"Ҳақиқий жентельмен": леди Гули нега лордга турмушга чиққанини тушунтирди

3716
(Янгиланган 20:26 11.09.2020)
Гули хоним Шейх суҳбат давомида Самарқандда содир бўлган хунук воқеа - аёл кишининг эр томонидан аёвсиз калтакланиши ҳолати ҳақида тўхталар экан, ушбу ҳодисани қоралашини билдирди ва "Ўзбекистонда Гендер тенгликни ривожлантириш керак деб ўйлайман", дея қўшимча қилди.

ТОШКЕНТ, 11 сен - Sputnik. Буюк Британия парламенти аъзоси — лорд Муҳаммад Илтаф Шайхга турмушга чиққан ўзбекистонлик Гули Мурадова кўпчиликни қизиқтирган "нотенг никоҳ" масаласига тўхталиб ўтди. Гули хоним Шейх ушбу саволга Лондонга учиб кетиши олдидан Sputnik Ўзбекистон мухбири билан бўлган суҳбатда тўхталиб ўтган.

Гап шундаки, леди Гули суҳбат давомида яқиндагина Самарқандда содир бўлган хунук воқеа - аёл кишининг эр томонидан аёвсиз калтакланиши ҳолати ҳақида тўхталар экан, ушбу ҳодисани қоралашини билдирди ва "Ўзбекистонда Гендер тенгликни ривожлантириш керак деб ўйлайман", дея қўшимча қилди.

"Ҳанузгача эр-хотин ўртасидаги тенгсизлик, аёлларга нисбатан паст назар билан қараш, куч ишлатиш ёки зўравонликлар қулоғимизга чалиниб турибди. Англияда аёлларга нисбатан зўравонликлар содир бўлмайди, демоқчи эмасман. Лекин кам, жуда кам ҳолатларда аёлларга нисбатан зўравонликлар ёки куч ишлатиш ҳолатлари юз бериши, мумкин. У ҳам бўлса маст ҳолатда юз берган бўлиши мумкин. Буюк Британияда агар аёлни эр ҳимоя қила олмаса, уни ҳуқуқ ҳимоя қилади", - дейди Гули хоним Шейх.

У шу ўринда, барча учун бирдек қизиқ бўлган, нега ўзидан анча ёши катта инсонга - лордга турмушга чиққани ҳақида гапириб ўтди.

"Биласизми, мен ҳурмат, меҳр ва иззатни аввалдан шу турмуш ўртоғимдан топганман. Лорд нафақат мени, балки ер юзидаги барча аёлларни ҳурмат қиладиган ҳақиқий жентельмен. У киши кўчада садақа сўраб ўтирган аёлни кўрганида ҳам, "аёл, боласи бордир, ноилож кўчада юрибди", дея қўлига пул бериб келадилар", - дея лордга таъриф беради леди.

Шу боис "шахсий ҳаётимда тўғри танловни амалга оширганимга ишончим комил", дея қўшимча қилади.

Келажакдаги режалари билан ўртоқлашар экан, Гули хоним Шейх тез орада Ўзбекистонга қайтиб, Бухородан ҳовли сотиб олмоқчилигини айтади.

"Хабарингиз бўлса, яқинда Бухоронинг айрим ҳудудларида юз берган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли аҳоли хонадонлари вайроналарга айланди. Камига пандемия ҳам айнан шу вақтларга тўғри келиб қолди. Кетма-кет юз берган бу синовлар ортидан халқ қийналиб қолди. Шу боис Бухоронинг Қоракўл, Жондор ва Олот туманларига бориб, оз бўлсада хайрия қилиб, уларга руҳан мадад бўлишга аҳд қилдим. Биласизми, бу халқнинг меҳмондўстлиги, очиқ чеҳралилигини кўриб уларга меҳрим тушди. Айниқса, Жондор тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, туман Кенгаши депутати Латофат Беҳбудова билан жуда иноқ бўлиб, дўстлашиб қолдик. Ўзим аслида ўн беш йил давомида Англияда яшаган бўлсам, катта-катта қиролликларда меҳмон бўлганман, аммо Бухоро халқидаги каби меҳмондўстликни, ҳокисорликни ҳеч қаерда учратмадим", - дейди у тўлқинланиб.

Гули хоним Шейх, шунингдек, Ўзбекистон аэропортлари, банклари, туризм соҳаси, ресторан дейсизми, касалхоналардан дорихоналаргача ҳамма соҳани қамраб олган, мижозга хизмат кўрсатиш бўйича этика маданиятини ривожлантириш лойиҳасини тузганлигини айтди.

" Биласизми, Буюк Британияда хоҳ туризм бўлсин, хоҳ бошқа соҳа, мижозни эътибор ва хушмуомалалик билан жалб этишга ҳаракат қилишади. Имкон қадар мижознинг диди ва у ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлиб, унинг кўнглини топишга, шу йўл орқали маҳсулотини ўтказишга уринади. Шунингдек, ўз иши ва мижознинг хизматига масъулият билан ёндашилади. Хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги ходим ишчиларнинг муомаласи, тили ва этикаси бошқача. Бироқ афсуски, Ўзбекистонда мен мана шу томондан бир оз камчиликларни пайқагандек бўлдим. Шу боис айнан шу йўналишда лойиҳа яратиб, Ўзбекистондаги хизмат кўрсатиш соҳаларида Буюк Британия маданиятини тарғиб қилмоқчиман", - деди суҳбат якунида Гули Муродова.

