Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, архив сурат

Қўшниларда нима гап: Раҳмон Тожикистон ташқи сиёсати мавқеи ва Роғун ГЭСи ҳақида гапирди

3151
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон анъанавий тарзда парламентга мактуб йўллади. Раҳмон ўз мурожаатида мамлакат ташқи ва ички сиёсатидаги асосий йўналишларни белгилаган ҳамда Тожикистон олдидаги энг устувор мақсадлар ҳақида тўхталиб ўтган

ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Тожикистон президенти ўз нутқи аввалида мамлакат ривожланишнинг янги босқичига чиқаётганини таъкидлаб ўтган.

"Мамлакатимизнинг 25 йиллик Мустақиллиги даврида мамлакат иқтисодий-ижтимоий ривожланишида муҳим муваффақиятларга эришдик. Биз мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асраймиз. У бизга жуда қимматга тушди", — дея таъкидлаган Эмомали Раҳмон.

Тожикистон раҳбари 1997 йилдан кейин ҳукумат томонидан қабул қилинган илк дастур мамлакат иқтисодиётини  тиклашга йўналтирилганини эслатиб ўтди, деб ёзади Спутник Тожикистон.

"Бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз учта мақсадга эришишга йўналтирилган: биз энг аввало энергетика соҳасида мустақил бўлмоғимиз, транспорт қамалидан чиқишимиз ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашимиз даркор", — дея баёнот қилган Раҳмон. Тожикистон президенти 2030 йилгача мамлакат миллий тараққиёт дастурида шулар келтирилиб ўтганини қўшимча қилган.

Энергетика соҳасида мустақиллик

Тожикистон уч йилдан кейин энергетика соҳасида мустақилликка эришади, деб баёнот қилган мамлакат президенти.

"Янги энергетика қувватлари киритилиши билан уч йилдан сўнг биз энергетика соҳасида тўлиқ мустақилликка эришамиз", — деб таъкидлаган у.

Жорий йилнинг 29 октябр куни Тожикистон Вахш дарёси ўзанини тўсиб, Роғун ГЭСи қурилишини бошлаб юборди.  Дамбанинг илк агрегати 2018 йил охирига келиб ишга туширилиши режалаштирилган.

Ушбу тадбирда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон шахсан иштирок этган: "Миллат етакчиси Эмомали Раҳмон шахсан бульдозер рули қаршисига ўтирган ва эрталаб 10.00дан 11.30га қадар, яъни бир ярим соат давомида Вахш дарёси ўзанига тош тўккан".

Ташқи сиёсат

Тожикистон президенти парламентга йўллаган мактубида мамлакат ташқи сиёсат бобида "очиқ эшиклар" тамойилига содиқ қолишини маълум қилган.

"Айнан шу сиёсат туфайли республика бугунги кунда дунёда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб турибди", — дея изоҳ берган Эмомали.

Раҳмон Тожикистон ташқи сиёсатидаги асосий мақсадлар ўзгаришсиз қолишини айтган ва бу сиёсат энг аввало Тожикистон миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини қўшимча қилган.

"Тожикистон дунёдаги барча давлатлар билан тенг, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабат қуриш тарафдори", — деб айтган у.

3151
Теглар:
коррупция, Душанбе, энергетика, банк, Тожикистон, Роғун ГЭСи, Эмомали Раҳмон, Тожикистон