Пушкиннинг Дантес билан дуэли, Алексей Наумов картинаси

Пушкинни ўлдирган дуэль тарихи

2052
(Янгиланган 16:44 10.02.2017)
1837 йилнинг 8 февралида Петербург яқинидаги Қора сой ёнида буюк рус шоири Александр Пушкин ва француз фуқароси Жорж Дантес ўртасида дуэль бўлиб ўтган. Дуэлда олган жароҳати туфайли 10 феврал куни Пушкин ҳаётдан кўз юмган

ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Пушкин ва унинг рафиқаси Наталья Гончарова шаънига доғ туширадиган аноним ҳақоратнома дуэл сабабчиси бўлган.

Маълумотларга кўра, 1836 йилнинг 16 ноябрида Пушкин 3 нусхада аноним хатлар олади. Уларда Пушкиннинг гўсхўр эр экани, рус армиясига хизматга қабул қилинган (голландиялик элчи барон Геккерн томонидан ўғил қилиб асраб олинган) чет эллик  поручик барон Жорж Дантес шоирнинг хотинига хушторлик қилаётганига шаъма қилинганди.

Пушкин Дантесни дуэлга чақиради. Француз аввалига чақириққа рози бўлади, аммо барон Геккерн орқали дуэлни 15 кунга кечиктиришни сўрайди. Бу вақт давомида Дантеснинг ўз қайнсинглиси — Екатерина Гончаровага совчи қўйгани ҳақида билиб қолган Пушкин ўз чақириғини қайтиб олади. 1837 йилнинг 22 январида тўй бўлиб ўтади.

Аммо миш-мишлар болалашдан тўхтамайди. Пушкин суюкли ёри Натальянинг кўнглини овлашда давом этаётган Дантесга ва икки ўртада фитна қўзғаётган барон Геккернга нисбатан нафратини жуда кескин намойиш эта бошлайди. 

Охир-оқибат сабри тугаган шоир Геккернга ўта ҳақоратли мазмунда хат йўллайди. Геккерн эса Дантес номидан уни дуэлга чорлайди.

8 феврал куни Петербург яқинидаги Қора сой ёнида, кеч соат бешда дуэль рўй беради. Дантес томонидан Франция элчихонасининг котиби — виконт Лоран дАширак, Пушкин томонидан эса шоирнинг лицей давридаги ўртоғи — подполковник Константин Данзас секундантлик қилишади.

Рус шоирининг қатъий талаби — дуэл албатта ўлим билан якун топиши ва рақибларнинг биронтасига жон сақлаб қолиш имконини бермаслиги лозим эди: Пушкин ва Дантес ўртасидаги тўсиқ оралиғи ўн қадамни ташкил қилиб, тўсиққача бўлган исталган масофадан ўқ отишга рухсат берилганди.

Дантес биринчи бўлиб ўқ узади ва Пушкинни қорнининг ўнг томонидан яралайди. Шоир ўта оғир жароҳат олади. У йиқилади, аммо сал ўтмай қўлига таяниб, ўрнидан туради ва Дантесни тўсиқ яқинига чорлайди.

Мўлжалга олиб, ўқ узади. Рақиби йиқилганини кўргач, "Офарин!", дея қичқиради. Аммо Дантеснинг жароҳати хавфли эмасди; кўксига қарата узилган ўқ, Дантеснинг қўлини ялаб ўтганди, холос (француз кўксини қўли ёрдамида тўсиб қолган эди).

Яраланган Пушкин ўз квартирасига олиб келинади. Шоир суюкли рафиқаси ҳавотир олдирмаслик учун чекаётган заҳматларини унга билдирмасликка ҳаракат қилади. Сал вақт ўтиб таклиф қилинган шифокорлар фожиа муқаррарлигига иқрор бўладилар ва Пушкинга ҳақиқатни айтадилар.

Шоирнинг уйига руҳоний чақирилади.

Икки кунлик азоб-уқубатни матонат билан ўтказган Александр Пушкин 10 феврал куни дўстлари даврасида ҳаётдан кўз юмади.

Шоирнинг жасади солинган тобут икки кун квартирада қолдирилади, бу вақт оралиғида турли табақага мансуб инсонлар Пушкин билан хайрлашишга келадилар.

Пушкиннинг ўлими аксарият россияликлар томонидан миллий фожиа сифатида қабул қилинган, ва бу ҳолат Михаил Лермонтов, Федор Тютчев, Алексей Кольцов сингари шоирларнинг ижод маҳсулларида ўз ифодасини топган.

Александр Пушкин билан дуэли учун Дантес-Геккерн расман отувга ҳукм қилинган бўлса-да, аммо бу кейинчалик Россиядан депортация қилиш қарорига алмаштирилган.

Турмуш ўртоғининг дуэлдаги иштирокидан хабарсиз қолган Наталья Гончарова эса шоир ўлимидан етти йил ўтиб, 1846 йилда генерал Петр Ланскойга турмушга чиққан…

Таржимон Дилшода Раҳматова.

2052
Теглар:
дуэль, Дантес, Пушкин