Россия янги дунё тартибини қандай яратади — Путин нутқидан асосий фикрлар

© Sputnik / Григорий Сысоев / Медиабанкка ўтишПрезидент РФ В. Путин принял участие в работе дискуссионного клуба "Валдай"
Президент РФ В. Путин принял участие в работе дискуссионного клуба Валдай - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.10.2023
Oбуна бўлиш
Украина можаросининг асл сабаблари, Ғарб мустамлакачилиги якуни, Россиянинг тенг ҳуқуқили цивилизацияларга асосиланган ёндашуви, — Путиннинг Валдай клубидаги нутқидан энг муҳим фикрлар.
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин "Валдай" клубининг XX мажлисида нутқ сўзлади.
Кулубнинг бу сафарги дискуссияси мавзуси "Адолатли кўп қутблилик: барча учун хавфсизлик ва тараққиётни қандай таъминлаш керак".

Бугунги вазият тарихи

Ўтган аср давомида кўплаб қирғинбарот урушларни бошидан кечирган инсоният, афсуски, 21 аср бошида ҳам ўзаро ҳарбий ва мафкуравий қарама-қаршиликлардан воз кеча олмади. Ваҳоланки, бугунги кунда одамзот қўлида жамланган қуроллар Ер шарини бир умрга йўқ қилиб юборишга қодир. Ундан ташқари инсоният кўплаб, биргаликда ҳал қилиш керак бўлган глобал муаммоларга юз тутмоқда. Лекин ушбу оддий ҳақиқатлар барчага аён деб ўйласангиз хато қиласиз.
Бундан 20 йил олдин, "Валдай" клубининг дастлабки учрашуви вақтида бизнинг мамлакат СССР тарқалиб кетганидан сўнг дуч келган ўта оғир муаммоларни ҳал қилаётган вақтлар эди. Ўшанда биз энди дунёда тинчлик бўлади, бизнинг мамлакат барча билан биргаликда жаҳон ривожига ҳисса қўшамиз, деб ўйлаган эдик.
Афсуски, бизнинг конструктив ўзаро ҳамкорликка тайёрлигимизни, баъзилар нотўғри тушунишди - улар буни бўйсуниш, совуқ урушда ўзларини ғолиб деб эълон қилганлар олдида итоаткорлик деб тушунишди. Бизнинг йиллар давомида кўплаб урунишларимизга ҳеч ким қулоқ солмади. Бизнинг Ғарбдаги ҳамкорларимизнинг ўзига ишончи ҳар қандай чегарадан чиқиб кетди. Улар барчани ўзига итоат қилдиришга уринишларини қўймади.
Ўтган йиллар давомида биз бир неча бор огоҳлантирдик: бу ёндашув нафақат боши берк кўчага олиб келади, ҳарбий тўқнашув хавфи ортади, лекин ҳеч ким бизни эшитгиси келмасди. Ғарбдаги "ҳамкорлар" деб аталганларнинг такаббурлиги, биласизми, шунчаки чегарасиз эди, бошқача айтиш мумкин эмас.
Қўшма Штатлар ва унинг сунъий йўлдошлари гегемонлик йўлини қатъий белгилаб олди - ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий, ҳатто маънавий қадриятларда ҳам ўз монополиясини ўрнатишга уринишлар бўлди. Буларнинг барчаси муваффақиятсизликка учраши бизга бошидан аён эди.
Ахир, бизнинг дунё ўта мураккаб ва ранг-баранг. Барчани бир йўсинга солиб бўлмайди. Ҳатто у ўта кучли ва унинг орқасида Ғарбнинг кўп асрлар давомида тўплаган улкан қудрати турган бўлса ҳам.
Ғарбнинг гуллаб-яшнаши, асосан, улар асрлар давомида олиб борган мустамлакачилик сиёсати, бошқа мамлакатларни талон-тарож қилиш эвазига эришилган бойликдир. Бу ҳақиқат. Улар бундай ривожланиш даражасига бутун сайёрани талон-тарож қилиш орқали эришишди. Ғарб тарихига назар солсангиз у чексиз истилолардан иборат. Ғарбнинг ўз ҳокимлигини, улкан ҳарбий-молиявий пирамидасини сақлаб қолиш учун унга доимо янги ёқилғига - бошқаларга тегишли табиий, технологик, инсон ресурслари керак. Шунинг учун ҳам Ғарб шунчаки тўхтай олмайди ва бундай нияти ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам бизнинг барча таклифларимиз шунчаки эътибордан четда қолди.
Биз ҳатто НАТОга ҳам аъзо бўлишга тайёр эдик, лекин уларга бундай давлат керак эмас. Ахир энди орамизда ҳеч қандай идеологик тўсиқлар йўқ эди. Биз ҳам (СССР тарқалганидан сўнг) ўзимизни, халқ тилида айтганда буржуй бўлдик деб ҳисоблар эдик. Лекин бу ерда гап бошқа жойда эди. Ғарб бизни ўзига тенг кўрмади, улар ўзини биздан устун қўйди. Улар ўз геосиёсий мақсадлари йўлида ҳеч кимнинг манфаатлари билан ҳисоблашмайди.

