Туркия маҳсулотлари. Архив сурат

Олимлар: қўл қовуштириб ўтираверсак, фарзандларимиз мутантларга айланади

414
(Янгиланган 17:29 25.02.2016)
Зарарли қўшимчалар билан "тўйдирилган" маҳсулотлар: астма, болаларнинг эрта жинсий балоғатга етиши , эректил дисфункция, бепуштлик, семизлик, ақлий заифлик, кўкрак ва простата бези саратони каби касалликларни вужудга келтириши мумкин…

ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Нафас йўлларининг сурункали касаллиги (астма), болаларнинг эрта жинсий балоғатга етиши, эректил дисфункция(тез бўшаниш), бепуштлик, диабетнинг иккинчи тури, семизлик, ақлий заифлик, аутизм, айрим турдаги маҳсулотларга аллергия пайдо бўлиши, яллиғланиш касалликлари, кўкрак ва простата бези саратони… 1990-йиллардан бошлаб бутун дунё бўйича токсиколог ва биологлар атроф-муҳитдаги бир қатор моддаларнинг инсон организмига таъсирини ўрганиб келишмоқда. Олимлар бу моддаларга “эндокрин безлари емирувчилари” деб ном беришган, деб хабар қилади Спутник Арманистон.


Орадан 25 йил ўтди. Аммо кенг омма “емирувчилар” ҳақида ҳали ҳам аниқ маълумотларга эга эмас. Ушбу зарарли қўшимчалар эса мамлакатлардаги нефтни қайта ишлаш, косметика ва фармацевтика заводларида ишлаб чиқарилади. Соғлиғимиз ва атроф муҳитга бу моддалар жиддий зарар етказишига қарамай, ҳаммамиз уларни тўхтовсиз тановвул қиламиз.

Организмимиздаги эндокрин тизими гормонларни ишлаб чиқаради, мисол учун, аёлларда эстроген, эркакларда эса тестостерон гормонларини. Гормонлар инсон ҳаётида ниҳоятда муҳим роль ўйнайди. Шу боис, бу тизимнинг “емирилиши” овқат ҳазм бўлиши, бўй ўсиши, мия фаолияти ҳамда ривожланиши сингари энг муҳим жараёнларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши мумкин.

Хавф таъсири қай даражада?
Табиий тарих миллий музейи ходимаси Барбара Деменеи атроф-муҳит ифлосланишининг инсон руҳияти ва онгига таъсирини таҳлил қилиб чиқди. Жумладан, у эндокрин безини ишдан чиқарувчи моддаларнинг болаларга таъсирини обдон ўрганди ва таҳлил қилди.
“У хоҳ ўсимлик, хоҳ қурбақа, хоҳ аёл, хоҳ қари чол бўлсин, зарарли модда(қўшимча)лар ҳаммага бирдек таъсир қилади. Улар инсон генларига ўзгартириш киритиш хусусиятига эга. Бундан ҳеч ким истисно эмас. Ҳатто, олис шимолда яшовчи оқ айиқлар ҳам ушбу моддалар билан зарарланган. Қандай дейсизми? Денгиз ва атроф-муҳит ана шундай моддалар билан заҳарланганлиги туфайли, оқ айиқлар ҳам зарар кўрган”, — дейди Деменеи.
Эндокрин безини “емирувчи” моддаларнинг биосферага таъсири ҳақида кўплаб тадқиқотлар ўтказилган экан, нима учун олдинга силжиш бўлмаяпти?


Олимлар томонидан бу соҳада ишни мураккаблаштирувчи олтита омил мавжудлиги аниқланган:
1. Миқдор. Атроф эндокрин безини “емирувчи” моддаларга тўла, лекин улар миқдори жуда оз,  шу боис уларни аниқлаш қийин. Аммо бу ҳолат уларнинг хавфлилигини инкор этмайди: зарарли маҳсулотлар хавфи шундаки, уларнинг таъсири миқдорга эмас, балки, давомийликка боғлиқ.
2. Коктейль. Заҳарли моддалар атрофимизда шу қадар кўпки, уларнинг қай бири у ёки бу касаллик ривожланишига сабабчи эканини аниқлаш амримаҳол.
3. Атроф-муҳит ифлосланиши. Инсонда вужудга келган касаллик белгилари қайси турдаги “емирувчи” томонидан кучайтирилишини таҳлил қилиш учун, аввал атроф-муҳит ҳолатини(сув, ҳаво, тупроқ ифлосланганлик даражасини…), инсон ҳаёт тарзини (озиқланиши, стресс, уйқу, дорилар, косметика…) ва унинг генетикасини диққат билан ўрганиб чиқиш лозим. Бунинг учун эса жуда узоқ вақт ва кўп маблағ талаб этилади, ва ўйлашимизча, бундан наф ҳам йўқ, чунки атрофимиздаги муҳит шу даражада ифлосланганки, у ёки бу модда таъсирини фоизларда ифодалаб бериш имкони бўлмайди ҳам.
4. Таъсир қилиш усуллари хилма-хиллиги. Эндокрин безини емирувчи моддаларнинг ҳаммаси ҳам гормонларга бир хилда таъсир кўрсатмайди. Бир турдагилари таббий гормон фаолиятини вужудга келтирса, бошқалари бу фаолиятни чеклайди, учинчи турдагилари эса гормон ишлаб чиқилиши ва секрецияси даврида, уни жиддий бузилишларга олиб келади.
5. Таъсир қилиш даври. Ушбу зарарли моддалар таъсири аёл ҳомиладорлигида ёки инсон хаётининг дастлабки даврларида ёки ўсмирлигида рўй берса,  яъни тана ва мия ривожланишининг энг муҳим босқичларида, оқибат жуда ҳам аянчли бўлиши мумкин.
6. Бардошлилик. Эндокрин бези емирувчилари сув, ҳаво ва тупроқда ўн, балки, юз йиллаб мавжуд бўлиши мумкин. Инсон билан алоқа қилгандан кейин, орадан йиллар ўтиб, бу моддалар ўзи ҳақида билдириши мумкин.
Булардан маълумки, олимлар у ёки бу модданинг хавфли эканини аниқлаб бера олмаяптилар.
Ишлаб чиқарувчилар эса ушбу алғов-далғовликлардан фойда олишмоқда.
Агар сиёсатчилар бу борада чора кўрмаса, инсон соғлиғини емирувчи қўшимчаларга “тўйдирилган” маҳсулотлар Европа ва бошқа мамлакат бозорларини ишғол қилишда давом этаверади.
Яъни, тижоратчилар ишлаб чиқараётган товарлари хавфсиз бўлгани учун эмас, балки, уларнинг  хавфлилигини ҳеч ким исбот қилиб бера олмаётгани учун ўз бизнесини ривожлантиришда давом этаверадилар.

414