Пустой класс в школе

Ўзбекистон бўйлаб мактаблар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда: тафсилотлар

454
(Янгиланган 14:46 29.08.2020)
Ўзбекистонда давлат мактаблари ўз фаолиятини 14 сентябрдан бошлайди. Ўтказилган махсус сўровнома натижаси ота-оналарнинг 76 фоизи таълим мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб борилиши тарафдори эканликларини билдирганлар

ТОШКЕНТ, 29 авг - Sputnik. Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили 14 сентябрдан бошланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Сўровнома натижалари

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларни очиш борасида алоҳида сўровнома эълон қилинган эди. Сўровда 5 миллион 500 минг нафар ота-она иштирок этган. Уларнинг 76 фоизи таълим жараёнини мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб бориш тарафдори эканликларини билдирганлар, қолган 24 фоизи эса масофавий шаклда – теледарслар орқали давом эттиришни маъқул кўришган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мактабларда таълим анъанавий, шу билан бирга масофавий шаклда йўлга қўйилиши белгиланди.

Ҳаракатлар схемаси

Айни вақтда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилган. Тажриба асосида ўқувчиларни мактабда ким кутиб олиши, қайси синф қайси эшикдан кириши, синфхоналарнинг ҳавоси қачон алмаштирилиши каби ҳар бир қадам аниқ белгилаб олинади.

Пандемия даврида мактаб директори, синф раҳбари ва ота-она ўртасидаги мулоқотни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш мақсадида уйдан таълим оладиган ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кундалик мониторинг қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, пандемия даврида мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш - қабул қилиниши жуда қийин бўлган масалалардан биридир. Шу кунларда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус дунёда коронавирус касаллиги яна икки йилгача давом этиши мумкинлигини билдирди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш пандемия сабабли кўп давлатларда тўхтаб қолган таълим жараёни оқибатлари келгусида дунё ҳамжамияти учун ўта оғир бўлиши мумкинлигини айтди. Бу дегани "барчамиз пандемия шароитида коронавирус билан яшаш, ишлаш ва фарзандларимизни ўқитишга тайёр бўлишимиз керак".

Бирламчи воситалар билан ҳокимликлар таъминлайди

Айни вақтда туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларига мактабларни санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар билан тўлиқ таъминлаш вазифаси қўйилди. Санитария хизмати марказлари 5 сентябрга қадар ўз ҳудудидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиб, жамоага қўшимча ўқув-тренинглар ўтади. Бундан мақсад – мактабларга амалий ёрдам кўрсатиб, ота-оналарнинг кўнглини хотиржам қилишдир.

Маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ўз туманидаги эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади.

"Мактаб" тариф режаси ва интернет масаласи

Видеодарсларни сифатли тайёрлаш, бу жараёнга давлат ва нодавлат телеканалларини фаол жалб этиш, 3 та телеканалда доимий эфирга узатиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жойларда рақамли телевидение сигнали ва интернет тезлигини таъминлаш, чекка ҳудудлардаги коммуникация тизимларини тўлиқ тестдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли "Мактаб" тариф режаси жорий этилиши айтилди.

Таълим муассасаларидаги тозалик ва озодаликни сақлаш, синфхоналар ва атрофни дезинфекция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир мактабга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этилишини назорат қилади.

Ўқувчилар соғлигидан доимий хабардор бўлиш мақсадида ҳудудий поликлиника ёки врачлик пунктларидан камида бир нафардан тиббиёт ходими жалб этилади.

Тадқиқотлар ёш болаларда вирус енгил кечишини кўрсатмоқда. Бироқ ўқувчилар инфекциянинг ташувчисига айланиб қолишлари мумкин. Улар ўзлари билмаган ҳолда устозлари ёки оила аъзоларига, айниқса ёши улуғ кишиларга юқтириши хавфини ҳам инкор этиб бўлмайди.

454
Сбор урожая хлопка в Изобильненском районе Ставропольского края. Впервые за 50 лет на Ставрополье собирают урожай хлопка.

Бу йил пахта теримчиларнинг маоши қандай бўлади?

13
(Янгиланган 10:56 22.09.2020)
Пахта қўлда териш неча пул? Шартнома ким билан имзоланади? Мажбурий меҳнатга йўл қўйиладими? Меҳнат вазирлиги вакили пахта терими мавсумида ҳар йили кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган энг муҳим саволларга жавоб берди.

ТОШКЕНТ, 22 сен – Sputnik. Ўзбекистонда пахта терими мавсуми бошланмоқда. Кеча Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулрух Ниёзметова иштирокида ушбу долзарб мавзуга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар ёритилди.

