Диёр Имамходжаев назначен исполняющим обязанности генерального директора Профессиональной футбольной лиги (ПФЛ)

“Ўзбекистонлик болаларда “янги Месси” бўлиш учун имконият етарли” - Диёр Имомхўжаев

251
(Янгиланган 11:45 02.07.2020)
Футбол инфратузилмаси ва академияларини яхшилаш, ПФЛни мустақил пул топадиган ташкилотга айлантириш, “юлдуз” олиб келадиган, лекин майдони ўт ўсиб ётадиган клублар. ПФЛ бош директори в.б. Sputnik билан суҳбатда келажакдаги режалари билан ўртоқлашди.

ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда мамлакат футболидаги муаммолар ва ушбу спорт тури келажаги, Ўзбекистонда “янги Мессилар” қачон етишиши ва “тўймас ўйинчилар” ҳақида ўз фикрларини очиқ баён этди.

Нега ПФЛга тайинлангани ҳақида…

- Профессионал футбол лигасида фаолият юритаётганимга 2 йил бўлди. Ишга Омон Ғофуров қабул қилган. Кейин фаолиятимни Даврон Шоқурбонов билан давом эттирдим. Шу икки йиллик иш давомида ПФЛнинг барча икир-чикирларини ўргандим. Ўзбек футболи муаммолари ҳақида етарлича тасаввурга эгаман. Дейлик, трансляциялар масаласи менга бегона эмас. Чунки бошида телевидение соҳасида ишлаганман, Спорт телеканалида фаолият олиб борганман.

Болалар футболини ривожлантириш, футбол моддий-техник базасини яхшилаш ҳақида ҳар доим чиқиш қилганман, айримларга ёқмайман ҳам, аммо бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциациасининг раҳбари хабар топгач, ёш бўлишимга қарамай, ушбу лавозимни ишониб топширишди. Мен ҳозирда шу ишончни оқлаш ҳаракатидаман.

Улкан режалар: легионерлар, болалар футболи ва қиммат “юлдузлар” ҳақида

- Профессионал футбол лигаси раҳбари сифатида бир қанча режаларим бор.

Биринчидан: Ўзбекистон ПФЛ фаолиятини бир оз ислоҳ қилиб, секин-аста Ўзбекистон Футбол ассоциациясидан мустақил ташкилотга айлантириш ниятидаман. Сабаби ташкил этилганидан буён ФАга қарам ташкилотмиз. Бу ҳолатнинг жаҳон тажрибасидан келиб чиққани ҳам нотўғри.

Футболи ривожланган Англия, Испания, Италияда доимо Футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лига ўртасида рақобат бўлган. Бугун биз ҳам шунга эришишимиз лозим.  Яъни ПФЛни ўзи мустақил пул топадиган ташкилотга айлантиришимиз керак ва ҳозир шу устида иш олиб боряпмиз.

Иккинчидан: Мана 2020 йилга қадам қўйдик, лекин Ўзбекистон футболи шу кунгача клублардан пул олади.

Клублар бизда иштироки учун бадал пули тўлайди.

Шу ҳолатни босқичма-босқич йўқотиш тарафдориман. Яъни бадал пулларига қарамасдан, тижорат ташкилоти сифатида пул ишлаб, трансляцияларни сотиш эвазига, ҳомийлар билан шартномалар тузиш эвазига шу нарсага эришмоқчиман. Уч йил вақтим кетадими – тўрт йил вақтим кетадими, насиб қилса, яқин келажакда клублардан пул олмайдиган, аксинча, уларга пул берадиган ташкилотга айлантираман.

Учинчидан: ҳозирда бизда футбол соҳасига жуда катта маблағлар сарфлаётгандек туюлсада, аслида бу пуллар Япония, Жанубий Корея, Қатар, БАА, Эрон, Австралия сарфлаётган маблағларга етиб бормайди барибир. Айтмоқчиманки, кўрпамизга қараб оёқ узатишимиз керакда. Шу кунгача миллиард-миллиард пул сарфладик, шунча футболчиларга маош, кўтарма пули бердик… Лекин на жаҳон чемпионатига чиқа олдик, на бир футболчиларимиз кучли бешликкача етиб бора олди!

Шунинг учун биринчи галда футбол инфратузилмаси ва академияларини яхшилаш устида ишлашимиз керак. Бундан кейин регламентга амал қилиб бўлса ҳам шу учун ишлайман.

