ТОШКЕНТ, 20 фев - Sputnik. Йўл-ҳаракати қоидабузарликларини қайд этиш жараёнига тадбиркорларни жалб этишга доир саволга ИИВ ЙҲХББ бошлиғи Илҳом Идиров жавоб берди.
Савол: Маълумки, Ўзбекистон президентнинг қарорига асосан, йўл-ҳаракати қоидабузарликларини қайд этиш воситалари тадбиркорларга ҳам бериладиган бўлди. Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг айрим вакиллари томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, фуқароларни жаримага тортиш ва шу каби жараёнлар давлат органлари қўлида бўлиши керак, тадбиркорлар бунга жалб этилиши керак эмас, деган фикр бор. Ушбу масалага ЙҲХББнинг муносабати қандай?
Президентимизнинг 4913-сонли қарори билан давлат органларининг айрим фаолиятларига хусусий секторни жалб этиш кўзда тутилган. Жумладан йўл ҳаракати қоидабузарликларини автоматик қайд этиш мосламаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш жараёнларига. Бу ерда бир нарсани тўғри тушуниш керак, хусусий тадбиркорларнинг вазифаси - фақат ушбу мосламаларни ўрнатиш ва ишга тушириш. Кейин ушбу тизим бизнинг маълумрий-амалиёт тизимига боғланади. Қарор чиқариш, жарималарни ундириш - ҳаммаси давлат ЙҲХ томонидан амалга оширилади, - деди Илҳом Идиров.
Маълумот учун, ИИВ ЙҲХББ соҳасида чуқур ислҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан 5 та президент қарори ва 40дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тадбиқ этилган. Бунинг натижасида 2020 йилда ЙТҲлар сони 2019 йилга нисбатан 13,5%га камайган. Жароҳат олганлар сони 16 % ва ҳалок бўлганлар сони 6,3%га камайган. Бундан хулоса шуки, амалга оширилаётган ишлар кам бўлсағда самарадорлигини бермоқда.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. “Меҳр-4” операцияси доирасида Афғонистондан 24 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, улар Афғонистон ва Покистон ҳудудларида ташкил этилган халқаро террорчилик ташкилоти сафларига қўшилиб қолишган. Кейинчалик Афғонистон ҳудудига ўтишган ва ушбу ҳудудда яшашган.
Афғонистоннинг ҳамкор ташкилотлари кўмагида олиб келинган ушбу шахслар Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳудудида жойлашган “Айритом” чегара пости орқали кутиб олинган. Маҳаллий ОАВларнинг ёзишича, олиб келинганлардан 19 нафарини болалар ташкил этмоқда, 4 нафар бола етим.
Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, вилоят ҳокимияти, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирокида Термиз туманидаги даволаш ва соғломлаштириш маркази биносига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда май ойида “Меҳр-1” инсонпарварлик операцияси доирасида 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар Суриядан қайтарилган эди. Кейинчалик “Меҳр-2" операцияси амалга оширилиб, Ироқдан 64 нафар ўзбекистонлик бола мамлакатга олиб келинди. Ўтган йил декабрь ойида “Меҳр-3” доирасида яна 98 нафар ўзбекистонлик аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди.
ТОШКЕНТ, 3 мар - Sputnik. Касаба уюшмалари Федерацияси "Аёллар дафтари"га кирган хотин-қизлар учун бепул саёҳатлар ташкил этмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова хабар қилди.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республиканинг турли ҳудудларида яшовчи, "Аёллар дафтари"га кирган аёллар учун Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари таркибида "Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси" фаолияти йўлга қўйилиб, "Аёллар дафтари"ни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни кунда республиканинг барча ҳудудларида мазкур дафтарга киритилган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, "Аёллар дафтари"га 30 ёшдан ошган 9 тоифадаги, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, шунингдек, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд аёллар аниқланиб, уларга жойида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича эса "Йўл хариталари" тузилиб, кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, Амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.