ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. 19-23 апрель кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнирга мезбонлик қилади, деб хабар берди IKA матбуот хизмати.
1992 йилдан буён ҳар 4 йилда ўтказиб келинаётган ушбу мусобақада курашчилар 1996 йилдан Ўзбекистон президенти соврини учун гиламга тушмоқда.
Бу йил 7 маротаба ташкил этилаётган беллашувларда дунёнинг 30 га яқин мамлакати полвонлари эркаклар ўртасида 73, 81, 90 ва мутлақ, аёллар ўртасида эса 57 ва 78 килограмм вазн тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Халқаро турнирнинг умумий соврин жамғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Мутлақ вазн тоифасида мусобақа ғолиблигини қўлга киритган курашчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини — 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланади.
Ўзбек кураши Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари таркибига расман киритилди. Амир Темур хотирасига бағишланган халқаро турнир "Осиё Олимпиадаси" олдидан қитъа курашчилари учун муҳим тайёргарлик босқичи вазифасини ҳам ўтайди.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. ФИФА Ўзбекистонда 2021 йилги мавсумдан бошлаб футбол учрашувларида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимидан фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, ЎФА барча тегишли ҳужжатларни ФИФА VAR платформасига юклаган. Шунингдек, ўзбекистонлик VAR тизими мутахассисларининг 2020 йилги синов ўйинларида қайд этган натижалари ФИФА томонидан инобатга олинган.
“Шу сабабли ФИФА 2021 йилги мавсумда ЎФА ҳамда ЎзПФЛ томонидан ташкил этиладиган футбол учрашувларида VAR тизимини қўллашга рухсат берди”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR тизимини жорий этиш белгиланган эди.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев “Бунёдкор” футбол клуби президенти этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
1 март куни бўлиб ўтган “Бунёдкор” футбол клубининг Кузатув кенгаши йиғилишида клуб моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш ва бошқа бир қатор ташкилий масалалар муҳокама қилинган. Бундан ташқари, клубга янги президент тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев расман “Бунёдкор” футбол клуби президенти этиб тайинланди”, - дейилган хабарда.
"Ўзбекнефтгаз" эндиликда жамоанинг бош ҳомийси бўлади. Илгари "Ўзтрансгаз" бўлган.
Меҳриддин Абдуллаев 1969 йил Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган. Мутахассислиги – иқтисодчи, ҳуқуқшунос. У 2020 йил январидан "Ўзбекнефтгаз"га раҳбарлик қилиб келмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистон Молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон миллий банки ва Ўзбекистон Ҳисоб палатасида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, Амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.