Туристы в Узбекистане

Ўзбекистон туристларни қабул қилишга тайёрланмоқда

362
(Янгиланган 09:40 28.05.2020)
Коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга "Uzbekistan. Safe travel guaranteed" ("Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган") бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими лойиҳаси тақдим этилди.

Президент шунингдек, мамлакат ички туризмни тиклаш ва ривожлантириш борасидаги режалар билан танишилди. 

Мирзиёев биринчи босқичда "яшил" ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади.

Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

"Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлайди, туристлар аэропортда қандай қабул қилинади, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланиши қандай ташкил этилади, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Белгиланадиган меъёрлар содда, лекин касалликнинг олдини олиш учун етарли бўлиши лозим. Мисол учун, битта ҳолат аниқланса, бутун меҳмонхонани карантинга олишга зарурат бўлмайдиган тизим ишлаб чиқиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Туризм йўналишида тадбиркорлар кўрган зарарни яқин 1-2 йил ичида тўлиқ қоплаш қийин. Шу боис президент бу соҳага қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш лозимлигини таъкидлади.

Хусусан, туристик йиғимлардан озод қилиш бўйича аввал берилган имтиёз йил якунига қадар узайтирилади. Шунингдек, соҳа корхоналари фойда солиғини ҳисоблашда 2020-2021 йилдаги кўрган зарарларини кейинги йиллар фойдасидан чегириб ташлашга рухсат берилади.

Меҳмонхоналарга кўрсатган хизматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бундан ташқари, уларга айланма маблағ учун кредит фоиз тўловларининг 10 фоизигача бўлган қисмига субсидия берилади.

Коронавирус пандемияси туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йил якунлари бўйича халқаро саёҳатлар 89 фоизга, иш ўринлари 74 миллионтага қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Маълумки, жорий йил 16 мартдан мамлакат ташқи ва ички туристлар учун ёпилган, оқибатда 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 мингта меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатган эди.

362
Открытие горнолыжного курорта Амирсой в Ташкентской области

"Amirsoy" тоғ-чанғи курорти янада кенгайтирилади - Ҳукумат қарори

174
(Янгиланган 10:35 19.09.2020)
Тоғ-чанғи курорти мажмуасини кенгайтиришни назарда тутувчи лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион еврони ташкил этиши кутилмоқда.

ТОШКЕНТ, 19 сен - Sputnik. "Amirsoy" тоғ-чанғи курортининг 2-босқичини амалга оширишга доир Ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар қилмоқда Туризм давлат қўмитаси матбуот-хизмати.

"Amirsoy" тоғ-чанғи курорти мажмуасини кенгайтиришни назарда тутувчи лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион еврони ташкил этиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида: 4 ресторан; тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар, офислар ва савдо майдонаридан иборат 500 ўринга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳ; осма йўллар, тоғ-чанғи кўтаргичлар, шунингдек, 16.8 км узунликдаги тоғ-чанғи трассалари; бассейнлар барпо этиш режалаштирилган.

Шунингдек, лойиҳа ташаббускорига қурилиш-монтаж ишлари ва келгусида лойиҳани эксплуатация қилиш жараёнида ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш, шунингдек, фаолиятнинг атроф муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш бўйича масъулият юклатилди.

174
Гостиница Афросиаб Палас

Меҳмонхонага жойлашган ҳар бир киши "Е-мehmon" тизимида рўйхатга олинади - янги тартиб

57
(Янгиланган 14:29 16.09.2020)
Бундан буён меҳмонхона ва санаторийлар мижозлар келиб жойлашган вақтидан бошлаб уларни онлайн рўйхатга киритиши қатъий талаб қилинади.

ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Бундан буён Ўзбекистон ҳудудида меҳмонхона ёки санатория хизматларидан фойдаланган барча мижозлар "Е-мehmon" тизимида рўйхатга олиниши шарт. Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш қўмитаси хабар қилмоқда. 

Меҳмонхона, санатория, дам олиш уйлари ва шунга каби бошқа жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланган барча шахслар, жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу муассасалар маъмурияти томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида "E-Mehmon" автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиниши керак, - дейилган расмий хабарда.

Ҳисобга олиш аввалгидек 12 соат мобайнида эмас, балки улар келиб жойлашган вақтда, уларнинг бу ерда бўлиш муддати ва келишининг даврийлигидан қатъи назар амалга оширилади.

Жойлаштириш хизматини кўрсатувчи меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйлари ва шу каби бошқа ташкилотлар раҳбарларидан мазкур тартибга қатъий риоя қилишлари сўралади.

Мазкур тартибларнинг жорий қилиниши маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг соғлиғи ва мулки хавфсизлигини таъминлаш,  қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кафолатган хизматлар кўрсатилишини таъминлашга қаратилган. 

 

57

ХТВ телевизион дарсдаги хатолик учун узр сўради

20
16 сентябрь куни эфирга узатилган инглиз тили фани видеодарсида Нью-Йорк АҚШнинг пойтахти деб айтилган эди. Аслида Вашингтон АҚШнинг пойтахти ҳисобланади.

ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчилари учун телевизион дарсда қўйилган хатолик учун узр сўради ва чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошлаб мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар узатила бошланди.

Таъкидланишича, “Онлайн-мактаб” лойиҳаси доирасида ҳар куни 100 дан ортиқ (30-35 соат) дарслар тасвирга олинмоқда. Мазкур дарсларда имкон қадар хатолик ўтмаслигига ҳаракат қилинмоқда.

“Бироқ, 16 сентябрь куни эфирга узатилган чет тили фани видеодарсида айрим хатоликларга йўл қўйилди. Энг аввало, мазкур ҳолат учун барчадан узр сўрамоқчимиз. Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилди, дарс муҳаррири алмаштирилди ҳамда дарсларда тажрибали ўқитувчилар жамоасини янада кенгайтириш мақсадида маҳоратли педагоглар учун танлов эълон қилинди”, - дейилган хабарда.

Вазирлик кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фаолларидан “Онлайн-мактаб” лойиҳасида иштирок этаётган ўқитувчиларни камситмасликни сўраб қолган.

“Ҳар биримиз хатоликка йўл қўйишимиз мумкин, иш бор жойда хатоликлар ҳам учраб туради. Лекин, бу хатоликларни олдини олиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда”, - дея қўшимча қилган вазирлик.

ХТВ бу вазият барчани ўз вазифаларини бажаришда эътиборлироқ бўлишга ва ишга профессионал ёндашишга ундашига умид билдирган.

Вазирлик ҳозирги шароитда ўз соғлиғини хавф остига қўйиб ҳам анъанавий ҳам масофавий шаклда фаолият олиб бораётган ҳамда видеодарсларни тасвирга олиш жараёнларига жалб қилинган ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирган.

20