Илон Маск Марсда шаҳар қуриш учун 1 млн кишини юбормоқчи

CC BY 2.0 / Kevin Gill / MarsМарс сайёраси
Марс сайёраси - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Маскнинг айтишича, инсонлар "сайёралараро жонзот"ларга айланишлари лозим, чунки келажакда Ер ҳалокатга учраши мумкин

ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. SpaceX космик компанияси раҳбари Илон Маск ерликларни "сайёралараро жонзот"ларга айлантиришга ва бир неча ўн йил ичида Марсда шаҳар барпо этиш учун у ерга 1 миллион кишини юборишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, саёҳат икки йил вақтни олади, чипта эса 100 минг доллар атрофида бўлади.

"Биз Марсни мана шу ҳаётимизда ҳақиқатга айлантирмоқчимиз", — деди Маск Мексикада ўтаётган халқаро астронавтика конференциясида.

Маскнинг айтишича, инсонлар "сайёралараро жонзот"ларга айланишлари лозим, чунки келажакда Ер ҳалокатга учраши мумкин.

Компаниянинг режасига кўра, йўловчиларнинг Марсга парвози келаётган ўн йил ичида амалга ошади.

Маск Марсга учиришга мўлжалланган Dragon 2 космик кемаси икки йилдан кейин тайёр бўлишини билдирди. Dragon 2020 йилда Марсга учиши режалаштирилган.

Нега Марс?

SpaceXнинг фикрича, барча сайёралар ичида айнан Марс ерликлар учун яшашга қулай жойдир. Аввало, у Ерга яқин, лекин асосийси, "илгари Ерга жуда ўхшаш бўлган", унда суюқ океанлар, етарлича қуёш нури ва ўсимлик етиштириш учун қулай атмосфера бўлган.

Маск Қизил сайёрага нафақат шунчаки парвозларни амалга оширишни, балки у ерда одамларнинг яшашини мўлжалламоқда.

Тадбиркорнинг айтишича, бугуннинг ўзида унинг компанияси бир вақтнинг ўзида 100га яқин йўловчи ва 450 тонна юкни Марсга олиб борувчи космик кемани яратиш устида иш олиб бормоқда. Келажакда парвоз нархини камайтириш учун йўловчилар сони 200тага етказилади.

"Агарда чипта нархи 10 миллиард доллар турса у ерда шаҳар қура олмайсиз, лекин 200 минг доллар турса, унда шунча пули бор истаган киши Марсга учиши ва у ерда яшаб ишлаши мумкин", — деди Маск.

У келгуси 40-100 йил давомида Марсга 1 миллион киши парвоз қилишини мўлжалламоқда.

Маск келажакда парвозлар нархи 100 минг долларга арзонлашишини билдирди.

Парвоз 

Ўз мақсадини амалга ошириш учун компания орбитада ёқилғи қуйиш, космик кемалардан кўплаб марта фойдаланиш ва Марсда ёқилғи тайёрлаш борасида қатор янги технологияларни ишлаб чиқмоқда.

Curiosity Rover марсоходи - Sputnik Ўзбекистон
NASA марсоходи Марс қуми намуналарини ўрганишга киришди

Космик кемани орбитага олиб чиқиш учун компания махсус "Марс ракетаси"ни ишлаб чиқмоқда. Ракетанинг биринчи босқичи кемани оралиқ орбитага олиб чиққач, Ерга қайтиб тушади. Сўнгра босқич қўшимча ёқилғи баки билан жиҳозланади, орбитадаги кемани "қувиб етади" ҳамда уни қўшимча ёқилғи билан таъминлайди. Шундан сўнг кема Марс сари икки йиллик парвозга отланади.

Компания ушбу лойиҳани тижорат парвозлари ва НАСА билан шартнома ҳисобига молиялаштиришни кўзламоқда. Маск шунингдек, ўзининг барча маблағини Марсни ўзлаштириш дастурига сарфлашини ва одамлардан ҳам пул йиғиши мумкинлигини билдирди.

"Бу бўлиши мумкин, бу ҳақиқат!" — деди у эҳтимолий инвесторларга қарата.

Янгиликлар лентаси
0