Трамп NYT᾽нинг Россия ҳақидаги мақоласини буюртма деб атади

140
(Янгиланган 12:30 29.06.2020)
Америка президентининг сўзларига кўра, нашр таянган манба ҳатто мавжуд ҳам эмас. Бу навбатдаги буюртма мақоладир.

ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп The New York Times газетасини танқид қилиб, унинг Россия Афғонистондаги Америка ҳарбийлари ўлимига алоқадор ҳақидаги мақоласини буюртма деб атади.

“Эҳтимол, бу шунчаки сохта (The New York) Times᾽нинг навбатдаги яна бир буюртма мақоласи, уларнинг Россия ҳақидаги муваффақиятсизликка учраган уйдирмаси каби (2016 йилдаги президент сайловларида Россия билан тил бириктирганлик айблови  - таҳр.). Ким уларнинг манбаси?”, - дея ёзган Трамп твиттерда.

​У нашрни ўз манбасини ошкор этишга чақирган. Эслатиб ўтамиз, The New York Times мақоласида маълумот, жумладан, асирга олинган жангарини сўроқ қилиш вақтида олинган таъкидланган эди. Аммо бирор бир аниқ тафсилот ва далил келтирилмаган эди.

“Ҳеч ким мени, вице-президент Майкл Пенсни ёки Оқ уй ходимлари аппарати раҳбари Марк Медоузни ёлғон хабарлар тарқатувчи “The New York Times”нинг “аноним манба”сига таяниб хабар берганидек, россияликларнинг Афғонистондаги аскарларимизга ҳужуми ҳақида огоҳлантирмаган. Ҳамма буни инкор қилмоқда, бизга ҳужум ҳам қилинмаган эди”, - дея қўшимча қилган Трамп.

26 июнь куни New York Times журналистлари мақола чоп қилишди. Унда таъкидланишича, гўёки Россия “Толибон”* террорчилик гуруҳи аъзоларига Афғонистондаги Америка аскарларининг боши учун мукофот таклиф қилган.

Нашрнинг фикрига кўра, буларнинг барчаси толиблар билан тинчлик битимини барбод қилишга қаратилган эди.

Аввалроқ Оқ уй Дональд Трампга Россия гўёки толибларга Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларига ҳужум қилиш эвазига мукофот таклиф этгани ҳақида хабар қилмаганини маълум қилган эди.

Россия ТИВ америка ҳарбийлари буюртма қотиллигида рус ҳарбий разведкасининг алоқадорлиги тўғрисидаги хабарни фейк деб атади.

* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилот

140

Лавров коронавирус мавзусини рўкач қилиб найранглар қилиш мумкин эмаслигини айтди

135
Москва коронавирус ёки биотерроризм мавзусини манипуляция қилиш мумкин эмас деб ҳисоблайди - Сергей Лавров.

ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Москва коронавирус ёки биотерроризм мавзусини манипуляция қилиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Бу ҳақда РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Аргументы и факты" газетасига берган интервьюсида айтди.

Вазир таъкидлашича, террорчилар томонидан COVID-19 ишлатилиши хавфи ҳақида кўплаб миш-мишлар мавжуд.

"Аммо дунёнинг баъзи минтақаларида террорчилар пандемия шароитлари ва у билан боғлиқ қийинчиликлардан фойдаланиб, ўзларининг таъсирини кенгайтириш, ваҳима ва одамзодга қарши ғояларини тарқатиш, шунингдек, ўз тарафдорлари сафларини, биринчи навбатда инқироз даврида ҳокимиятнинг ҳаракатларидан норозилар ҳисобига тўлдиришга уринишмоқда", - дейди у.
Биотерроризм хавфи мавзуси халқаро майдонларда кўп йиллардан бери муҳокама қилинмоқда ва ҳозирги вазият табиийки бундай мунозараларни рағбатлантиради, деб ҳисоблайди юқори мартабали дипломат.

"Пандемия мавзуси ёки унинг ташқарисида биз коронавирус ёки биотерроризм мавзусини коньюктура мақсадларида, шу жумладан бошқа давлатлар ёки халқаро ташкилотларга мафкуравий ва маънавий босимни кучайтиришга қаратилган провокацион баёнотлар ва бузғунчи ахборот кампаниялари шаклида ишлатилишини мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблашимизни қўшиб ўтаман", - деди Лавров.

