АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп, архив сурат

Қасамёдга 2 кун қолганда, Трамп аёлларга шилқимлик қилганликда айбланди

710
(Янгиланган 11:15 18.01.2017)
Трампни шилқимликда айблаган америкалик аёл, сиёсатчи устидан судга арз қилди

ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Америкалик Саммер Зервос ўз шаъни ва қадр-қимматини тиклаш мақсадида янги сайланган АҚШ президенти Дональд Трамп устидан судга шикоят қилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Зервосга кўра, сиёсатчи ўзини шилқимликда айблаган аёлларни обрўсизлантириш учун ўз хизмат лавозимидан фойдаланган.

Нашр хабарига кўра, ариза Зервос Глория Олред адвокати томонидан сешанба куни судга топширилган. Шикоят хатида Трамп ўзининг "номуносиб ҳатти-ҳаракатини" тан олиши ёхуд уни судда рад этиши кераклиги айтилган.

"2016 йил 11 ноябр куни Трампни менга нисбатан ишлатган ёлғончи деган даъвосидан воз кечишга чақирган эдим. Мен шунингдек, ундан менга нисбатан қилган ҳатти-ҳаракатлари ростлигини тан олишни ва бу ҳақда очиқ айтишни илтимос қилдим. Орадан икки ой ўтди, Трамп эса ҳамон ўз сўзларидан воз кечгани йўқ. Мен ва бошқа аёллар ҳақида айтилган ёлғон баёнотларни тўлиқ рад этиши учун унга имкон бермоқчи эдим", — дейилган Зервоснинг аризасида. Таъкидланишича, Зервосда ўзининг "қадр-қимматини" тиклаши учун Трамп устидан судга шикоят қилишдан бошқа чора қолмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябр ойида махсус ташкиллаштирилган матбуот-анжуманида Саммер Зервос адвокат гувоҳлигида 2007 йилда Трампнинг "Шогирд" телешоусида иштирок этгач, ёқимсиз бир ҳолатга дуч келганини айтган эди. Зервоснинг сўзларига кўра, Трамп уни иш юзасидан гаплашиб олиш учун учрашувга таклиф қилиб, натижада, бир қаватли уйга олиб борган ва жинсий яқинликка ундамоқчи бўлган. Зервос ўша вақтда Трамп устидан судга шикоят қилишни лозим топмаган.

АҚШ президентлиги учун бўлиб ўтган президентлик пойгаси чоғида Washington Post 2005 йилда суратга олинган видеони оммага эълон қилган: унда Трамп аёлларга шилқимлик қилаётгани ва бу билан мақтанаётгани тасвирланган.

Шунингдек, бир гуруҳ аёллар ҳам Трампни тегажоғлиқда айблашган. Уларнинг сўзларига кўра, бу ишлар ўнлаб йиллар нарида амалга оширилган. Трамп аёлларни ўзига туҳмат қилишаётгани учун судга жалб қилишни ваъда қилган.

710
Теглар:
қасамёд, Трамп, суд