Путин МАКС-2019 авиашоуда Эрдўғон билан учрашди

326
(Янгиланган 16:35 27.08.2019)
Тоййиб Эрдўғон Россия қирувчи самолётларини кўздан кечириш учун МАКС-2019 авиация кўргазмасига келди.

ТОШКЕНТ, 27 авг - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Жуковский шаҳарчасига 14 халқаро авиация кўргазмаси - МАКС авиасалони очилиш маросимида иштирок этиш учун етиб келди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Авиасалон қўниш майдончасида Россия президенти самолётини бош вазир ўринбосари Юрий Борисов, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва саноат вазири Денис Мантуров кутиб олишди. Бундан бироз олдн авиасалонга Туркия президенти Тоййиб Эрдўғон самолёти келиб қўнган эди.

Владимир Путин ва Тоййиб Эрдўғон МАКС-2019 авиасалони расмий очилиш маросимида иштирок этиши ҳақида олдин хабар қилинган эди. маросимдан сўнг икки давлат раҳбарлари кенг кўламли масалалар бўйича музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Учрашувдан олдин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков президентлар Суриянинг Идлиб ҳудудидаги ҳамда Украинадаги вазиятни муҳокама қилишлари режалаштирилганини хабар қилишган эди.

Албатта, Эрдўғон МАКС-2019 авиация кўргазмасига фақат Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун келмаган. Туркия раҳбари учун МАКС-2019, биринчи навбатда, Россия қирувчи самолётларини сотиб олиш нуқтаи назаридан қизиқ. 

Маълумот учун, шу кунларда Россия Туркияга С-400 зенит-ракета тизимларини етказиб бериши АҚШнинг кескин эътирозига сабаб бўлган эди. Ушбу битим туфайли Америка Туркияга энг янги F-35 қирувчи самолётларини етказиб беришдан воз кечган эди. 

Шундан сщнг Туркия мудофаа вазири Россия ҳарбий самолётларини сотиб олиш эҳтимолдан ҳоли эмаслигини билдирган эди.

© Sputnik / Сергей Гунеев
Russia MAKS Air Show

 

326