Яъни ўсишдан тўхтаган, фақат шу катта пулга ўйнайдиган, аслида эса ўйинга, футболга ҳеч ҳам фойдаси тегмайдиган футболчилар шахсан менга унча қизиқмас. Ундан кўра, тажрибаси кам бўлса ҳам, кўпроқ югурадиган, ўзини устида ишлашдан тўхтамаган, ҳали салоҳияти бор бўлган, камроқ ҳақ эвазига ўйнайдиган йигитларни ўйнатиб, ортган пулни футбол инфратузилмасини яхшилашга сарфлашни афзал деб биламан.

11 нафар машҳур футболчини олиб келди, миллион-миллион пул тўлади, лекин «поля»сида ўт ўсиб ётади, бунақа бўлиши керак эмас! Олдин инфратузилмасини тўғирласин, болалар футболини ривожлантирсин, ана ундан кейин унга легионер футболчи олиш ярашади. Ундан кейин унга Дубайга бориб йиғин ўтказиш ярашади…

Бизларда шунчаки ҳамма жамоа йил бошида Дубайга боради, юз минг доллар сарфлаб, катта-катта кўтарма пулларни беради футболчиларга, лекин 10 минг долларга ўтни ўрадиган «косилка» олмайди. Ёки июль ойида майдонни ёритадиган прожекторга пул тикмайди. Нима учун?

Давлат корхоналари ўша пулни нима учун беряпти? Ҳаммасида назорат бўлиши керак. Бизлар клублар ишига бурнимизни тиқмаймиз, лекин регламент орқали уларни ишлаш фаолиятини барибир назорат қиламиз. Шу пайтгача давлат клубларга пул берган, аммо улардан ҳисоб талаб қилмаган.

Клублар ҳам бу пулларни ўзи ишлаб топмаяптими модомики, кимдир олдида ҳисобдор бўлиши керак улар.

Мен ўзим ҳам худди шундай ишлаш тарафдориман. 2021 йилда агар шу ерда ишлаб турсам, йил бошида режаларим ҳақида конференция ташкил қилиб, журналистларга ҳисоб бераман ва йил охирида худди шундай конференция чақириб ўша режаларим бўйича ҳисобот топшираман.

Яъни неча пул топдим, қайси пулни қаерга йўналтирдим, қайси клуб билан қаерда ишладим, қайси клубни нима учун четлаштирдиму, қайси клубни нега мусобақага қўшдим – бу каби саволларга жавоб бераман.

Коронавирус бизларга кўп нарса ўргатди: пандемиянинг футболга таъсири ҳақида

- Коронавирус пандемияси футболни тўхтатиб қўйганлигини айтмаса, жуда катта талафот келтиргани йўқ. Асосан, мухлислардан яхши пул ишлайдиган футбол клублар ютқазди. Айтайлик, “Навбаҳор”нинг ҳар битта ўйинига 15 мингдан кам мухлис келмасди. “Насаф” ҳам яхши келишувларга эришганди, ҳар битта ўйинига келадиган мухлислардан пули бор эди…

Лекин шахсан мен шу масалага озгина позитив нуқтаи назардан ёндашмоқчиман: коронавирус бизларга кўп нарса ўргатди.

Яъни мундоқ олиб қаралганда, мухлисларсиз футболни кўрсангиз, “Пахтакор” билан “Локомотив” ёки бошқа Европа жамоаси ўйини ўртасида жуда катта фарқ бўлаётгани йўқ ҳозир.

Ташкилотчилик жиҳатдан орқадалигимиз аён бўлди, холос. Аслида бу бизлар ҳам озгина ҳаракат қилсак, ўшаларни ўйинига чиқишимиз мумкинлигини кўрсатди.

Кўпчилик футболни соғинди, футболга тушишмоқчи ва бундан бизлар позитив нуқтаи назарда чиқиб кетишга ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳозирда мусобақаларни бошлаб олдик, ҳаракат қиляпмиз мухлисларни қайтаришга. Сабаби мухлисларсиз футбол - гуручсиз ошга ўхшаб қоларкан...

Нега ўзбек футболига ишонишмайди?

