Соғлом турмуш тарзига риоя қилмайдиган футболчиларга кескин чоралар кўрилади

172
Спиртли ичимликлар ичиш, сигарет, чилим чекиш каби зарарли одатларга муккасидан кетган футболчилар футболдан четлатилиши ҳам мумкин.

ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. Махсус инспекция соғлом турмуш тарзига риоя қилмайдиган футболчиларни назорат қилиб боради. Бу ҳақда ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов айтиб ўтди.

ЎФА хабарида айтилишича, футбол ривожига тўсқинлик қиладиган таъмагирлик, коррупция, порхўрлик, келишилган ўйинлар, тотализаторлар масаласи ва бошқа шу каби иллатларга қарши курашиш билан чекланиб қолмай, футболчиларнинг соғлом турмуш тарзига қандай риоя этаётганлари аниқлаб борилади.

Спиртли ичимликлар ичиш, сигарет, чилим чекиш каби зарарли одатларга муккасидан кетган футболчилар футболдан четлатилиши ҳам мумкин. Бу ҳақда ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов айтиб ўтди.

"Ҳукуматимиз мамлакат футболини оёққа турғазиш йўлида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Мана шундай пайтда турли иллатлар орқали фақат ўз манфаатини ўйлайдиган, мамлакат футболи ривожига тўсқинлик қиладиган шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилади. Бундан ташқари, махсус инспекция томонидан футболчиларнинг соғлом турмуш тарзига қандай риоя қилаётганлари ҳам назорат қилиб борилади. 

Баъзи футболчилар машғулотлардан кейин тунги клубларда эрталабгача пиво ичиб, чилим чекиб вақт ўтказишади. Натижада, муҳим ўйинлар пайтида уларнинг жисмоний тайёргарликлари панд бериб қўяди. Бу эса миллий терма жамоаларимизга ҳам халқаро майдонларда халақит қилиб келмоқда. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳар бир футболчи аввало профессионал бўлиши керак. Биринчи навбатда жисмоний тайёргарлиги устида ўзи қайғуриши зарур. Лекин соғлом турмуш тарзига риоя қилмай, олаётган катта пулларини фақат маишатга сарфлаб юрган футболчилар махсус инспекция томонидан аниқланса, улар бир умрга футболдан четлатилади", - дейди Умид Аҳмаджонов.

172