Нефтяной танкер в море

Саудия Арабистонига нефт уруши қимматга тушади - Bloomberg

1148
(Янгиланган 15:58 17.03.2020)
Саудия Арабистони 1 апрелдан бошлаб нефт қазиб олиш ҳажмини кескин ошириши билан нефт ташувчи танкерлар хизмат ҳақи 7 бараварига ошиб кетди.

ТОШКЕНТ, 17 мар – Sputnik. Саудия Арабистони ўзи бошлаган нефт уруши учун қиммат нарх тўлашга мажбур бўлади, деб ҳисоблайди Bloomberg агентлиги таҳлилчилари.

ОПЕКнинг бир неча кун олдин бўлиб ўтган мажлиси муваффақиятсиз якунланган эди. Саудия Арабистони 1 апрелдан бошлаб нефт қазиб олиш ҳажмини кескин оширишни ваъда берган эди. Ушбу хабардан сўнг нефт нархи энг паст кўрсатгичларга тушиб кетди, нефт ташувчи танкерлар бозорида дефицит пайдо бўлди ва уларнинг хизмат ҳақи 7 бараварига ошиб кетди.

Бугунги кунда Яқин Шарқдан Хитойга танкер фрахт қилиш суткасига 243 минг долларни ташкил қилади. Супертанкер нархи эса 400 минг долларга яқинлашади. Саудия Арабистонининг National Shipping Co. Ўзининг 40 та танкерига қўшимча равишда яна 30та танкер ижарага олди. Улар орасида ҳар бири 2 миллион баррел нефт ташувчи 8та супер танкерлар ҳам бор.

Блумберг экспертлари фикрига кўра, Саудия Арабистони шундай услубда жаҳон бозоридан Россияни сиқиб чиқармоқчи бўлмоқда. Ваҳоланки, бундай ҳаракатлар оқибатида энг кўп зарар кўрадиганлар Саудияликларнинг ўзлари ва АҚШнинг сланец нефт компаниялари бўлади, деб ҳисоблашади экспертлар.   

Бир қатор молия институтлари (Bank of America ва Raiffeisenbank) фикрига кўра, Россияда нефт қазиб олиш таннархи 15-20 долларни ташкил қилади ва Россия жаҳаон бозорида нефт нархи паст бўлса ҳам узоқ вақт ишлай олади. Айни Brent маркали нефт нархи 30-31 долларни ташкил қилмоқда.

1148