ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Жорий йилнинг 16-25 апрель кунлари бўлиб ўтадиган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатига Ўзбекистон мезбонлик қилади. Бу ҳақда Спорт вазирлиги хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, бу турнир Қозоғистонда ўтказилиши белгиланган эди. Аммо Осиё чемпионати Хитойда коронавируснинг янги тури тарқалиши сабабли Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчирилди.
Осиё оғир атлетика федерациясининг махсус баёнотида маълум қилинишича, халқаро ташкилот мусобақани Қозоҳистон ҳукумати Хитой билан чегарадош мамлакатлардан бўлган йўловчиларнинг ҳаракатига чекловлар киритгани сабабли бошқа жойда ўтказишга қарор қилган.
“Осиё оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси ҳозирги вазиятни зудлик билан муҳокама қилди ва Осиё чемпионатини Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги қарорга келди”, - дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзияда ўтказилиши белгиланган велоспортнинг шоссе йўналишида Осиё чемпионати коронавирус туфайли бекор қилингани хабар қилинган эди.