Греция президенти сифатида илк марта аёл киши сайланди: у ҳақида нималар маълум

© Пресс-служба правительства ГрецииЕкатерина Сакелларопулу
Екатерина Сакелларопулу - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Греция давлатини биринчи марта аёл бошқаради. Давлат кенгаши раиси Екатерина Сакелларопулу мамлакат президенти этиб сайланди. У ҳақда нималар маълум - батафсил мақолада.

ТОШКЕНТ, 22 янв - Sputnik. Греция олий маъмурий суди - Давлат кенгаши раиси Екатерина Сакелларопулу Греция президенти этиб сайланди.

Шундай қилиб, Греция давлатини биринчи марта аёл бошқаради.

Овоз бериш чоршанба куни эрталаб парламентда бўлиб ўтди. 261 нафар депутат Сакелларопулу учун овоз берган. 33 киши бетараф қолган. Сайланиш учун 200 та овоз етарли эди.

Конституция бўйича, Греция президенти парламент томонидан бош вазирнинг таклифига биноан беш йиллик муддатга сайланади. Фракциялар ўз номзодларини ҳам таклиф қилишлари мумкин. Регламентда президентликка номзодни муҳокама қилиш кўзда тутилмаган. 13 март куни амалдаги президент Прокопис Павлопулоснинг ваколат муддати тугайди. Греция Президентининг ваколатлари асосан вакиллик функциялари билан чекланган. Асосий ваколат бош вазирга тегишли.

Паннос Каменос - Греция Мудофаа вазири - Sputnik Ўзбекистон
Греция Мудофаа вазири: "грек оролларига турклар қадамини ҳам босолмайди"

Овоз беришдан кейин Бош вазир Кириакос Мицотакис Греция Президенти Прокопис Павлопулос олдига бориб унга сайлов натижалари ҳақида ҳисобот беради.

Сайлов ўтказиш тартиби

Бош вазир Кириакос Мицотакис Сакелларопулуни президентликка таклиф қилди.

Сакелларопулунинг номзодини ҳукмрон “Янги Демократия” партияси ва мухолифатдаги СИРИЗА ва КИНАЛ (собиқ ПАСОК ҳаракати) қўллаб-қувватладилар. Греция Коммунистик партияси, МЕПА25 ва Греция Ҳаракати партиялари фракциялари уни қўллаб-қувватламади.

Тартибга биноан, бирор бир номзодга овоз бериш, бетараф бўлиш ёки сайловда умуман қатнашмаслик мумкин. Президент сайловида қарши овоз бериш қонунда кўзда тутилмаган.

Грецияда президент парламентнинг ялпи мажлисида сайланади. Илгари, Конституция, агар уч босқичда номзод ваколатли кўпчилик овозига эга бўлмаса, парламентни тарқатиб юборилиши кўзда тутилган.

Сўнгги ўзгартиришлардан сўнг президентни сайлашда парламентни тарқатиб юбориш билан боғлиқ қоидалар Конституциядан ўчирилди. Энди Конституция беш босқичда овоз бериш имкониятини беради. Овоз беришнинг биринчи ёки иккинчи турида сайланиш учун номзод 300 ўриндан иборат парламентда камида 200 овоз тўплаши керак, учинчисида - камида 180 овоз. Агар бу амалга ошмаса, тўртинчи турда президент 151 овоз билан, бешинчиси эса оддий кўпчилик томонидан сайланиши мумкин.

Сакелларопулу таржимаи ҳоли

Екатерина Сакелларопулу 1956 йилда Салоникида туғилган. 1978 йилда Афина университетининг юридик факультетини тамомлаган. 1982 йилда у Давлат Кенгашининг Маърузачиси этиб тайинланди. 1988 йилда у лавозимида кўтарилди. Ўқиш таътили доирасида (1989-1990), Сорбонна Университетининг конституцион ва маъмурий ҳуқуқ бўйича аспирантурасида ўқиди. 2000 йилда маслаҳатчи, 2015 йилда - суд раисининг ўринбосари. 2018 йил 17 октябрда у суд раиси этиб тайинланди.

Уни олий суднинг раиси этиб тайинлаш учун ўша пайтда ҳукмрон бўлган Алексис Ципраснинг СИРИЗА радикал коалицияси таклиф қилган эди.

Ўшанда Кириакос Мицотакис “Янги Демократия” партияси бунга қарши бўлган, аммо 2020 йил январ ойида Мицотакис Сакелларопулуни Грециядаги энг юқори давлат лавозимига тавсия қилган.

Яқин Шарқдан келган қочқинлар қутқарув кийимлари. - Sputnik Ўзбекистон
ОАВ: Греция ороллари аҳолиси Нобел мукофотига номзод бўлиши мумкин

Сакелларопулу Давлат кенгаши суд ходимлари уюшмасининг раиси (1993–1995 ва 2000–2001), бош котиб (1985–1986) ва уюшманинг вице-президенти (2006–2008) бўлган. Марказий қонунчилик комиссияси аъзоси (1993-1995). Миллий судьялар мактабида экологик ҳуқуқ фанидан дарс берган (2005-2014). У ушбу мактабда импорт ва экспорт соҳасида рақобат комиссиясининг аъзоси этиб тайинланди. 2015 йил март ойидан бери у “Греция атроф-муҳитга оид ҳуқуқ жамияти” илмий бирлашмаси президенти.

Сакелларопулуни атроф-муҳит муаммолари бўйича мутахассис деб аташади. У кўплаб муҳим масалалар, шу жумладан Ахелоос дарёсида гидроэлектростанцияларни қуриш бўйича маърузачи бўлган.

Бу орада Сакелларопулу фаолияти бир неча бор танқид қилинди. Сакелларопулу атроф-муҳит ташкилотлари талабларини қўллаб-қувватлаб давлатнинг Ғарбий Грециядаги барча лойиҳаларига қарши овоз берди. Шу билан бирга, у Марафон шаҳри яқинидаги пойтахтининг Аттика райони шарқида полигон учун катта майдонлар ажратишга овоз берди, Грециянинг шимолий-шарқидаги Халкидики яриморолидаги Канада олтин қазиб олувчи компаниясига ер ажратилиши рад этилишини қайтарди.

Сакелларопулу собиқ молия вазири Йоргос Папаконстантинуни айбсиз деб тан олишни таклиф қилди. У "Лагард рўйхати"дан учта қариндошининг исмларини олиб ташлашда айбдор деб топилди. Натижада Папаконстантину бир йил қамоқ жазосини уч йиллик шартли қамоқ жазосига чўзиш шарти билан ҳукм қилинди. "Лагард рўйхати" HSBC банкининг Швейцария филиалидаги 2 мингдан ортиқ бой Грециялик омонатчиларининг исмларини ўз ичига олади. Рўйхат 2010 йилда Греция ҳукумати ихтиёрига Франция молия вазирлиги раҳбари Кристин Лагард томонидан топширилган, ва унинг атрофидаги жанжал сўнгги йилларда Грецияда энг катта жанжаллардан бирига айланган эди, чунки сиёсатчиларнинг қариндошларининг исмлари рўйхатдан ўчириб ташланган эди.

Сакелларопулу ишчиларнинг 13 ва 14 ойлик маошларини бекор қилишни қўллаб-қувватлади. Иш ҳақининг қисқартирилиши Грецияда оммавий норозиликларга сабаб бўлди. У, шунингдек, Преспан келишувини қўллаб-қувватлади, унга кўра собиқ Югославиянинг Македония Республикаси Шимолий Македония деб номланди. Аксарият грецияликлар келишувга қарши чиқишди.

Янгиликлар лентаси
0