Валентина Матвиенко

Инсоний муносабатлар парламент дипломатияси муваффақиятини белгилайди - Матвиенко

182
(Янгиланган 20:40 30.06.2020)
Халқаро парламентаризм кунида РФ Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Sputnikка эксклюзив интервью берди.

Нега демократиянинг ягона стандартини сингдириб бўлмайди? Россия қонун чиқарувчилари ким билан ва қандай ҳамкорлик олиб боради? COVID-19 туфайли чекловлар шароитида ишлаш қийин эмасми? Халқаро парламентаризм кунида бу ҳақда Sputnik билан эксклюзив интервьюда РФ Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко айтиб берди.

- Нима учун айнан Россия Халқаро парламентаризм кунини таъсис этиш ташаббуси билан чиқди? Ва икки йилдан ўткач бу ташаббус халқаро парламент ҳамжамияти томонидан қанчалар қабул қилинганилиги тўғрисида нима дейиш мумкинми?

- Бу кунни БМТ календарига киритиш ташаббуси билан чиқиб, Россия бу билан парламент дипломатиясининг ижодий салоҳияти ва мустаҳкамловчи кучига ишонишини намойиш этди. Мен шахсан шундай деб ўйлайман. Парламент аъзоларининг қарашларининг фарқлилигига қарамай, бизни бирлаштирувчи жиҳатлар бизни ажратиб турувчи жиҳатлардан устундир.

Парламент аъзолари - профессионал амалдорлар эмас, улар сайловчилар, оддий одамлар вакиллари. Аҳир дунёдаги барча одамлар умуман битта нарсани - ўзлари ва болалари учун хавфсиз ва бахтли ҳаётни хоҳлашади. Ростини айтсам, байрам куни ғояси илгари ҳеч қачон ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаганлиги мени ҳайратга солади, чунки бу, моҳиятан, энг демократик байрамдир, чунки парламентаризм ҳар қандай демократик тизимнинг асосидир.

Албатта, икки йил қисқа давр. Аммо бу вақт ичида биз етарлича халқаро тадбирлар, учрашувлар ўтказдик: бу ташаббус парламентлар ва парламент аъзолари, умуман халқаро ҳамжамият томонидан ижобий қабул қилинди.

- Оммавий ахборот воситаларида, экспертлар ҳамжамиятида, технологияларнинг жадал ривожланиши, ҳаётнинг деярли барча соҳаларида тезкор ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда, парламентлар ва парламентлараро ҳамкорликнинг ролини пасайиш тенденцияси кузатилаётгани ҳақида фикрларни эшитса бўлади. Шу йўсинда, Халқаро парламентаризм куни ҳам – “кечаги кун байрамими”?

- Назаримда, ҳаёт бунинг аксини кўрсатмоқда. Ҳа, дунё ўзгармоқда, қабул қилинаётган қонунларнинг сифатига ва парламентларнинг фаолиятига талаблар ҳам ўзгариб бормоқда. Аммо уларнинг ролини камситиш аниқ рўй бермаяпти. Ва бу амалга ошмаслигига аминман ҳам. Парламентсиз муҳим қарорларни қабул қилишда ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг ҳақиқий иштироки бўлиши мумкин эмас.

Сиз технологиянинг ривожланиши ҳақида гапиряпсиз, аммо бу ривожланиш жамият манфаатларига, инсон манфаатларига мос келгандагина маънога эга бўлади. Бунга одамлар манфаатларини ифода этувчи ҳокимиятисиз эришиб бўлмайди. Технологиялар одамларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари ҳизматида ишлаши керак ва аксинча, уларни алмаштириш ёки бекор қилишлиги учун эмас. Менинг фикримча, айнан шу формула айниқса ўзгаришлар даврида парламентаризм институтларини аҳамиятини сақланишини кафолатлайди. Демак, Парламентаризм куни - кечаги кун байрам эмас. Аксинча.