- Ўзбекистонда жуда кўп соҳаларни танқид қилишади, лекин айнан футбол соҳасига тўхталадиган бўлсам, одамларни фикрига қараб иш қилиш тўғри эмас. Россияда ҳам, Англияда ҳам, Испанияда ҳам, ҳаммаёқда худди шунақа сўкиш, худди шундай қизғин муҳокамалар бор ва бу нормал ҳолат. Бизлар шунчаки ўзимизга ўзимиз савол беришимиз керак “нима қила олдигу, нима қилмоқчимиз, режамиз қандай деган”.

Футбол коррупциялашиб кетган деган гапларга жавобан нима дейиш мумкин? Бу соҳани бир зумда тозалаш мумкин эмас, албатта. Футбол тоза бўлиши учун ҳамма соҳа тоза бўлиши керак. Ҳамма соҳадан секин-секин коррупцияни тозалаш керак, ҳамма соҳага ишончни қайтариш керак.

Сборная Узбекистана по футболу
© Ассоциация футбола Узбекистана.

Футбол мутахассиси сифатида айтаманки, футболда охирги қилаётган ишларимиз олдинги йиллар билан солиштирганда, ўсишга эришяпмиз. Бизнинг тиббиётимиз Осиёда нечанчи ўринда туради билмадиму, футболимиз бешинчи ўринда туришини биламан. Санъаткорларимиз нечанчи ўринда туришини билмадиму, футболимиз бешинчи ўриндалигини биламан.

Бизларда салоҳиятли ёшлар бор, имкониятимиз бор, шунчаки берилаётган пулларни коррупцияга йўқ қилмасдан, тўғри йўналтирсак - жуда кўп нарсага эришамиз.

Минтақадаги лойиҳа: Марказий Осиё кубоги бўлишини жуда хоҳлайман.

Марказий Осиё клубларини бирлаштирадиган бир лойиҳа устида ишлаётгандим ва бу режа деярли амалга ошган эди ҳам. Аммо коронавирус сабаб тўхтаб қолди. Келгуси йилда амалга оширамиз насиб қилса. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистон жамоаларини бирлаштирадиган Марказий Осиё кубоги бўлишини жуда хоҳлайман. Одамлар шундай нарсаларни соғинган.

Душанбе билан Самарқанд бир бирига яқин ёки Душанбе билан Бухоро, ёки Термиз билан Афғонистонни олайлик. Ўша жамоалар ўйнаса жуда зўр дерби бўлади, жуда яхши тўқнашувлар бўлади, футбол ўсади, ҳакамлар ўсади, ўзимиз ўсамиз. Халқларни бирлаштирадиган лойиҳа бўлади. Туризм ривожланади, мукофот пулларини жорий қиламиз. Чунки «коммерческий турнирлар» ташкил қилиш режада бор. У нарсани мен таклиф этдим, охиригача олиб бораман, Худо хоҳласа.

Ўзбекистонда жаҳон юлдузи бўлиш учун шароит етарли: гап-сўзни йиғиштириб, ўйнаш керак, холос.

- Ўзбекистонда футболчи сифатида ёриб чиқиш жуда ҳам осон. Барча шароит мужассам. Ҳаттоки Қорақалпоғистонда ҳам футбол майдонлари бор. Шунчаки гап-сўзни йиғиштириб, ўйнаш керак, холос.

Баъзиларга қўйиб берсангиз, эшигининг тагига бориб, гўё «болам юр» деб мажбурлаб футболга олиб боришингиз керак. Кўп жойларда мисол келтириладиган Бразилияга бориб кўринг, болалар ахлатхоналарда, ташландиқ, қумли жойларда футбол ўйнашади.

Аммо шунга қарамай, болларнинг ўзи шошилади майдонга, бундай болалар футбол ўйнайдиган майдонларни скаутларнинг ўзлари ўраб олади.

Нима учун «Барселона», «Реал Мадрид» скаутлари Бразилияга бориб ётиб олган? Чунки ҳар битта болага озгина инвестиция киритилса, Европа чемпионатларига тайёр ҳолатда олиб кетса бўлади, деб қаралади уларда.

Бизда унақа эмас. «Футболни коррупция босиб кетди, ҳаммаёқ таниш-билиш» дея жар солишади-да, сал нарига чиқиб «Диёр, мени боламни «Бунёдкор»га гаплашиб бер» дейишади.

Нима деяпмизу, нима қиляпмиз!?

Ёки «Текис майдон бўлса, бизлар ҳам ўйнардик» дейишади. Бразилиялик болалар қумда ёки бошқа жойларда ўйнаб ҳам жаҳонга чиқяпти ахир.

Бразилияда эркаклар ўта қийин шароитдан чиқиб кетиши учун футболчи, аёллари ё модельер, ё актриса бўлишлари шарт. Бу ҳаёт қонунияти-да уларда.

Бизларда-чи? Ҳеч қачон очдан ўлмаймиз, чунки меҳмондўстмиз, қўшнига овқат чиқарадиган миллатмиз. Қора қозон қайнаб турибди, шукр қилиб юраверамиз. Футболчилар ҳам шукр қилиб яшайверади. Аслида футболчи ношукр бўлиши керак. Криштиану Роналду билан Месси ҳозир тўп тепишни тўхтатиб қўйса, етти авлодига етади топган пули. Улар ўйинга тўймаяпти!

Шунинг учун айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг исталган ҳудуди, қишлоғигача борганман. Ҳаммасини биламан - болларимизда ёриб чиқиш учун шароит етарли.

Исталган «ўзбек футболи сотилган» деган одамга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги юлдузлари - Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров - қандай қийин аҳволдаги оиладан, чекка жойлардан етишиб чиққани ва бугунги кунда қанча пул топаётганликларини мисол кўрсатишим мумкин.

Ота-онаси уларга битта копток олиб беришга пули бўлмаган. Лекин мана улар юлдуз бўла олди-ку!

Бразилиядаги болалар ҳам майдон танламаяпти, ёки мени уйимдан олиб чиқиб кетиб, футболчи қилишсин демаяпти, улар меҳнат қиляпти, югуряпти. Дунё қарашимизни озгина ўзгартиришимиз керак. 

251
Кандидат в президенты США Джо Байден

"Руслар Трампнинг рақиби обрўсини тўкишмоқда" ва улар буни жуда яхши уддалашмоқда

353
(Янгиланган 20:41 12.08.2020)
Жо Байденда муаммолар пайдо бўлди: океан орти ОАВлари таянаётган Америка махсус хизматларидаги манбаларга кўра, уни обрўсизлантириш билан Россия шуғулланмоқда.

Агар бу назариядан келиб чиқадиган бўлсак, Байденнинг штаби Москвадаги рақиблар катта ютуқларга эришганликларини тан олишга мажбур бўлади.

Ҳозирда янгиликлар лентаси Байден ўзига вице-президентликка номзод сифатида қора танли сенатор Камала Харрисни танлагани ҳақида хабарларга тўла. Эҳтимол, Байденни шу қадамни ташлашга мажбур қилишган.

Гап шундаки, яқинда йирик социологик компаниялар томонидан ўтказилган икки сўров натижаларига кўра, Байден ва Трамп тарафдорлари ўртасидаги олдинги тафовут тўсатдан эриб, одатий статистик хатолардан фарқланмайдиган даражага тушди.

Breitbart хабар қилади: "Чоршанба куни эълон қилинган Hill-HarrisX сўров натижалари Трампнинг 40 фоизидан фарқли ўлароқ, Байден 43 фоиз тўплаганини кўрсатди. Худди шу куни эълон қилинган Rasmussen Reports сўрови натижалари (Трампнинг) 45 фоиз овозига қарши Байден 48 фоиз овоз олганини кўрсатди. Иккала сўровда ҳам Байден кўрсаткичлари одатий статистик нуқсонлардан бироз ошганлиги кўриниб турибди".

Бир ой олдин, Америка ахборот майдонида Трамп рақибидан 10-12 фоиз ортда қолаётганини кўрсатган сўровлар фаол муҳокама қилинганди. Агар шундай давом этса, демократлар номзоди штаби алами ичида қолган тарафдорларига Америка сайловларига бу каби шафқатсиз аралашган рус агентларининг исмлари, жойлашув жойи ва фамилиялари рўйхатини зудлик билан тақдим этишига тўғри келади. Бу, эҳтимол, амалга оширилар ҳам, лекин агар ҳақиқий сайловчилар кайфиятларини афсонавий рус аралашуви билан боғлаб кўрсак, жуда кулгили манзара намоён бўлади.

Бир томондан, Байденнинг рейтингини Чикаго ва Нью-Йоркдаги тартибсизликлар билан боғлиқ вазият эзмоқда. Мисол учун, Чикагода ўтказилган ижтимоий адолат учун курашнинг энг сўнгги мисоли қуйидагича: "Чикаго полицияси душанба куни эрта тонгда Чикагонинг Magnificent Mile савдо ҳудудида ва шаҳарнинг бошқа қисмларида юзлаб одамлар ойналарини синдириб, дўконларни талон-тарож қилиб, полиция билан тўқнашувларда қатнашганидан сўнг 100 киши ҳибсга олингани ва 13 нафар полиция ходими жароҳатлангани ҳақида хабар берди", - дея хабар беради USA Today газетаси.

Чикаго ва Нью-Йорк шаҳар мэрлари президентнинг оммавий тартибсизликларни бостириш учун федерал куч тузилмаларидан фойдаланилишига қарши чиқаётгани ва вандализм ва оммавий талончиликларни “тинч намойишлар” деб атаб, уларга қарши кураш учун ҳеч бўлмаганда қандайдир қатъий чоралар кўришни рад этаётган таниқли демократлар эканлигини ҳисобга олган ҳолда, электоратнинг салбий реакцияси Трампнинг рейтингини ошишига ва Байден рейтингининг пасайишига айланмоқда. Муаммо шу қадар жиддийки, у нафақат ижимоий  сўровларда, балки реал воқеликда ҳам ўз аксини топмоқда: Нью-Йоркдан солиқ тўловчилар том маънода қочиб кетмоқдалар (шаҳардан кўчириш билан шуғулланадиган компаниялар хизматларининг нархлари осмонга кўтарилиб кетди) ва мэр (ўзи ҳам демократ ва Байден тарафдори) исёнчилардан ҳимояни эмас, балки уларга ўз ҳисобидан ичимлик ваъда қилиб, қайтиб келишларини ўтиниб сўрамоқда.

Тўғри, тартибсизликлар ва талончиликлардан азият чекаётган шаҳар ва штатларнинг мэрлари ва губернаторларини Кремль фойдасига ишлаётганликларига даъво қилса бўлади, аммо уларнинг партиявий мансублигини ҳисобга олган ҳолда, бу иш бериши даргумон. Россияни Чикагога дўконларини талон-тарож қилгани провокаторларни жўнатганликда айблашга уриниб кўрса бўлади (бу ҳеч қанагасига мэрнинг бепарволигига сабаб бўла олмайди), аммо ҳибсга олинган Чикаголик қароқчиларнинг териси ранги ҳисобга олинса, уларнинг келиб чиқиши Россиядан эканлиги ҳақидаги версияси жуда шубҳали кўринади.

Байденнинг рейтинги билан боғлиқ муаммоларнинг бошқа манбаи унинг соғлиғидир. Яқинда Rasmussen Reports ўтказган сўров натижаларига кўра, "АҚШ сайловчиларининг 59 фоизи вице-президент (Байден билан бирга сайловда қатнашадиган - таҳр.) бу кузда ғалаба қозонса, ўзининг тўрт йиллик ваколат муддати тугашидан олдиноқ президент бўлишига ишонади, шу билан бирга  39 фоизнинг бунга ишончи комил".

Қўпол қилиб айтганда, бўлажак сайловларда овоз бермоқчи бўлган америкалик сайловчиларнинг аксарияти Джо Байденни сиёсий жиҳатдан эмас, балки  биологик жиҳатдан тирик мурда деб аташади,  ва бу унинг рейтингига босим ўтказмай қўймайди, ва сайловчиларнинг ҳаммаси ҳам Оқ уйга деярли катафалкда кириб бориши ва ўз лавозимини вице-президентга мерос сифатида қолдириши мумкин бўлган  номзодга овоз беришга тайёр эмас.

Байденнинг ўзи яқин келажакда вице-президентликка номзодини тақдим этишни ваъда қилди ва бу (замонавий сиёсий мода руҳида) албатта латофатли аёл бўлишини таъкидлади. Ушбу кўламли қадамни унинг кўплаб тарафдорлари дастлаб режалаштирилганидан ҳам кенгроқ талқин қилишди ва натижада Демократик партия электоратининг энг радикал қисми бу нафақат шунчаки аёл, балки ирқий озчиликнинг вакили бўлишига ишонч ҳосил қилишди.