Шартнома ва маош

Пахта даврида ёлланма теримчилар ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ёки фермер хўжалиги ўртасида фуқаролик ҳуқуқий шартнома тузилади. Пахта тўқимачилик кластерлари ёки фермер хўжалигида доимий ишлаб келаётган ишчилар билан ҳам пахта териш бўйича қўшимча меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Шартномада меҳнат шароитлари ва иш ҳақи аниқ кўрсатилган бўлиши шарт.

Ўзбекистонда пахтани қўлда териш учун энг кам маош қонун томонидан белгиланган. 

Хусусан, ёлланма теримчиларга терим учун пуллар пахтанинг килограмми учун 1-теримда 1000 сўмдан, 2-теримда 1400 сўмдан кам бўлмаслиги керак. Ушбу нархлар шартномада белгиланади. 

Ундан ташқари, қўйидаги ҳудудларда терилган ҳар бир килограм пахта учун Давлат бюджети ҳисобидан қўшимча 200 сўм устама тўланади:  Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида.

Теримчиларнинг ойлик маошлари ҳар 5 кунда (дам олиш кунларидан қатъий назар), зарурат бўлганда ҳар куни даланинг ўзида тарқатилади.   

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тмонидан 2020 йилнинг сентябрь ойи бошланишига қадар “Мажбурий меҳнатдан огоҳ бўлинг!” номли услубий қўлланмалар республиканинг барча маҳалла ходимларига тарқатилган. Бундан кўзланган асосий мақсад – махалла фуқаролар йиғини ходимларининг мажбурий меҳнат тўғрисидаги ҳабардорлигини оширишдир.

Албатта ишсиз фуқаролар қўшимча даромад топиш мақсадида ўз хоҳишларига кўра пахта теришга жалб қилиниши мумкин. Бунда уларга барча меҳнат шароитлари ва маош тўланади.

Шунингдек, бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлар ҳам ишдан бўш вақтларида, яъни шанба ва якшанба кунлари қўшимча даромад топиш мақсадида фақатгина ўз ҳохишларига кўра пахта теримида иштирок этишлари мумкин.

13

Ўзбекистонда 1,5 миллион бола мактабга қатнаб ўқий бошлади - ХТВ

35
(Янгиланган 10:35 22.09.2020)
Мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчиларнинг таълим олиши эса "Онлайн-мактаб" лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланмоқда.

ТОШКЕНТ, 22 сен - Sputnik. Ўзбекистон бўйича анъанавий таълим жараёнлари бошланган мактаблар сони 4 379 тага етди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳудудлардаги эпидемиологик вазият, таълим даргоҳи ва соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиққан ҳолда 21 сентябрдан бошлаб республика бўйича жами 4 379 та (43,9 фоиз) мактаб тўлақонли равишда ишламоқда.

Мазкур мактабларда 2,1 миллион нафар (34 фоиз) ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улардан 1,5 миллион нафари (72 фоиз) анъанавий, қолган 595 минг нафари (28 фоиз) онлайн шаклда таълим олмоқда.

Мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчиларнинг таълим олиши эса "Онлайн-мактаб" лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланмоқда.

Деновда очилган 9 та мактаб яна фаолиятини тўхтатди >>>

Аввалроқ Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси 14 сентябрдан бошлаб 139 та мактаб ўз фаолиятини анъанавий шаклда бошлагани тўғрисида хабар берганди. Дарслар бошланганидан бир кун ўтиб, яъни 15 сентябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги 40, 262-сонли мактабларда анъанавий ўқув жараёни коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият барқарор бўлгунга қадар вақтинчалик тўхтатилганди. Орадан икки кун ўтиб тумандаги яна бир мактабда анъанавий ўқув жараёни вақтинча тўхтатилди.

Кейинроқ Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси 2020 йил 21 сентябрда фаолиятини анъанавий тарзда бошлайдиган мактаблар рўйхатини келтириди. Фарғонада 162 та, Самарқандда эса 38 та мактабда анъанавий дарслар бошланган.

35
Флаги Узбекистана и Туркменистана

Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт-коммуникация йўлагини шакллантиришни муҳокама қилди

6
Икки мамлакат “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилди.

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар навбатдаги раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра,  музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, сув хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва алоқаларни ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган олий даражадаги келишувларнинг бажарилишини таҳлил қилдилар ва қўшма тадбирларни ўтказиш муддатлари, шу жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги раунди, Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш муддатлари тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқдилар.

“Транспорт, транспорт-коммуникациялари ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Вазирлар “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилдилар”, - дейилган хабарда.

Музокараларда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор бериб, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари кўриб чиқилди.

6
Теглар:
ҳамкорлик, Туркманистон, Ўзбекистон