Янги йил аслида кимнинг байрами?

2889
(Янгиланган 14:42 01.01.2020)
Ҳатто энг оғир уруш йилларида ҳам қоғоздан арча ўйинчоқлари, бир дона ёнғоқ ёки оққанддан совға ясаб болаларни хурсанд қилишган. 

ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. Тарихий маълумотларга кўра, тахминан XVII аср охирига қадар бутун дунёда Янги йил байрами март ойининг бошида, баҳорги экин-текинлар мавсуми билан бир вақтда нишонланган, culture.ru маълумотларига асосан.

Милоддан олдинги 46 йилда Юлий Цезарнинг Янги йилни 1 январдан бошлаш ҳақидаги қарори ҳақида маълмуотлар ҳам бор, лекин ўша вақтда бу кенг тарқалган удумга айланмаган.

Россияда Янги йилни кенг нишонлаш одати Петр I даврида пайдо бўлган. Бир неча йил Европада яшаб, уларнинг турмуш тарзини ўрганган рус императори 1699 йилнинг 29, 30 декабрида 2та фармон чиқаради.

Уларнинг бирида Россияда йил ҳисоблашни янгича тақвимга кўра амалга оширишни назарда тутган эди. Шунга қадар Россияда йиллар Византия тақвимига кўра (дунё пайдо бўлган кундан бошлаб) ҳисобланар эди.  Шундай қилиб эски тақвимдаги 7208 йил янги тақвимига мувофиқ 1700 йилга айланади.

Иккинчи фармонда Европа давлатларида бўлгани каби, Янги йил шарафига Москва шаҳар кўчалари ва йирик биноларни арча шохлари билан безатиш, байрам оқшомида олов ёқиб, мушакбозлик қилиш айтиб ўтилган эди.

Пётр I давридан сўнг Янги йил байрамини нишонлаш, секин аста унутила бошлади десак ҳам бўлади. Байрам фақат айрим бадавлат хонадонларда ўтказилар эди. Кейинги император Елизавета I даврида, Янги йил оқшоми бир неча минг киши иштирокида бал-маскарадлар ўтказиш русум бўлади. Кейинроқ, Екатерина II даврида, байрамда шампан виноси ичиш ва бир-бирига совға улашиш одати пайдо бўлган экан.

1852 йилда Санкт-Петербургдаги Екатеригоф вокзали майдонида Россиядаги биринчи Янги йил арчаси ўрнатилади.

Октябр революциясидан кейин 1918 йилда большевиклар Янги йил байрамига "инқилоб ғояларига зид, ғарб буржуазиясининг иллати", деган тамғани босиб, уни байрам сифатида нишонлашни таъқиқлаб қўйишади. Буни ўрнига 7 октябрда "Қизил бўрон" байрамини жорий этишади. Лекин бу байрам одамларга маъқул келмайди, улар Янги йилни барибир яширинча байрам қилишда давом этишади.

Шундан сўнг, 1935 йил 28 декабрь куни партия вакили бўлган Павел Постышев исмли киши муаллифлиги остида "Труд" газетасида "Келинг, болалар учун янги йилда яхши арча байрам уюштирамиз", деган мақола чиқади. Материалда муаллиф "Арча байрами"га сиёсий ёки диний баҳо беришга, нотўғри талқин қилишга қарши чиқади ва мисол тариқасида революциядан олдин бой-бадавлат кишилар ва амлдорлар болалар учун арча байрамларини уюштиришганини эсга олади. Нима учун совет болалари бундай бахтдан маҳрум бўлиши керак, деган саволни ўртага ташлайди.

Бир кун ўтиб "Правда"да ВЛКСМ бош котиби Косаревнинг барча мактаб  ва болалар клубларида 1 январ куни Янги йилни нишонлаш ҳақидаги фармони эълон қилинади. 1936 йилнинг 1 январида давлат раҳбари Иосиф Сталин биринчи Янги йил табригини йўллайди.

Йиллар ўтиши билан Янги йил байрамида Қор бобо ва Қор қиз образлари пайдо бўлади. Совет даврининг кейинги йилларида оливье салати, мандарин Янги йилнинг ўзига хос рамзий белгиларига айланади.

Совет иттифоқида 15та республика, юзлаб миллат вакиллари истиқомат қилган. Янги йил эса - 55 йилдан ортиқ вақт давомида, бир ҳудудда яшаётган барча миллат ва дин вакилларини бирлаштирувчи, энг катта ва универсал байрам бўлган.  

Янги йилни айниқса болалар орзиқиб кутишган. Чунки байрам арафасида ҳар бир мактабда арча байрамлари ўтказилган, Қор бобо совғалар улашган. Ундан сўнг 10-12 кунлик таътил берилан. 31-декабр куни эса ҳар бир хонадонда байрам тантанали кутиб олинган. Ҳатто уруш ва йўқчилик даврларида ҳам қоғоздан арча ўйинчоқлари, бир дона ёнғоқдан совға ясаб одамлар болаларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишган. 

Мазали таомлар, совғалар, таътил, биринчи навбатда, Янги йил - бу болажонлар байрами. Катталар буни унутманг!

2889