ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Иқтисодиёт факультети 3-босқич талабаси Достонбек Рустамов Нурсултон шаҳрида ўтказилган “МДҲнинг энг яхши талабаси-2020” халқаро танловида фахрли I ўринни эгаллади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Танловда 14 мамлакат вакиллари “Рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни бошқариш” йўналиши бўйича иштирок этди.
Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади МДҲ давлатларининг олий таълим муассасалари талабаларини қўллаб-қувватлаш, илм-фан, техника ривожланишига ҳисса қўшаётган ёшларни аниқлаб, уларни муносиб рағбатлантириш ҳисобланади.
Танлов натижаларига кўра, Достонбек Рустамовнинг илмий ишлари, қўлга киритган ютуқлари ва танлов давомидаги саралаш жараёнлари ҳисобга олинган ҳолда I ўринга муносиб деб топилди.
У “МДҲнинг энг яхши талабаси-2020” ёзуви туширилган кўкрак нишони ва I даражали диплом билан тақдирланди.
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Шахматни 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди. Бунда 2025 йилга қадар шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сонини 3 фоизга етказиш назарда тутилган.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
2021 йилдан бошлаб ҳар йили бир ой давомида мактабларда “Шахмат ойлиги” ташкил этилади.
2021 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида Президент соврини учун халқаро шахмат турнири, Ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Г.Т. Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир, шунингдек, шахмат бўйича XVII Жаҳон чемпиони Р.М. Қосимжонов халқаро турнири, Самарқанд шаҳрида “Соҳибқирон кубоги” халқаро шахмат турнири, Хива шаҳрида “Ал-Беруний” халқаро шахмат турнири, Бухоро, Термиз ва Хива шаҳарларида “Туризм ва шахмат ҳафталиги” ташкил этилади.
Шунингдек, шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон шахмат клублари ассоциацияси ташкил этилди.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади.
Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.
ТОШКЕНТ, 16 янв - Sputnik. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков журналистларга берган интервьюсида ҳозирги барқарор вазият – алдамчи эканлиги, фуқаролар вазиятни мураккаблаштирмаслик учун коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши жорий этилган профилактик тадбирларга амал қилишлари, жумладан, тиббий ниқоблардан фойдаланишда давом этишлари зарурлигини таъкидлади.
"Вазиятни мураккаблаштириб юбориш ўз қўлимизда. Буни зинҳор ёддан чиқаришимиз керак эмас. Негаки, коронавирус бўйича белгиланган профилактик тадбирларни вақтида амалга оширмаслик ёки карантин тадбирларига риоя этмаслик нечоғлик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини биз ҳаётимизда икки маротаба синаб кўрдик", - деди Отабеков ва ҳозирда кўчаларда одамлар орасида ниқобларни тақишни бутунлай унутганлар кўп учраётганига, ижтимоий масофага амал қилинмаётганига эътибор қаратди.
Отабековга кўра, фуқароларда жамоат жойлари, гавжум жойларга бориш, тадбирларни уюштиришга интилиш пайдо бўлаяпти.
"Албатта, вазиятни тўғри тушунамиз, халқимиз бирмунча зериккан. Лекин энг асосиий жиҳат - биз дока ниқобни тақмаслик учун эмас, тақиш учун сабаб қидиришимиз керак бўлади. Шундагина биз ўйлаган мақсадимизга етамиз. Вазият жиловдан чиқиб кетса, қолаверса, карантин ва чеклов тадбирлари яна кескин кучайтирилишига мажбур бўладиган бўлсак, ҳаётимиз яна издан чиқади. яна қийинчиликларга рўбаро келишимиз мумкин", - дея огоҳлантирди эпидемиолог.
Ҳали дунё ҳамжамиятида касаллик қайд этилаётган экан, бир кунда 700 мингдан ортиқ беморлар қайд этилаётган бир пайтда биз бу ҳолатга эътиборсиз бўлишимиз керак эмас, деб қўшимча қилди Отабеков.
Нурмат Отабековнинг фикрича, ҳозирги барқарорликни алдамчи барқарорлик сифатида қабул қилиш керак, албатта, бу олиб борилаётган машаққатли меҳнат самараси бўлса-да, аммо вазиятни издан чиқариб юбориш эҳтимоли борлигини зинҳор унутмаслик керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони шу кунгача 78 мингга яқинлашмоқда. Дунё бўйича вирусни юқтирган беморлар сони эса 93 миллиондан ошган.
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. 2020 йил давомида республика бўйича жами 1148 та жиноят иши бўйича 1723 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 835 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 227 нафари фирибгарлик, 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 58 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 25 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 16 нафари мансаб сохтакорлиги ва 399 нафари бошқа жиноятларни содир этишган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 355,7 млрд. сўми ундирилган.