ўйлайманки, дунё миқёсида ҳар қандай ижтимоий аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда парламентларнинг роли ошиб боради. Ҳам миллий, ҳам халқаро ишларда. Мен ҳозирнинг ўзида ушбу тенденцияни МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ва Парламентлараро иттифоқига аъзо  парламентлар мисолида кўриб турибман. Бизнинг кўп қутбли дунёмизда барча муаммолар фақат музокаралар йўли билан ҳал қилиниши керак, бировнинг “ягона ҳақ” нуқтаи назарининг устун бўлишига йўл қўймаслик керак. Бу мувозанатни фақатгина анъанавий дипломатияга қўшимча равишда парламентлараро дипломатия ушлаб туришга қодир.

Шу билан бирга, парламентнинг фаолияти қотиб қолган, бир маротаба берилган, аллақандай нарса эмас. У замон талабларига мос бўлиши керак. Биз Россияда ушбу қоидага амал қиламиз. Ҳозирда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз берилмоқда. Улар Россияни кучли президентлик ҳокимиятига эга мамлакат сифатида сақлаб қолади, бу эса мамлакатимизнинг тарихий ва замонавий воқеликларига тўла жавоб беради. Ва шу билан бирга Федерация Кенгаши ва Давлат Думасининг ваколатлари кучаяди. Бу вақт талаби. Кучли парламент - кучли демократия - кучли мамлакат.

- Коронавирус эпидемияси турли мамлакатлар парламентларининг аъзолари алоқаларига, уларнинг интенсивлигига таъсир қилмай қолмайди. Сизнинг фикрингизча, халқаро муносабатлар учун бу қанчалик зарарли? Бугунги кунда Федерация Кенгашининг халқаро фаолияти қандай шаклланмоқда?

- Эпидемия, албатта, таъсир кўрсатди, аммо ўта зарарли ҳолда эмас. Ҳеч қайси  йўналишда иш тўхтаб қолмади, баъзиларида замонавий технологиялар туфайли янада ривожланди. Албатта, бир неча ой мажбурий яккаланишдан кейин одамлар билан шахсий мулоқотни ҳохлайсан киши. Жонли мулоқот мутлақо бошқача даражадаги муомалани ва тушунишни беради. Фарқи нимада дейиш мумкин? Видео-алоқа орқали ҳам бир-бирингизни кўрасиз, ҳис-туйғуларни сезасиз, аммо барибир нимадир етишмаётгандай, видео-алоқа узата олмайдиган баъзи икир-чикирлар.

Шу билан бирга, ҳаёт шуни кўрсатадики, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтса бўлади, истак бўлса бўлди. Бунинг устига, сўнгги йилларда иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан парламентлараро ҳамкорлик соҳасида бир қатор қадамларни қўйдик, ва улар, ўйлайманки, бунинг ривожланишига янги туртки берди.

Сўнгги йилларда Парламентлараро иттифоқда Россия делегацияси ташаббуси билан қабул қилинган иккита резолюцияни эслатиб ўтаман. Улар суверен давлатларнинг ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмасликни ва у давлатларга демократиянинг ягона “классик” моделини сингдириш мумкин эмасликни назарда тутади.

Бундай модел йўқ ва бўлмайди ҳам. Ҳар бир мамлакат ўзининг миллий ва тарихий хусусиятларига, замонавий сиёсий воқелигига мос келадиган демократик тизим шаклини эркин танлаш ҳуқуқига эга. Айнан бизнинг мамлакат халқаро муносабатлардаги ҳар қандай босим, диктат уринишларига тўсқинлик қилувчи иккала ҳужжат муаллифидир. Иттифоқ раиси Габриэла Куэвас Баррон ҳоним ҳам айрим давлатлар парламент аъзоларига нисбатан жорий этилган санкциялари туфайли принципиал позицияни эгаллади. Биз аминмизки, ҳалқ танлаганга қарши санкциялар аслида халқнинг ўзига ва демократияга қарши санкциялардир. Бизнинг бу қарашимиз дунёдаги энг йирик парламент ташкилоти раҳбарияти томонидан тушунилиши ва қўллаб-қувватланишидан мамнунмиз.

Замонавий халқаро парламентаризмнинг муҳим мавзуларидан бири бу маданий хилма-хилликни мулоқот орқали тарғиб қилишдир. Ахир бу можаролар, санкциялар ва урушларга альтернативадир. Россия давлат раҳбарлари, парламент аъзолари ва дунё динлари етакчилари иштирокида динлараро ва миллатлараро мулоқот бўйича Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу таклиф 2017 йилда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг (ПаИ) 137-чи ассамблеясининг якуний декларациясида қўллаб-қувватланди ва кейин БМТ Бош ассамблеясининг резолюциясига киритилди. Бутунжаҳон конференция 2022 йил 21 май куни Россияда бўлиб ўтади. Унга тайёргарлик аллақачон қизғин. Ушбу йирик жаҳон форуми нафақат 2022 йилги сиёсий кун тартибидаги ҳодиса, балки Россияни маданиятлар, миллатлар, динлар, сиёсий кучлар учрашадиган, музокара қиладиган ва зарурат туғилса ярашадиган майдони сифатида ноёб платформа мақомини тасдиқланиши учун барча имкониятларни ишга соламиз.

Биз Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясидаги делегациямизга нисбатан барча чекловлар олиб ташланишига эришдик. Бу осон бўлмади, аммо биз эгаллаган қатъий позициямиз туфайли Россия делегациясининг камситилиши – ўтмиш сарқитига айланди. Ушбу ҳодисанинг аҳамиятини баҳолаб бўлмайди. Чунки бу орқали биз парламентлараро ҳамкорлик соҳасида камситишларга йўл қўйиб бўлмаслигини яққол кўрсатдик. Аммо гап нафақат адолатни тиклаш, ҳуқуқ ғолиблиги ва сиёсий ўйинлар устидан чинакам демократия устуворлигида. Биз ПАСЕ (Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси-таҳр.) доирасидаги конструктив ҳамкорликдан умидвормиз ва бу ерга жанг қилгани ёки ҳисоб-китоб учун эмас, балки Европа халқлари, бутун сайёрамиз халқлари манфаатида ишлаш учун қайтиб келдик.

Ҳамкорликни икки томонлама форматда давом эттирмоқдамиз. Мана яқинда мен ҳамкасбим, Франция Республикаси Сенати раиси Жерар Ларше билан видео-алоқа орқали музокаралар ўтказдим. Биз “Россия - Франция: ишончга асосланган кун тартиби учун” мавзусидаги қўшма Россия-Франция ҳисоботини муҳокама қилдик.

Эслатиб ўтаман, бу бундай иккинчи ҳисобот бўлиб, унда биз Россия ва Франция ўртасидаги сиёсий мулоқотни кенгайтиришга, келажак учун икки томонлама кун тартибини шакллантиришда парламентларнинг қўшаётган жиддий ҳиссасини кўрмоқдамиз, чунки ҳисобот нафақат соатларни солиштириш, балки ўзаро ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи кейинги ҳаракатларнинг ўзига хос “йўл харитаси”дир. Бу парламентлар бошқа сиёсий алоқаларни қувиб ўтиб, келажакка ўзгача шукуҳ берадиган узига ҳос ҳодисадир.

Ўйлайманки, бугунги кунда мамлакатларимиз парламент аъзоларининг халқаро муносабатларда янги услубни шакллантириш томон умумий интилишлари ҳақида дадил гапириш мумкин. Айнан шу нуқтаи назардан, Россия сенаторларининг қуролларни қисқартириш бўйича халқаро шартнома базасини сақлаб қолиш учун парламентлар даражасида халқаро музокаралар майдонини яратиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқиш керак.

Бундай қўшма маърузаларни тайёрлаш, менинг фикримча, парламент аъзолари ўртасидаги ҳамкорликнинг жуда самарали шаклидир. Биз уни бошқа давлатлар парламентлари билан ҳамкорликда ҳам қўллаймиз. Ҳозирда Федерация Кенгаши ва Италия Республикаси Сенатининг тааллуқли қўмиталари РФ ва Италиянинг келажакдаги муносабатларига оид маъруза устида ишламоқда. Унинг тақдимоти бу йил бўлиб ўтиши мумкин.

Биз Россияда МДҲ давлатларини стратегик шерикларимиз деб биламиз. Март ойининг бошида Беларусияга ташриф буюрганимда, ўзаро ишончга яна бир бор амин бўлдим. Мен чуқур қониқиш билан айтишим мумкинки, нацистлар устидан Буюк Ғалабанинг тарихий меросига бағишланган Беларусь ва Россия минтақаларининг VII форумига тайёргарлик давом этмоқда. Ташкилий қўмитанинг 16 июн куни бўлиб ўтган йиғилишида, форум 2020 йил 23-25 ​​сентябр кунлари ўтказилиши олдиндан келишиб олинди.

Кўплаб сенаторларнинг хорижий давлатлардаги ҳамкасблари билан бевосита алоқалари йўлга қўйилган. Улар тез-тез қўнғироқлашиб турадилар, фикр алмашишади. Парламент дипломатиясининг асоси ва унинг муваффақиятини айнан мана шундай инсоний муносабатлар ташкил этади, деб ўйлайман.

182
Здание правительства республики Таджикистан

Тожикистонда президент сайлови санаси маълум бўлди

30
Тожикистон парламентининг юқори ва қуйи палатаси навбатдаги президент сайловларини жорий йилнинг 11 октябрь кунига белгилади.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Тожикистонда президент сайловлари 2020 йил 11 октябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон нашри хабар бермоқда.

“Тожикистонда навбатдаги президент сайловлари жорий йилнинг 11 октябрь кунига белгиланган”, - дейилган хабарда.

6 август куни Тожикистон парламентининг юқори ва қуйи палатаси қўшма мажлисида навбатдаги президент сайловини ўтказиш санаси тўғрисида қарор қабул қилинган.

Тожикистонда президент 7 йил муддатга сайланади. Амалдаги республика президенти Эмомали Раҳмон ушбу лавозимни 1994 йил ноябрь ойидан буён эгаллаб келмоқда.

30
Государственный департамент США

АҚШ Давлат департаменти "Россия пропагандаси" асослари ҳақида ҳисобот эълон қилди

43
Давлат департаменти баёнотига кўра, "Россия дезинформацияси"га уюшган саъй-ҳаракатлар қарши қўйилган бўлиб, АҚШ уларни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашни мақсад қилган

ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Давлат департаменти чоршанба куни "Россия дезинформацияси ва пропагандаси экотизими асослари" ҳақида ҳисоботни эълон қилди, унда у ўзининг "рус тарғиботи" ҳақидаги концепциясини тизимлаштирган бўлиб, хусусан, "пропаганда" тушунчасига - давлат томонидан молиялаштириладиган Россия ОАВлари киритилган.

"Россиядаги хабарларни бузиб кўрсатиш ва тарғибот экотизими - бу расмий, қўл остидаги, алоҳида белгилари бўлмаган коммуникация каналлари ва платформалари йиғиндиси бўлиб, Россия улардан сохта воқеаларни яратиш ва улар таъсирини кучайтириш учун фойдаланади. Ушбу экотизим беш асосий устундан иборат: расмий ҳукумат коммуникациялари, давлат томонидан молиялаштириладиган глобал эшиттиришлар, қўл остида мавжуд ресурслар культивацияси, ижтимоий тармоқлардан қурол сифатида фойдаланиш ва кибермакондаги фаолият орқали сохта маълумотлар тарқатиш. Кремль ушбу тактика ва платформалар культивацияси учун бевосита жавобгар - бу унинг маълумотлардан қурол сифатида фойдаланиш бўйича дастурининг бир қисмидир", дейилади ҳисоботда.

Дезинформацияларга мисол сифатида жумладан, Sputnik, РИА Новости, RT, Биринчи канал, Россия 24 ва бошқа медиа-ресурслар сарлавҳалари келтирилган. Хусусан, РИА Новостининг "(Буюк Британия бош вазири) Жонсонга ўпканинг сунъий вентиляцияси ўтказилиши" ҳақидаги мақола дезинформация дея аталган. Бу дезинформация эканлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирилмаган.