"Украинадаги уруш"

“Украинадаги уруш”ни биз бошлаганимиз йўқ. Мен буни бир неча бор айтганман. Аксинча, биз буни тугатишга ҳаракат қиляпмиз. Ахир 2014 йилда Киевда қонли, конституцияга зид давлат тўнтаришини биз уюштирганимиз йўқ.

Агар бу воқеа бошқа жойда содир бўлганида, аксарият англо-сакс дунёсига хизмат қилувчи ОАВлар бундай қилиш мумкин эмас, бу демократияга зид, деб жар солган бўларди. Лекин Украинада ҳаммаси силлиқ ўтди. Улар ҳаттто ушбу давлат тўнтаришига неча пул сарфлашганини ҳам эълон қилишди.

Бу ўша вақтда қримликлар ва севастополликларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланардик. Биз у ерда давлат тўнтаришини амалга оширмадик, қримликлар ва севастополликларни нацистлар каби этник тозалаш билан қўрқитмадик. Ёки улардек Донбассни ўққа тутиш ва бомбардимон қилиш орқали тиз чўкишга мажбурламадик. Ўз она тилида (рус) сўзлашмоқчи бўлганларни қаттиқ жазолаймиз, деб дўқ-пўписа қилган ҳам биз эмас эдик. Улар 9 йил давомида Донбассни ўққа тутишди, бомбардимон қилишди. Киев режимига бўйсунмаган Донбассга қарши табиий уруш бошланди. У ерда қурбон бўлган болаларни эса ҳеч ким ҳисобламади. Айниқса, Ғарбда ҳеч ким улар учун қайғурмади.

Ғарбнинг фаол ва тўғридан-тўғри кўмагида Киев режими бошлаган уруши бошланганига ўнинчи йил бўлди ва Россия бу урушни тўхтатиш учун махсус ҳарбий операция ўтказмоқда.<...> Ҳар қандай масъулиятли, суверен, мустақил ва ўзини ҳурмат қиладиган давлат шундай қилади.

Ўзбошимчалик ҳукм сураётган, кимдир ўзини ягона ва жазосиз деб ўйлаётган халқаро тизимида, гегемонга маъқул келмаган ҳар қандай давлат зарба учраши аниқ. Афсус билан тан олишимиз керакки, Ғарбдаги ҳамкасбларимиз ўз реаллик туйғусини йўқотиб, барча мумкин бўлган чегараларни кесиб ўтишган.
Украина инқирози — бу ҳудудий можаро эмас. Россия дунёдаги энг катта ҳудудга эга бўлган давлат. Биз ҳеч қандай қўшимча ҳудудларни босиб олишдан манфаатдор эмасмиз. Биз ҳали ҳам Сибирни, Шарқий Сибирни ва Узоқ Шарқни ўзлаштиришимиз ва ривожлантиришимиз керак. Шунингдек, бу ҳудудий можаро ёки ҳатто минтақавий геосиёсий мувозанатни ўрнатиш ҳам эмас. Масала анча чуқурроқ: гап янги дунё тартибига асос бўладиган тамойиллар ҳақида бормоқда.

Дунёда барқарор тинчлик қачон ўрнатилади?

Ҳар бир инсон ўзини хавфсиз ҳис қила бошлагандагина, ҳар бир кишининг фикри ҳурмат қилинганда, дунёда мувозанат пайдо бўлганда, ҳеч ким бошқаларни гегемон сифатида ўзи хоҳлаганидек яшашга ва ўзини тутишга мажбурлай олмаганидагина барқарор тинчлик ўрнатилади.
"Блок"ли ёндашувлар эса дунёга доим тарқоқлик, "биз ва улар" тушунчалари ва қарама-қаршилик олиб келади. Бу 20 асрнинг ёвуз мероси, Ғарб сиёсий маданиятининг маҳсули.

