Пляж Иссык-Куля

"Иссиқ-Кўл" бир қадам: Тошкент ва Бишкек 27 июндан чартер рейсларни ишга туширмоқда

507
(Янгиланган 08:50 31.05.2019)
Ўзбекистондаги Қирғизистон элчихонаси Тошкентда Иссиқ-Кўл тақдимотини ўтказди

ТОШКЕНТ, 31 май - Sputnik. Тошкент-Томчи-Тошкент тўғридан-тўғри чартер рейслари жорий йил 27 июндан бошлаб А-320 авиалайнерида амалга оширилади. 2019-йилги ёзги дам олиш мавсумини 5 сентябрда якунлаш режалаштирилмоқда, деб хабар қилди куни кеча Ўзбекистон пойтахтида ўтказилган "Иссиқ-Кўл-2019" тақдимоти маросимида Ўзбекистондаги Қирғизистон элчиси Ибрагим Жунусов. 

Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.

Элчининг сўзларига кўра, Қирғизистон элчихонаси ва Ўзбекистондаги мутасадди идоралар томонидан ўзаро туристик оқимни кучайтириш учун бир қанча амалий ишлар амалга оширилган ва бугунги кунда яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган.

Хусусан, жорий йил 6 июнь санасидан Тошкент-Бишкек-Балиқчи-Бишкек-Тошкент темир йўл қатнови ишга туширилади. Айни дамда дам олишга йўл олган фуқароларга қулайлик яратиш учун чегара назорати вақтини поезд ҳаракатланаётган вақтда ўтказиш эвазига қисқартириш масалалари устида ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, жорий йил ёзги туристик мавсумда Тошкент-Бишкек-Чўлпон-Ота-Иссиқ-Кўл ва Бишкек-Тошкент автобус қатновини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Ўш-Тошкент-Ўш авиарейси ишга туширилиши жараёнида, Ўш-Андижон-Ўш, Ўш-Фарғона-Ўш халқаро автобус рейсларини қайта тиклаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда, деди Жунусов.

Қирғизистон элчиси 2017 йилда мамлакатга Ўзбекистондан 380 минг нафар турист келган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 3 миллиондан ошиб, ўзбекистонлик саййёҳлар ҳатто россиялик туристларни сон жиҳатдан ортда қолдирганига эътибор қаратди. Икки давлат ўртасида авиа, поезд ва автобус қатновларининг йўлга қўйилиши давлатлар ўртасидаги туристик оқимни янада оширишга ажойиб замин бўлиб хизмат қилади, деди дипломат.

Жунусов ўз сўзи якунида юқоридаги ишлар икки давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ, дўстона мулоқот, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг ривожланаётгани, тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар кенгайтирилгани эвазига амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

507