Автомобиль магнитофони овозини баланд қилиб қўйганлик учун жарима жорий этилади

© Sputnik / Евгений Биятов / Медиабанкка ўтишПрезентация LADA Vesta
Презентация LADA Vesta - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда аҳоли пунктида автомобиль магнитофони овозини баланд қилиб қўйганлик учун жарима жорий этилади

ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасининг биринчи қисмига қўшимчалар киритилиб, ушбу модда қўйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

“Товуш сигналини сабабсиз бериш, аҳоли пункти ерларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланиш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш” сўзлари билан тўлдирилмоқда.

Мазкур модда биринчи қисмининг санкциясидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги жарима уч баравари миқдорига ўзгартирилмоқда.

“Статистик маълумотларга кўра, 2018 йилда 6 466 нафар, 2019 йилда 9 911 нафар ҳамда 2020 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида 8 763 нафар (жами 25 140 нафар) транспорт воситалари ҳайдовчилари белгиланмаган жойларда фақатгина товуш сигналини сабабсиз бериши ва транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи қурилмаларни ўрнатиши билан боғлиқ қоидабузарликларни содир этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида автомобиль салонида товуш баландлиги 85 дБ дан баланд бўлмаслиги ҳамда кўпи билан 8 соат тинглаш тавсия этилган. Шу билан бир қаторда товуш баландлиги 90 дБ бўлганда 2,5 соат, 95 дБда 47 дақиқа, 100 дБда 15 дақиқа, 105 дБда 4 дақиқа, 115 дБда 28 сония, 120 дБда 9 сониядан ортиқ тинглаш инсон саломатлигига салбий таъсир қилиш ва карликка сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилади”, - дейилган ҳужжат тушунтириш хатида.

Айни вақтда лойиҳа фаол муҳокама қилинмоқда, фойдаланувчилар томонидан 37 та таклиф киритилди.   

Янгиликлар лентаси
0