Вазир, шунингдек, террорчилар қўлига хавфли кимёвий ва биологик воситаларнинг тушишининг олдини олиш, шунингдек, кимёвий ва биологик қуролларни ишлаб чиқариш технологиялари муаммосига эътибор қаратди. Лавров 2016 йил март ойида Россия қуролсизланиш бўйича Женева конференциясида кимёвий ва биологик терроризм ҳаракатларига қарши кураш бўйича халқаро конвенцияни (МКХБТ) ишлаб чиқиш бўйича таклифни киритганини эслатди.

“Ушбу ташаббус тобора кенгайиб бораётган, тизимли ва трансчегаравий характерга эга бўлган ОМУ-терроризмининг сифат жиҳатидан янги таҳдидига тез ва самарали жавоб беришга имкон бермайдиган халқаро ҳуқуқдаги бўшлиқларни тўлдиришга йўналтирилган. Халқаро ҳужжатларда мавжуд бўлган терроризмга қарши қоидалар амалиётда чегараланган, чунки улар маълум мақсадларга эришиш учун ишлаб чиқилган. Россия томонидан таклиф этилган халқаро конвенция, у ҳал қилиши мумкин бўлган масалалар нуқтаи назаридан кўп қирралидир, чунки у тарқатмаслик, қуролсизланиш ва терроризмга қарши кураш чорраҳасида жойлашган. Бу каби жиноий хатти-ҳаракатларнинг яққол жиноий йўналтирилганлигини аниқлаши билан, у тўғридан-тўғри ҳаракат қилиш нормаларини белгилагани жуда муҳимдир”, - дея тушунтирди вазир.

Лавровнинг таъкидлашича, конвенциянинг ишлаб чиқилиши бошқа давлатларнинг манфаатларига зарар етказмайди, унинг қабул қилиниши эса "истисносиз барча давлатлар хавфсизлигини миллий, минтақавий ва глобал даражада кучайтиришга ёрдам беради".

Бундан ташқари, у МКХБТ ташаббуси "умуман қуролсизланиш бўйича конференцияда музокаралар олиб борилишига тўсқинликни олиб ташланишига ҳақиқий восита бўлиши мумкин", - дея қўшимча қилди у.

135
Приземление самолета компании Air Astana в аэропорту Алматы

Қозоғистон етти мамлакат билан мунтазам парвозларни тикламоқда

337
2020 йил 17 августдан Қозоғистон босқичма-босқич халқаро парвозларни қайта тиклайди. Аввалига қозоғистонликлар еттита мамлакатга парвоз қилишлари мумкин.

ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Қозоғистон босқичма-босқич қатор давлатларга, жумладан, Россияга халқаро парвозларни қайта тикламоқда. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон мамлакат фуқаро авиацияси қўмитасига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Қозоғистонликлар 17 августдан Бирлашган Араб Амирликлари, Беларусь, Германия, Нидерландия, Миср, Украина ва Россияга парвоз қилишлари мумкин.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқорида келтирилган мамлакатлар авиация ҳукумати билан биргаликда олдиндан мунтазам йўловчи рейсларини қайта тиклаш масаласи ишлаб чиқилган. Шу билан бирга шуни таъкидлаш жоизки, Россияга парвозларни амалга ошириш учун Россия томонининг рухсатномаси талаб этилади”, - дейилган хабарда.

Таъкидланишича, рейслар амалдаги ҳаво алоқалари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар асосида амалга оширилади.

337

Ўзбекистонда 17 августдан масжидлар ишга тушади

110
(Янгиланган 00:09 13.08.2020)
Масжидларда вақтинча жума намози адо этилмайди, диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан Ўзбекистондаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини қайта давом эттиради. Диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати расмий баёнотида диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилиши айтилган.

Қуйидаги муҳим тавсия ва талабларга сўзсиз амал қилиш, масжидлар фаолиятининг давомли бўлишига асосий омил бўлади:

- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;

- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);

- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;

- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);

- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;

- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;

- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;

- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;

- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.

110
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси