча ҳамкасбларидан коррупцияга йўл қўймасликни ўтиниб сўраган.

"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", - дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, маълумотларга кўра, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган.

Ҳозирда туман халқ таълими, ички ишлар бўлимлари ҳамда махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази туман бўлимининг мутасадди ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Текшириш ҳаракатлари давом этмоқда.

532