Станислав Притчин

Эксперт: Ўзбекистоннинг янги раҳбари иқтисодиётни ривожлантиради

1899
(Янгиланган 18:43 20.09.2016)
"Биз бу босқичда раҳбариятнинг оқилона йўл тутгани ва ўзаро ҳамжиҳатлигини кўрмоқдамиз. Яъни ҳозир ҳамма биргаликда босиб ўтиши лозим бўлган мураккаб давр эканлигини барча англаб турибди", — деди Притчин.

ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг дастлабки қадамлари ва баёнотлари унинг сиёсати ҳақида тахминлар юритишга имкон беради, дейди Россия ФА шарқшунослик институтининг илмий ходими Станислав Притчин, РИА Новостига асосан.

Унинг тахминига кўра, Мирзиёев мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратади, ташқи сиёсатда эса Ислом Каримов йўлидан боради.

"Номзод иқтисодиётда (Ўзбекистон иқтисодиёти – таҳ.) қандай муаммолар мавжудлигини жуда яхши тушунади. Бир миллионта иш ўрни яратиш вазифаси қўйилган. Буни амалга ошириш мураккаб иш, лекин… бандлик муаммосига жуда катта эътибор қаратилган. 480 минг нафар касб-ҳунар коллежларини битирувчиларни ишга жойлаштириш кўзда тутилган… Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон саноати ва иқтисодиётини ривожлантириш бўйича иш олиб борилади", — деди Притчин "Россия сегодня" халқаро ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган давра суҳбатида.

"ИИВ ҳақида янги қонун имзоланди, ҳукумат таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди… булардан баъзи нарсаларни илғаш мумкин", — деб ҳисоблайди у. Хусусан, эксперт президентлик лавозимига номзодлардан бири ҳисобланган вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг ваколатлари қисқартирилмагани, аксинча кенгайтирилганини қониқиш билан қайд этди.

"Биз бу босқичда раҳбариятнинг оқилона йўл тутгани ва ўзаро ҳамжиҳатлигини кўрмоқдамиз. Яъни ҳозир ҳамма биргаликда босиб ўтиши лозим бўлган мураккаб давр эканлигини барча англаб турибди", — деди Притчин.

Шу билан бирга у “ҳозирда мавжуд бўлган ҳокимиятнинг юқори қисми сақланиб қолишини” тахмин қилди.

Ўзбекистоннинг бўлажак Президенти ташқи сиёсатда қандай йўл тутишини эса Мирзиёевнинг Президентлик лавозимини бажаришга тайинланганидан сўнг сўзлаган нутқидан тахмин қилиш мумкин.

"У Ўзбекистон сиёсатининг блоклардан холи, ўз ҳудудида хорижий базаларни жойлаштирмаслик ташқи сиёсатда устивор бўлиб қолишини таъкидлади", — дейди Притчин.

"Президентликка номзоднинг нутқидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ташқи сиёсатда биринчи ўринда Марказий Осиё давлатлари, сўнгра Россияга алоҳида эътибор ажратилган ҳолда МДҲ… туради. Бу ёғига эса АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония. Ҳаммаси аниқлик билан кўрсатиб берилган", — дея қўшиб қўйди эксперт.

Давра суҳбатида иштирок этган РФ ТИВ Москва давлат халқаро алоқалар институтидаги халқаро тадқиқотлар институтининг аналитика маркази директори Андрей Казанцев эса Ўзбекистон ва унинг янги Президенти олдида жиддий муаммо ва таҳдидлар борлигини, лекин улар ҳал қилиб бўлмас даражада мураккаб эмаслигини билдирди.

"Россия, Ўзбекистон ва бошқа собиқ иттифоқ мамлакатларига, айниқса Марказий Осиё давлатларига нисбатан халқаро терроризм хавфи ўхшаш ва умумий. У қатор нохуш ҳолатлар, биринчи навбатда Марказий Осиё мамлакатларидаги оғир ижтимоий-иқтисодий вазият билан боғлиқ”, деди Казанцев.

Хусусан, Марказий Осиё мамлакатларидаги вазиятга Россиядаги иқтисодий пасайиш, рубл курсининг тушиши салбий таъсир кўрсатмоқда. "Мигрантлар жўнатадиган пулнинг камайиб кетиши жиддий қийинчиликларни келтириб чиқарди", — деди эксперт.

"Мирзиёев Ўзбекистондаги иккинчи шахс сифатида иқтисодиёт билан шуғулланганлиги жуда яхши, чунки Ўзбекистон олдидаги асосий муаммолар ижтимоий-иқтисодий характер касб этади", — деб қўшиб қўйди у.

"Нафақат Ўзбекистонда, балки Фарғона водийси билан чегарадош давлатларда кўплаб ёшларнинг ишсиз эканлиги кўзга ташланади ва бу ёлловчилар учун жуда қулайдир. Бундай кишиларни “Ал Қоида” ва ИД билан алоқадор террористик гуруҳлар ўз сафига тортаётганлигини яхши биламиз. Нафақат у томонларда, балки Россияда ҳам (ўз сафига тортмоқда – таҳ.)", — деди эксперт.

"Муаммо ва таҳдидлар бор, лекин буларни бартараф қилса бўлади. Шунчаки вазиятни барқарорлаштириш учун донолик керак… Таҳдидни бўрттириб кўрсатмаслик, қандайдир ваҳимали кайфият уйғотмаслик, лекин таҳдидлар борлигини яхши англаш керак ", — дея хулоса қилди эксперт.

1899