Травматология ва ортопедия марказида қандай ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган?

© Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.09.2023
Oбуна бўлиш
Шу йил охирига қадар марказда компьютер навигацияси ёрдамида йирик бўғимларни эндопротезлаш ва роботлаштирилган жарроҳлик техникасини жорий этиш ҳам режалаштирилган.
ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида йилига 3000 га яқин эндопротезлаш ва 3500 дан зиёд артроскопик операциялар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, марказда янги даволаш усулларини йўлга қўйиш доирасида тирсак бўғими жароҳатларини эндопротез ёки пластиналар ёрдамида эмас, балки Илизаров усули билан тиклаш йўлга қўйилди.
“Бу ерда Ўзбекистонда илк бор 1 ёшу 4 ойлик боланинг ортиқча ярим тана умуртқасини олиб ташлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2 нафар беморда биринчи марта ошиқ суягининг аваскуляр некрозида мозаик хондропластика, бир нафар фуқарода чаноқ-сон бўғими эндопротезлари ностабиллигида ҳамда суяк дефектида аллосуяк ёрдамида нуқсонларни тўлдириш ва эндопротезлаш операциялари бажарилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, шунингдек, суяк синишларини даволашда блокловчи остеосинтез деб аталувчи замонавий операция усулидан фойдалана бошланди.
Ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия хизматини аҳолига яқинлаштириш бўйича мураккаб амалиётлар туманлар даражасигача туширилмоқда.
Масалан, Андижон вилоятида илк бор сон суяги бошчасининг асептик некрозида туннелизация ва PRP-терапия юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 3, Қўқон шаҳрида 8, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 2, Бухоро вилоятининг Когон ва Бухоро туманларида 4 нафар беморда эса чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш муолажаси йўлга қўйилди.
“Шифо масканида ўзлаштирилган яна бир замонавий муолажа тури — бу туғма маймоқликни Понсети усули билан даволашдир. Ушбу муолажа, аввало, каминвазивлиги билан ажралиб туради. Бунда бемор қисқа вақтда ва асоратсиз тузалади”, - дейилади хабарда.
Марказда бир қанча янги бўлимлар ҳам очилди. Хусусан, қўл ва оёқ панжаси хирургияси бўлими, иккинчи артроскопия бўлими, алоҳида реабилитация бўлими шулар жумласидан.
Шу йил охирига қадар марказда компьютер навигацияси ёрдамида йирик бўғимларни эндопротезлаш ва роботлаштирилган жарроҳлик техникасини жорий этиш ҳам режалаштирилган.
Янгиликлар лентаси
0