3716

Сув, куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Мирзиёев видеоселектор ўтказди

89
Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Касаллик ҳамон бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётгани, сўнгги кунларда юртимизда ҳам беморлар сони кўпайгани афсус билан қайд этилди. Темир интизом ва тартибни таъминлаб, барча жойларда санитария талабларига қатъий амал қилиш кераклиги яна бир бор таъкидланди.

Куз мавсумида шамоллаш кўпайиши, коронавирусга қўшимча бошқа касалликларнинг ортишини инобатга олиб, беморлар учун яратилган захира ўринларини кўпайтириш, зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини, 65 ёшдан ошган кексаларни гриппга қарши эмлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ушбу тажриба асосида келгуси йил учун мўлжалланган 28 та янги лойиҳани маҳаллий кенгашлар билан келишиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, жорий йилда якунига етказиладиган 360 та лойиҳани қабул қилиб олиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда мамлакат бўйлаб 27 та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Мавжуд 70 минг километр сув қувурларининг 32 фоизи эскирган. Оқибатда улардаги йўқотишлар даражаси 40-50 фоизни ташкил этмоқда. Бу йилига қарийб 500 миллион куб метр сув ёки ўртача 300 миллиард сўм дегани. Бундан ташқари, жойлардаги насос ускуналари ва махсус техникалар ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.

Шу боис келгуси йилдан инвестиция дастурларида соҳага ажратилаётган маблағнинг 10 фоизини сув объектларига энергия тежовчи ускуналар ўрнатиш ҳамда махсус техникалар харид қилиш учун йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 

Бу йил қиш совуқ келиб, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2-5 даража паст бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан  Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, куз-қишга тайёргарлик юзасидан Тошкент шаҳрининг 12 та тумани, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилиш топширилди.

Ўзбекистон Бош вазири Тошкент шаҳри туманларига, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари вилоятларга шу масалалар бўйича масъул этиб бириктирилди. Тайёргарлик ишларини, энг аввало, бу борада аҳвол оғир бўлган 56 та туман ва шаҳардан бошлаш кераклиги таъкидланди.

1 ноябрга қадар 3 мингдан зиёд таъмирга муҳтож кўп қаватли уйни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, 131 та ижтимоий соҳа объектини мукаммал ва 3 мингтасини жорий таъмирлаш вазифаси қўйилди. Тиббиёт ва таълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди.

Бу йил куз-қиш мавсуми учун 6 миллион тонна кўмир маҳсулотлари зарурлиги қайд этилиб, уларни ғамлаш ва етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Кўмир арзон бўлиши учун уни импорт қилувчи тадбиркорларга темир йўлда ташиш бўйича чегирма бериш муҳимлиги таъкидланди.

Бош прокуратурага кўмир нархини асоссиз ошириб юбориш, тамагирлик ва талон-торож ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кўрсатма берилди.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятига табиий газ танқис ҳудудларга 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Жорий мавсумда электр энергиясига талаб ўтган йилгига нисбатан 7,5 фоиз кўп бўлиши кутилмоқда. Бу соҳа барқарор ишлаши учун иссиқлик электр станцияларини табиий газ ва мазут билан таъминлаш, электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни таъмирлаш муҳимлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида ҳукумат аъзолари, тегишли тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.

89
Медицинский работник

Ўзбекистонда коронавирус: 18 сентябрь асосий хабарлари

288
(Янгиланган 18:50 18.09.2020)
Сутка давомида 492 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 50 253 нафарни ташкил қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 492 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 50 253 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 228 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 10 нафари Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Соғайиш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 435 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 46 527 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 93 фоиз.

Айни пайтда 3 307 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Оққўрғон туманида яшаган 78 ёшли О.Ш. (аёл), Термиз шаҳрида яшаган 36 ёшли С.В. (эркак), Шайхонтоҳур туманида яшаган 83 ёшли Т.М. (эркак), Зангиота туманида яшаган 42 ёшли Д.М. вафот этди.

Ўзбекистонда жами 419 киши пандемия қурбони бўлди.

Россиялик шифокорлар ташрифи

Москвадан 35 нафар шифокорлар COVID-19га қарши курашда Ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам бериш мақсадида Тошкентга жўнаб кетишди.

Ёрдам бригадаси таркибида инфекцинистлар, анестезиологлар, рентгенологлар, лаборатория диагностлари, пульмонологлар, эпидемиологлар, болалар шифокорлари ва тиббий ҳамширалар бор.

Шифокорлар иш бошлаш учун керакли бўлган индивидуал ҳимоя восталари билан таъминланган. 

Самарадан чартер

Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси 23 сентябр куни Самара шаҳридан Тошкентга амалга ошириладиган чартер қатновига эркин сотув очилганини маълум қилди. Чипта нархи 352 доллар.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 30,2 миллиондан ошди, 947 минг киши вафот этди, 20,6 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (6,7 млн), Ҳиндистонда (5,2 млн), Бразилияда (4,5 млн).

288
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси
Узбекские милиционеры рядом с патрульной машиной

Қашқадарёда мактаб директори ўз жонига қасд қилди. У вафотидан олдин хат ёзиб қолдирган

380
Шунингдек, маълумотларга кўра, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган

ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Бош прокуратура матбуот-хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилоятида мактаб директори ўз жонига қасд қилганлиги, вафотидан олдин хат ёзиб қолдирганлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Мактубда келтирилишича, директор суиқасд олдидан хат ёзган ва унда барча ҳамкасбларидан коррупцияга йўл қўймасликни ўтиниб сўраган.

"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", - дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, маълумотларга кўра, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган.

Ҳозирда туман халқ таълими, ички ишлар бўлимлари ҳамда махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази туман бўлимининг мутасадди ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Текшириш ҳаракатлари давом этмоқда.

380