ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Наманган шаҳрининг Бунёдкор маҳалласини бориб кўрди.
Бу ердаги аҳвол маҳалла номига зид. Ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган. Маҳалла идорасининг ўзи ҳам ҳароб, бино орқасида чиқиндилар ётибди.
Давлат раҳбари маҳалла раиси ва маслаҳатчиси билан мулоқотда бўлди.
- Сизлар одамларни уюштиришингиз, бошқаларга ўрнак бўлишингиз керак. Шу маҳалланинг эгаси-ку сизлар! Мўмин-мусулмон-ку сизлар! Дарахт экса бўладими? Чиқиндини тозалатиб қўйса бўладими? Деворни оқласа бўладими? Шунга кўп нарса керакми? Биз маҳаллага шунча эътибор қаратяпмиз, катта ваколатлар беряпмиз. Бу ҳолатда қандай ислоҳотчи бўласизлар, одамларни қандай эргаштирасизлар, - дея саволлар қўйди Шавкат Мирзиёев.
Президент Наманган шаҳар ҳокими ва ушбу маҳаллага масъул сектор раҳбари бўлган шаҳар прокурорига ҳам танбеҳ берди.
- Баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Қандай виждон билан лавозимда ўтирибсизлар?! Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Аҳволни қаранглар, бу сизнинг юзингиз, - деди давлат раҳбари.
Шу ерга тўпланган аҳоли билан ҳам мулоқот бўлди. Нуронийлардан бири маҳаллада ичимлик суви, табиий газ, ишлаб чиқариш корхонаси йўқлигини, йўллар таъмирга муҳтожлигини айтди.
“Мен шунинг учун келганман,” - деди президент.
Мутасаддиларга зарур муҳандислик тармоқларини тортиб, маҳалладаги шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатма берилди.
ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансурнинг ўғли Абдулбосит Мансуров вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.
Идора Шайх Абдулазиз Мансурнинг фарзанди вафоти муносабати билан унинг барча оила аъзоларига таъзия билдирди.
ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Доктор ва телебошловчи Александр Мясников аёллар соғлиғи учун энг фойдали маҳсулотларни маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда, D витамини билан биргаликда калций истеъмол қилишга эътибор қаратиш лозим. Бу меъёрни тўлдириш учун у – треска балиғи жигарини истеъмол қилиш, калций учун эса - пишлоқ, йогурт, сут, творог ва апелсин шарбатини тасвия қилди.
Мясников эстроген аёлнинг саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини, бу соя дуккаклари, тофу пишлоғи, зиғир ёғи, қизил узум, шафтоли ва саримсоқ истеъмол қилиш билан кўпайтириш мумкин, деб таъкидлади. Шунингдек, у доимий равишда етарлича тўйинмаган ёғларни истеъмол қилишни тавсия қилди.
"Яна бир жуда фойдали маҳсулот - бу брокколи: у онкологияни олдини олади, этарли миқдордаги турли хил микроэлемент ва витаминларни ўз ичига олади. Бу жуда фойдали ва аёлларда кўпинча этишмаётган нарса, айниқса ҳомиладорлик даврида", - деди шифокор “Россия 1" телеканали эфирида.
ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Сурия президенти Башар Асад ва унинг рафиқаси Асма хоним коронавирусга чалинди, деб хабар қилди Сурия етакчиси девони.
“Улар COVID-19 белгиларига ўхшаш енгил аломатларни бошдан кечиргач, президент Башар Асад ва Асма хоним ПЦР-тестини топширишди. Таҳлил натижаси мусбат чиққан", - дейилган хабарда.
Баёнотда айтилишича, Башар Асад ва рафиқасининг аҳволи барқарор ҳолатда.
Сурия президенти ва унинг рафиқаси икки-уч ҳафта давом этадиган уй карантини даврида ўз вазифаларини давом эттиришади.