Ўзбек боксчиси  Хасанбой Дўсматов. Архив сурат.

Собиқ мураббий: бугунги ғалабаларимиз эски мактабнинг эмас, ҳозирги меҳнатимиз натижасидир

503
(Янгиланган 18:41 22.08.2016)
Россиялик спорт шарҳловчиси Александр Беленький Рио Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчиларнинг муваффақиятли чиқишларига бу ерда бокс мактаби собиқ совет давридаёқ яхши йўлга қўйилгани ва ўша мактабнинг давом этаётганлиги сабаб бўлганини айтди. Ўзбекистонлик собиқ бокс мураббийи Алишер Раҳматов унинг бу фикрига қўшилмайди.

ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Ўзбекистон бокс терма жамоаси ишқибозларга қувонч бағишлади, мутахассислар эса жамоанинг муваффақиятли иштироки аввалдан кутилганини айтишмоқда.

Спортнинг ушбу турида Ўзбекистон еттита медал жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади, Ҳасанбой Дўсматов эса 2016 йилнинг энг техникаси кучли боксчиси деб тан олинди.

Россиялик бокс шарҳловчиси Александр Беленький Sputnik мухбирига берган интервьюсида терма жамоанинг бу муваффақиятини совет мактаби билан боғлади.

"Ўзбекистонликлар кўрсатган натижа кутилмаган ҳол эмас. Бунга аллақачон тамал тоши қўйилганди ва бу ўз самарасини берди, — деди Беленький. — Ўзбекистонда бокс мактаби собиқ иттифоқ давридаёқ яхши йўлга қўйилганди, бугунги медаллар эса ўша эски мактабнинг давом этиши натижасидир. Кейинги йилларда ушбу мактаб мунтазам равишда ўсиб борди. Эндиликда сон сифатга айланди".

Биз ўзбекистонлик  собиқ бокс мураббийи Алишер Раҳматовдан бу борадаги фикрини сўраганимизда у шундай жавоб берди: “Беленькийнинг гапларига қисман қўшилиш мумкин. Бокс собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонга кириб келган ва бокс мактаблари ўша даврдаёқ натижа кўрсата бошлаган. Лекин фақатгина мустақилликдан кейин жаҳонни забт этган ҳақиқий боксчиларимиз етишиб чиқди. Бугунги ғалабаларимиз эски мактабнинг эмас, ўтган 25 йил давомида олиб борилган ислоҳотлар, бугунги мураббийларимиз меҳнатининг самарасидир”.

Умумий медал жамғариш бўйича Ўзбекистон 13та: 4та олтин (учтаси боксда), 2та кумуш ва 7та бронза медали билан 21-ўринни эгаллади. Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича МДҲ давлатлари орасида Россиядан кейин иккинчи бўлди.

503