Завершилась реконструкция БСА Лужники

Ўзбекистонда футболдан бутунлай четлаштирилган беш футболчига қайтадан имкон берилади

359
Тез орада ЎФА Ижроқўми бу масалани атрофлича ўрганиб чиқади ҳамда узоқ вақт давомида бошқа исм-шариф билан “ном қозонган” йигитларга, ўзларининг ҳақиқий исм-шарифлари билан фаолиятларини давом эттириш имкониятини яратади.

ТОШКЕНТ, 13 июн – Sputnik. ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ёшини кичрайтириш бўйича айбдор деб топилганлар масаласини қайтадан кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ассоциация матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроқўми бюросининг қарорига асосан ёшини кичайтириш бўйича айбдорлиги аниқланган Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурхон Ҳасанов каби футболчилар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди.

Ассоциациянинг маълум қилишича, ўтган давр мобайнида улардан аксари ўз айбини тушуниб етди, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тўғрилади. Шунингдек, ташкилотга бир неча бор хат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.

“Ҳаётда ҳамма хато қилади, буни тушуниш мумкин. Бироқ битта хатони икки бор қайталашни тушуниб бўлмайди. Футболдан четлаштирилган йигитлар ҳали анча ёш. Улар хато йўлга кирганини тушуниб етди. Мамлакатимиз президенти билмай айб иш қилаётган минглаб инсонларни афв этаётган бир вақтларида, биз ҳам тушуниб-тушунмай нотўғри ишга қўл урган футболчиларга яна бир бор имкон беришимиз керак. Энди улар ғирромлик нима эканини яхши тушунади. Буёғига улардан ўзини спортга баҳшида этиб, юқори чўққилар сари интилиш талаб этилади”, — деган Умид Аҳмаджонов.

Тез орада ЎФА Ижроқўми бу масалани атрофлича ўрганиб чиқади ҳамда узоқ вақт давомида бошқа исм-шариф билан “ном қозонган” йигитларга, ўзларининг ҳақиқий исм-шарифлари билан фаолиятларини давом эттириш имкониятини яратади.

2019 йилдан бошлаб болалар футбол клублари тарбияланувчиларини яхлит электрон базага босқичма-босқич киритиб бориш бошланади. Яъни мактаб ёшидаги футболчи ҳақида барча маълумотлар, шу футболчи то миллионлар ўйини билан хайрлашмагунига қадар янгиланиб туради. Бу эса 14—15 ёшли янги футболчининг бирдан “пайдо бўлиб қолиши” ҳолатларини камайтиради.  

Яхлит электрон базадан исталган одам Суперлига, Про-Лига, 2-лига, болалар лигалари футболчиларини топиши мумкин бўлади. Шу ҳолатдан кейин ҳам футболчилар ёшини кичиклаштиришга ҳаракат давом этса, бунинг ортида турган кишиларга шафқат қилинмайди.

Бу борада ЎФА Ижроқўмининг қарори тез орада эълон қилинади.

359