Шомуродовга Испания футбол клубларидан бири қизиқмоқда

707
(Янгиланган 03:08 04.11.2019)
Юлдузи юлдузига тўғри келса - Элдор Шомуродов ёзда Испаниянинг етакчи клубларидан бирига йўл олиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. “Ростов” ҳужумчиси Элдор Шомуродовга Испаниянинг “Севилья” клуби қизиқмоқда. Бу ҳақида “Спорт” телеканали шарҳловчиси Бобур Акмалов ўзининг телеграм каналида хабар қилди.

“Севилья” клуби спорт директори Рамон Мончига яқин манбаларга кўра, Элдор Шомуродов фамилияси Андалусия жамоаси long-list’ида бор. Қишки трансферлар вақтида эмас, кейинги ёзда очилажак ойна вақтида ўзбек форварди “Севилья” клубига ўтиши эҳтимоли бор – деб хабар қилган Бобур Акмалов.

Элдорнинг ўзи Европа жамоасида тўп суришни орзу қилаётганини бир неча бор таъкидлаган эди. Айни дамда Элдорга Германиянинг бир неча клублари ҳамда Россиянинг етакчи жамоаларидан бири бўлган ЦСКА ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Ҳозирча эса Элдор Шомуродов “Ростов” жамоаси билан 4 йиллик шартнома асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги кунда Шомуродов Россия премьер-лигасининг етакчи ҳужумчиси бўлиб турибди 10дан ортиқ голлар ва бир неча натижали узатмалар Элдорни РПЛнинг энг истиқболли футболчиларидан бирига айлантирди. 

"Ростов" ҳам Элдор иштирокида ўз рекордларини янгиламоқда. Масалан, бугун ҳам "Ростов" Россия чемпионатининг биринчи даврасида 28та гол уриб ўз рекордини янгилади. 

707