Шохжахон Эргашев

Шоҳжаҳон Эргашев: “Мен барибир чемпионлик камарини Ўзбекистонга олиб келаман”

403
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев келажакдаги режалари ва мақсадлари билан ўртоқлашди.

ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Ўзбекистонлик профессионал боксчи бир неча кун олдин Америка Қўшма Штатларида Майкл Фоксга қарши рингга кўтарилиб, фаолиятидаги 16-ғалабани қўлга киритган Шоҳжаҳон Эргашев МОҚ Матбуот ва медиа департаментига берган интервьюсида мақсади Ўзбекистонга чемпионлик камарини олиб келиш эканлигини маълум қилди.

Шоҳжаҳон Майкл Фоксга қарши жанг у ўйлагандан қийинроқ кечгани айтди.

“У бироз ноқулай рақиб эди. Бу қайсидир томонлама менинг профессионал боксдаги фаолиятимга ижобий таъсир қилиши мумкин. Чунки, хеч қачон мағлубиятга учрамаган боксчи билан 10 раундлик жанг ўтказиш осон эмас. Менимча барчаси яхшиликка бўлди. Унинг бўйи мендан 15 сантиметрга баланд эди. Ушбу жиҳат менга бироз қийинчилик туғдирди”, - деди боксчи.

Унинг таъкидлашича, ҳақиқий профессионал бокс жаҳон чемпионлигига эришганингиздан сўнг бошланади. Энг қийин жанглари ҳали олдинда. Проф рингдаги фаолияти энди бошланди деб ўйлайди.

“Мухлислар, мени қўллаб-қувватлаб турган инсонлар нокаутларимга ўрганиб қолишган. Тўғри, улар нокаут кутишади. Доимо нокаут билан ютишга ҳаракат қиламан. Аммо бу бокс, рингда нима бўлишини ҳеч ким билмайди”, - деб қўшимча қилди.

Шохжахон Эргашев
Шоҳжаҳон Эргашев

Ҳозирда янги мураббий Фредди Роуч билан ҳамкорлик қила бошлаганини маълум қилди.

“Энди осон жанглар бўлмайди. Фақат кучли боксчиларга қарши рингга кўтариламан. Бунинг учун кўпроқ машғулотлар олиб боришим керак. Спортчи доимо юксакликка, юқори натижалар сари интилиши лозим. Ўйлайманки, янги мураббий билан бунданда яхшироқ натижага эриша оламан. Тўғри, бунда энг аввало боксчининг ўзига кўп нарса боғлиқ. Бироқ, мураббий спортчига тўғри йўналиш бериб туриши лозим”, - дея қайд этди Шоҳжаҳон.

Шифокорлар бокс билан шуғулланишга тақиқ қўйишгани ҳақида тўхталиб ўтди.

“Бугунги кунга келиб барчаси жойига тушган. Бу бўйича шифокорлар билан мунтазам гаплашиб тураман. Соғлиқ билан боғлиқ муаммо йўқ”, - деди спортчи.

Навбатдаги жанги ҳақида тўхталаркан, у катта эҳтимол билан жанг 14 апрелда бўлиб ўтишини қайд этди.  

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашевнинг режалари аниқ ва шу мақсад сари интилмоқда.

“Ҳа, чемпионлик жанги аниқ бўлади. Бунга бир қадам қолди. Март ойида WBA йўналишининг янгиланган рейтинги чиқади ва мен унда биринчи ўринда бўламан. Бу эса албатта чемпионлик жангида рингга кўтарилиш имкониятини беради. Мақсадим битта – Ўзбекистонга чемпионлик камарини олиб келиш. Бошқа гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Мен барибир камарни ватанимизга олиб келаман!”, - ишончи комил Шоҳжаҳоннинг.

Эслатиб ўтамиз, 15 февраль куни (16 февраль тонгида) профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев АҚШда фаолиятидаги 16-жангни ўтказган эди. Мазкур баҳсда америкалик Майкл Фокс рақиблик қилган ва 10 раундлик жангда Шоҳжаҳон очколар ҳисобига ғалаба қозонган эди.

403