Ғарбга доим душман керак

Такрор айтаман, Ғарбга доимо душман керак - Ғарбнинг маълум бир қисми, Ғарб элитасига ҳар доим умумий душман керак. Чунки ўшандагина улар унга қарши кураш учун кучли ҳаракатлар ва кенгайиш зарурлигини тушунтира олади. Ўшандагина НАТО каби геосиёсий блок ичида назоратни сақлаб туриш имкони бўлади. Умумий душман борми - демак, ҳамма бошлиқ атрофида тўпланиши керак.
Россия бундай сиёсатчиларнинг севимли мавзусидир. Улар бизни душман, ёвуз куч қилиб кўрсатишни яхши кўради. Биз, албатта, бунга аллақачон ўрганиб қолганмиз, тарихан ўрганиб қолганмиз.
Ғарб уларга маъқул келмаган ҳаммадан душман яратишга тайёр. Хитой Халқ Республикасидан, маълум вазиятларда, маълум бир вақтда, улар Ҳиндистондан ҳам душман яратишга уринишди. Лекин ушбу давлатлар раҳбарияти ҳаммасини тушунади.
Ҳиндистон раҳбарияти, айтмоқчиманки, мустақил, жуда миллий ривожланишга йўналтирилган ва бу уринишлар ҳеч қандай натижага олиб келгани йўқ, лекин шунга қарамай улар давом этмоқда.

Ғарб араб дунёсининг алоҳида давлатлардан ҳам душман шакллантиришга ҳаракат қилиб кўришди, эҳтиёткорлик билан. Бир вақт улар ҳатто барча мусулмонларни ҳам душманга айлантирмоқчи бўлишди.

Дарҳақиқат, ўзини мустақил тутган, ўз манфаатларини кўзлаган ҳар бир киши бир зумда Ғарб элитаси учун тўсиққа айланади ва улар уни йўқ қилишга тушади.
Лекин бугун Ғарб давлатлари аҳоли орасида ҳам бошқача фикрлайдиганлар сони ортиб бормоқда. Айрим давлатларда бундайлар аксариятни ва кўпчилликни ташкил қилади.

Халқаро ҳуқуқ ўрнига аллақандай "тартиб" ва "қоидалар"

Ғарб томонидан дунёда турли сунъий геосиёсий тузилмалар татбиқ этилиб, ёпиқ блоклар форматлари яратилмоқда. Биз Европада ўнлаб йиллар давомида НАТО кенгайишини кузатмоқдамиз. Шунингдек Осиё-Тинч океани ҳудудида ҳам шундай урунишлар бўлмоқда.

Лекин буларнинг асл мақсади ўзга давлатларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, ва ўзига керакли, биринчи навбатда иқтисодий манфаатларни олдинга суришдир. Ҳозир АҚШ ва Европа ўртасидаги муносабатларда айнан шу содир бўлмоқда. Украина можароси фонидан АҚШда иқтисодий ўсиш, Европада эса пасайиш кузатилмоқда.

Бунга эришиш учун улар халқаро ҳуқуқни қандайдир "тартиб" билан алмаштиришга ҳаракат қилмоқдалар - қандай "тартиб"? - маълум "қоидалар" асосида. Қандай "қоидалар", бу "қоидалар" нима ва уларни ким ихтиро қилгани мутлақо ноаниқ. Бу шунчаки қандайдир бемаънилик. Аммо улар буни миллионлаб одамларнинг онгига сингдиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Ғарблик, хусусан, АҚШлик ҳамкасбларимиз нафақат бундай "қоидалар"ни ўзбошимчалик билан белгилаб қўйишади, балки уларга ким ва қандай амал қилиш кераклигини, умуман олганда, ким ўзини қандай тутиши кераклигини ҳам ўргатади. Бу мустамлакачилик тафаккурининг бир кўриниши.
Сиз ўзи кимсиз? Бировга ақл ўргатишга нима ҳаққингиз бор? Кўзларингизни очинг, мустамлакачилик даври аллақачон тугаган ва қайтиб келмайди, ҳеч қачон.

Россия — хилма-хиллик тарафдори

Россия ўзига хос давлат-цивилизация. Бизнинг тушунишимизда цивилизация — бу кўп қиррали ҳодисадир. Дунёда кўплаб цивилизациялар мавжуд ва уларнинг ҳеч бири бошқасидан яхшироқ ёки ёмонроқ эмас. Уларнинг ҳар бири ўз халқининг интилишлари, маданияти ва анъаналари намоёндалари сифатида тенг ҳуқуққа эга.

Ҳар қандай давлат-цивилизациянинг асосий хусусияти, бу хилма-хиллик ва ўзига хослик билан тўлиқлигидир. Ҳаммани бир йўсинга солиш, умумлаштириш - бу замонга зид. Ҳар бир жамият, давлат ўз йўлидан ривожланишни истайди. Ўз тарихи, маданияти, географий жойлашуви ва қадриятлари асосида ривожланиш натижасидагина ўзига хос, ривожланган цивилизациялар пайдо бўлади.

Асрлар давомида Россия турли маданиятлар, динлар ва миллатларнинг мамлакати сифатида шаклланди. Рус цивилизациясини битта умумий йўналишга қисқартириб бўлмайди, лекин уни бўлиш ҳам мумкин эмас, чунки у фақат яхлитликда - маънавий ва маданий бойликда мавжуд. Бундай давлатнинг мустаҳкам бирлигини сақлаб қолиш осон иш эмас.
Асрлар давомида биз энг оғир синовларга дуч келдик. Биз уларни ҳар доим, баъзан жуда катта йўқотишлар эвазига енгиб чиқдик, лекин биз ҳар доим келажак учун сабоқ олдик, миллий бирлигимиз ва Россия давлатининг яхлитлигини мустаҳкамладик.

Бугунги кунда бу тажриба ҳақиқатдан ҳам бебаҳодир. Дунё тобора хилма-хил бўлиб бормоқда. Барчани бир хил услубда бошқариб бўлмайди. Ҳақиқатдан мустаҳам ва мустақил давлат бошқаруви ташқаридан бўлиши мумкин эмас. У фақат мамлакат ичидан, халқдан келиб чиқади. Россия бунга мисол бўлиши мумкин.

Цивилизация — бу барча учун ягона бўлган, бирор универсал тузилма эмас. Ҳар бир цивилизация бошқалардан фарқ қилади. Уларнинг ҳар бири ўз маданияти, қадриятлари, тарихи ва анъаналарига эга. Бунда ўзига бўлган ҳурмат, албатта, бошқаларнинг унга бўлган ҳурматидан келиб чиқади, лекин бу бошқаларни ҳурмат қилишни ҳам англатади. Шунинг учун бир цивилизация бошқасига ҳеч нарса мажбурлаб ўргатмайди ва ўзига ҳам ҳеч нарса тиқиштиришга йўл қўймайди. Ҳар бир инсон айнан шу қоидага амал қилса, бу халқаро муносабатларнинг барча иштирокчиларининг уйғун яшаши ва ижодий ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Яна бир жуда муҳим нарса. Инсон ўз танлаган цивилизациясига хиёнат қилмаслиги, сотмаслиги (ўзгартиришга уринмаслиги) керак. Бу ҳам келажакда умумий тартибсизликка олиб борадиган йўл, бу ғайритабиий ва жирканч.

Ўз навбатида, биз ҳамиша ҳар бир инсон манфаатларини ҳисобга оладиган ечимларни таклиф қилишга ҳаракат қилганмиз ва таклиф қиламиз.

Россия халқаро муносабатларда интилаётган 6 та тамойил

Россия барча мамлакатларни халқаро муносабатларнинг олтита тамойилига амалга қилишга чақиради.
1.
Биринчиси – унда ҳеч ким инсонларнинг мулоқот қилиши, уларнинг ижод қилиши ва тараққий этишига сунъий тўсиқлар қўймайдиган тўсиқсиз муҳит ва очиқ дунёга интилиш.
2.
Иккинчиси – дунёнинг хилма-хиллиги, ҳар қандай мамлакат ёки халққа унга қандай яшаш кераклигини зўрлаб ўтқазиш мумкин эмаслигини эътироф этиш.
3.
Учинчиси – максимал басавлатлик, қарор қабул қилишда коллектив ёндашув.
4.
Тўртинчиси – барчанинг манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган мустаҳкам дунё барпо этиш.
5.
Бешинчиси – умумий адолатлилик, ҳамманинг замонавий тараққиёт фаровонлигидан фойдаланиш имкони бўлиши.
6.
Олтинчиси – тенг ҳуқуқлилик.
Путиннинг таъкидлашича, бу тамойилларга амал қилиш бу нафақат халқаро ҳамжамиятнинг табиий ҳолати, бу инсониятнинг бутун тарихий тажрибаси квинтэссенцияси саналади.
Янгиликлар лентаси
0