Учения войск Северо-атлантического альянса

АҚШ Ироқ билан қўшинларни чиқариш масаласини муҳокама қилмоқчи эмас

702
Айни вақтда Ироққа юбориладиган ҳар қандай делегация - қўшинларни чиқариш эмас, балки бизнинг стратегик шериклигимизни қай тарзда янгилаш масаласини муҳокама қилиш билан банд бўлади, дейилади АҚШ баёнотида

ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. АҚШ Ироқ билан ўз қўшинларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилмоқчи эмас. Ироқ Бош вазири вазифасини бажарувчи Адель Абд ал-Махдийнинг ушбу масалани кўриб чиқиш учун делегацияни юбориш талабига АҚШ Давлат департаменти шундай жавоб қайтарди. РИА Новости хабари асосида.

"Айни вақтда Ироққа юбориладиган ҳар қандай делегация қўшинларни чиқариш эмас, балки бизнинг стратегик шериклигимизни қай тарзда янгилаш масаласини муҳокама қилиш, бизнинг кучларимизни Яқин Шарқда қай тарзда тўғри ва мос жойлаштириш билан банд бўлади", — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Шу билан бирга, идора, Ироқ ҳукумати билан нафақат хавфсизлик, балки молиявий, иқтисодий ва дипломатик шериклик тўғрисида ҳам музокараларни ўтказиш кераклигини қайд этиб, Америка - бу "Яқин Шарқдаги яхшилик кучи" эканлигини таъкидлаган.

Абд ал-Махдий чет эл ҳарбийларини чиқариш механизми устида ишлаш учун Вашингтон Ироққа ўз вакилларини юбориши кераклиги ҳақида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан телефон мулоқоти давомида айтган. Шу билан бирга у, Бағдод "қўшни ва дўст мамлакатлар билан яхши муносабатларни" сақлаб қолиш тарафдори эканлигини қайд этган.

Ироқ ҳукумати ва парламентида Америка ҳарбийларини чиқариш ҳақидаги талаблар АҚШ мамлакат ҳудудида Эрон генерали Касем Сулаймонийни йўқ қилиш бўйича операцияни ўтказгач жаранг топа бошлаган эди. Бағдод бу хужумни америка кучлари жойлашуви қоидасининг бузилиши сифатида баҳолади.

Бешинчи январь куни Ироқ парламенти чет эл қўшинларини чиқариш учун овоз берди. Эртаси куни Ироқ Қуролли кучлари бош қўмондони Абдель Керим Халф америка қўшинларини чиқариш бўйича механизмга тайёргарлик бошлаб юборилганини маълум қилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп бунга жавобан Ироққа оғир оқибатлар билан дағдаға қилди. Унинг сўзларига кўра, у Бағдодга қарши "ҳали у ҳеч қачон кўрмаган" санкцияларни киритишга тайёр. Бундан ташқари, америка ҳарбийлари то Ироқ америкаликлар томонидан қурилган авиабаза учун тўловни амалга оширмагунига қадар, у ерни тарк этишни режалаштирмаяптилар ҳам, деб қўшимча қилган Трамп.

702
Мавзу:
АҚШ – Эрон можароси (33)