ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Давлат айбловчиси жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича Қирғистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради.
Sputnik Қирғизистон нашрининг ёзишича, ушбу маълумотни Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди тасдиқлаган. Суд мажлиси бугун бўлиб ўтган.
Шунингдек, прокурор Атамбаевнинг мол-мулкини мусодара қилиш, уни давлат мукофотлари ва унвонларидан маҳрум қилишни сўраган.
Иш вақти якунлангани боис суд муҳокамаси 18 июнга қолдирилган.
Аввалроқ судья Алмазбек Атамбаевни суд мажлиси тартибини бузганлиги учун залдан чиқариб юборган эди. Бунга қадар сиёсатчи мажлисда иштирок этишдан бош тортиб, бир неча марта туриб кетиб қолганди.
Батукаев иши
Азиз Батукаев 2006 йилнинг август ойида Аламудин туман суди ҳукми билан 16 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, унинг молу мулки мусодара қилинган. Батукаев 2006 йилда Бишкек шаҳри яқинида колонияда оммавий тартибсизлик уюштирганликда ва ҳужум пайтида Қирғизистон парламенти депутати Тиничбек Акматбаев, жазони ижро этиш бошқармаси раҳбари Икматулла Полотов ва парламентнинг икки нафар ходимини ўлдиришда айбланган. Азиз Батукаев 2013 йил 9 апрелда “оғир касаллик” туфайли шартли равишда озод қилинган. У бундан фойдаланиб, Қирғизистон ҳудудини тарк этган.
Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра, Батукаев ҳозирда Чеченистонда ноқонуний қурол сақлагани учун жазо муддатини ўтамоқда.
“Жиноий авторитет”га нисбатан жиноий ишни қайта қўзғатилганини 17 апрель куни Қирғизистон бош прокурори Откурбек Жамшитов маълум қилди.
Алмазбек Атамбаевга мазкур жиноят иши юзасидан сўроққа келиш тўғрисида уч марта чақирув қоғози юборилган эди. Қирғизистон ИИВ таъкидига кўра, айнан Атамбаев Азиз Батукаевни озод қилиш тўғрисида фармон берган. Собиқ президентнинг сўроқ келишдан бош тортиши, уни куч билан қўлга олиш махсус амалиёт билан якунланди. Унда бир ҳарбий хизматчи қурбон бўлди. Мазкур ҳодисалар юзасидан ҳам жиноий иш очилган ва Атамбаев айбланувчи сифатида жалб қилинган.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қўшма штаби бошлиғи, генерал-полковник Анатолий Сидоров Тожикистон Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган КХШТ видеоконференциясида минтақавий хавфсизликка асосий таҳдидларни санаб ўтди.
Афғонистон ҳудудида радикал исломий ва террористик гуруҳларнинг борлиги аввалгидек хавотир ўйғотмоқда. “Толибон”* исломий ҳаракати Афғонистон ҳудудида энг кўп сонли гуруҳ ҳисобланади.
Ҳозир унинг сафида 70 мингдан ортиқ жангари мавжуд. Экстремистлар катта ҳудудларни назорат қилиб, шимолий, жанубий ва жануби-шарқий вилоятларда фаоллик кўрсатмоқда.
"Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош минтақалардаги отрядларнинг умумий сони 15 минг кишини ташкил этади", - дейди КХШТ қўшма штаби раҳбари.
Минтақа хавфсизлигига яна бир таҳдид - бу "Ислом давлати" халқаро террорчилик уюшмасининг “Вилоят Хуросон”* гуруҳи Афғонистондаги позицияларини мустаҳкамламоқда. Бугунги кунда жангарилар сони 4 минг кишини ташкил қилади.
"Улар Марказий Осиё давлатларини келгуси экспансияси учун плацдарм яратиш мақсадида Тожикистон ва Покистон билан чегарадош ҳудудлар устидан назорат ўрнатишга интилмоқда", - деб хулоса қилди генерал-полковник.
* Россияда тақиқланган террорчилик ташкилот.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Арманистон Бош штаби бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилди. Бу ҳақда Sputnik Арманистон хабар қилмоқда.
Баёнотда ёзилишича, мамлакат Бош штаби штаб бошлиғининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатряннинг лавозимидан озод қилишини юзасидан қатъий норозилик билдиради.
Ҳарбийлар унинг ишдан олиш тўғрисидаги қарор Арманистон миллий ва давлат манфаатларини инобатга олмаган ҳолда, фақат шахсий адоват асосида қабул қилинган деб ҳисоблашади.
“Бундай оғир шароитларда бундай қарор давлатга қарши ва масъулятсизлик ҳисобланади”, - дейилган баёнотда.
Бош штаб Пашинянни ўз халқига қарши куч қўллашдан огоҳлантирган.
Пашинян бўлиб ўтаётган ҳодисаларни давлат тўнтарилишига уриниш деб атади ва тарафдорларини Еревандаги майдонга чиқишга давъат этди.
Кейинчалик Арманистон бош вазири Қуролли кучлар унинг истеъфосини талаб қилгандан сўнг Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни лавозимидан озод қилганини маълум қилди.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги вакили этиб Шуҳрат Шукуров тайинланди. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган, ЕИК матбуот хизмати хабарига асосан.
2020 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олган эди. Ушбу қарор ЕОИИ Олий совети мажлисида қабул қилинган ва унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган.
ЕИК хабарига кўра, 26 феврал куни Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадовнинг ЕИК коллегия раиси Михаил Мясникович, интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазьев ва савдо вазири Андрей Слепневлар билан учрашуви кутилмоқда. Учрашув давомида Ўзбекистон ҳукуматининг Шуҳрат Шукуровни вакил этиб тайинлаш ҳақидаги хати кўриб чиқилади.
Шухрат Шукуров Москва иқтисодий-статистика институтини ва Ўзбекистон давлат ва жамият қурилиши академиясидаги Олий бизнес мактабини тугатган. Ўзбекистон иқтисодий мажмуасида 30 йиллик меҳнат тажрибасига эга. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
ЕОИИ иқтисодий комиссиясида Шукуров узоқ муддатли миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш билан шуғулланади.