Давлат департаменти баёнотига кўра, "Россия дезинформацияси"га уюшган саъй-ҳаракатлар қарши қўйилган бўлиб, АҚШ уларни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

"Россия культивация қилишда давом этаётган маълумотларни бузиб кўрсатиш ва тарғибот экотизими ўз рақибларидан холи эмас. Унга ушбу тактикага тоқат қилишдан бош тортаётган ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, олимлар, матбуот, хусусий сектор ва фуқароларнинг дезинформацияга қарши бўлган ривожланаётган ҳамжамияти қарши чиқмоқда. Давлат департаменти ушбу ҳисоботни қўшма саъй-ҳаракатларга қўшаётган ҳисса сифатида тақдим этмоқда", - дейилади ҳужжатда.

АҚШ Давлат департаменти "Россия томонидан бўлаётган хабарларни сохталаштириш ва пропагандага қарши туриш учун" учун 2021 йил учун давлат бюджетидан 138 миллион доллар сўраган. Кремль ва РФ ТИВ бундан олдин ҳам Россия номига дезинформация бўйича қўйилаётган айбловларни кўплаб маротаба рад этган.

АҚШда чет эл бўйича хабарлар давлат агентлиги - "Америка Овози" ва Озодлик/Озод Европа радиоси бош тузилмаси мавжуд бўлиб, уларни РФ Адлия вазирлиги бошқа ОАВлар билан бир қаторда хорижий агентлар рўйхатига киритган. 1994 йилдан буён BBG деб номланган ташкилот 2018 йилда АҚШнинг глобал ОАВлари бўйича агентлиги (USAGM) этиб қайта номланган. Унинг доирасида фақатгина интернетда узатиладиган теле-дастурлар ишлаб чиқарилади. Агентлик тўлалигича АҚШ бюджетидан молиялаштирилади, 2017 йилда унинг харажатлари 748 миллион долларни ташкил этди.

43
Спецоперация по захвату Сухроба Каримова, угрожавшего взорвать банк в Киеве

"Киевлик террорчи" Сухроб Каримов икки ойга ҳибсга олинди

34
(Янгиланган 12:30 06.08.2020)
Сал олдин, 3 август куни, Каримов Киевдаги "Леонардо" бизнес-марказидаги банк бўлинмасига кирган ва рюкзагида бомба борлигини маълум қилган. Босқинчи 40 минг гривен ва журналистлар билан мулоқотни талаб қилган.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Киевдаги "Универсал-банк" бўлинмаларидан бирини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси Сухроб Каримов теракт бўйича иш юзасидан икки ойга ҳибсга олинди. Уни гаров эвазига қўйиб юбориш чекланган. Бу ҳақда Киев прокуратураси матбуот-хизмати хабар бермоқда.

"Киев шаҳри Печерск туман суди пойтахт прокуратураси илтимосномасини қондирди ва 2020 йил 3 августда Киев марказидаги банк биносида портлаш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқаросига ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади. Уни гаров эвазига қўйиб юбориш чекланган. Тегишли қарор 2020 йилнинг 5 августи, чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисда қабул қилинган", - дейилади расмий баёнотда.

Каримовга Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси 1-қисми ("Террористик ҳужумни амалга ошириш ёки уни амалга ошириш билан қўрқитиш") бўйича айблов қўйилмоқда. Ушбу моддада гумонланувчилар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 3 август куни, Каримов, Киевдаги "Леонардо" бизнес-марказидаги банк бўлинмасига кирган ва рюкзагида бомба борлигини маълум қилган.

У банк бўлинмаси раҳбаридан ташқари барча ходимларни қўйиб юборган. Раҳбар аёлни гаров олган.

Сухроб Каримов 40 минг гривен (1,44 минг доллар) ва журналистлар билан мулоқотни талаб қилган.

Амалга оширилган махсус операция натижасида Каримов қўлга олинган, уни тўғридан-тўғри эфирда қўлини қайириб, банк биносидан олиб чиқиб кетишган.

Каримовни қўлга олишда Украина телеканалларининг икки нафар журналисти кўнгилли равишда иштирок этган.

Текширувлардан сўнг Каримов ёлғон гапиргани фош бўлган: унинг рюкзагида бомба ҳам, бошқа портловчи қурилмалар ҳам бўлмаган.

Сал кейин ўзбекистонлик бу йигит психоневрологик ҳисобда туриши аниқланган.

34