Аммо Байденнинг сиёсий технологлари, эҳтимол, сайловчилар қора танли аёлни деярли президенти сифатида фақатгина ирқий ва жинсий хусусиятлари туфайли сайлашга тайёр эмаслар деб тахмин қилишди ва матбуотга эҳтимолий вице-президент бўлиши мумкин бўлган оқ танли аёл – Мичиган штати губернатори штабга келиб-кетгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Бунга муносабат ўзини кўп ҳам куттирмади: "Дам олиш кунлари Мичиган губернатори Гретхен Уитмер, оқ танли аёл, Байден билан вице-президентликни муҳокама қилиш учун учиб келгани ҳақида хабар пайдо бўлганидан кейин, қора танли аёл-демократлар, шу жумладан, аёл яшайдиган штатнинг айрим яшовчилари тушкунлик ва умидсизликка тушишди", деб хабар беради Politico.

Ва энди - қора танли фаоллар босими остида ва тўкилаётган рейтингдан қўрқиб, танлов ўзгартирилди ва Байден Калифорния собиқ бош прокурор Камала Харриснинг шериги ва эҳтимол вориси деб эълон қилди.

... Ушбу жанжалнинг ташкилотчиларига Байденнинг рейтингини зил келтирганлиги учун медал билан тақдирласа ҳам бўлар эди, аммо бир лекини бор: демократлар номзоднинг ёши Россия махсус хизматларининг провокацияси эмас, унинг вице-президентликка номзодни танлаши атрофидаги PR-ҳалокатни эса ўз сиёсий технологлари уюштирган, ва улардан ҳеч бирига Россия агенти тамғасини босиб бўлмайди.

Бундан келиб чиқмоқдаки, бизнинг океан орти ҳамкорларимиз эски, синаҳта тактикаларга мурожаат қилишлари ҳамда америка ижтимоий тармоқларида миллионлаб америкаликларни ақлдан оздириб, электорал преференцияларни ўзгартириб юбораётган афсонавий рус троллари ҳақида уйдирмаларни ўйлаб топишларига тўғри келади. Тақдирнинг қалтис ҳазили шундаки, бу айбловларнинг илгари сурилиши Байденг рейтингига янада кўпроқ босим ўтказади: америкалик сайловчилар, ўз нуқсонларига қарамай, уларни аҳмоқ, деб ўйлашларини ёқтиришмайди.

353
Евгений Примаков

“Россотрудничество”га хорижликларга тушунарли бўлган ном керак Примаков

120
Ном ўзгариши, МДҲ талабалари учун квоталар кўпайтирилиши ва таниқли артистлар билан ҳамкорлик – бу агентлик янги стратегиясининг кичик бир қисми, холос.

ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Данара Курманова. Жорий йил июнь ойи охирида Давлат думаси депутати ва тележурналист Евгений Примаков “Россотрудничество” агентлиги раҳбари этиб тайинлангани маълум бўлди.

Лавозимга тайинланганнинг биринчи куниёқ Примаков ОАВга энди идорани “катта ўзгаришлар” кутаётганини маълум қилган эди. Аммо тафсилотларни очиқламаган эди. 11 август куни у ўзининг онлайн маърузаси вақтида ушбу ўзгаришлар борасида батафсил тўхталиб ўтди. Sputnik агентлиги янги дастурининг энг муҳим тафсилотларини ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳеч қандай юмшоқ куч йўқ

Аввало “Россотрудничество” янги раҳбари агентлик ҳамкорларига “юмшоқ” куч терминидан воз кечишни таклиф қилди, чунки унинг тан олишича, бунга тоқат қилолмайди.

“Бу аллақандай тушунарсиз ва биз томондан ўйлаб топилмаган”, - деди Евгений Примаков маъруза бошида. Ва тушунтиришга киришди: “Россотрудничество” мақсади аввалдан куч қўллашдан эмас, балки халқаро қулайлик ва осойишталикни таъминлашдан иборат бўлган. Маданият ва таълим дастурлари орқали агентлик Россиянинг ўзи учун ҳам, ҳамкор давлатлар учун ҳам ривожланиш учун қулай шароитлар яратади".

Режалар улкан: Примаковнинг сўзларига кўра, “Россотрудничество” гуманитар хизмат ғоясидан ҳам йироқлашади. “Бу эски концепт, - дея қарорини тушунтирди у. – Биз гуманитар хизматдан тинчликни сақлашга ёрдам берувчи гуманитар таъсирга ўтишимиз керак”.

Шунга ўхшаш таъсир мисоли тариқасида Байрутдаги фожиани келтирди. Агентлик жабрланганларга ёрдам бериш учун шифокорларни юборишда илк маротаба иштирок этган. Примаков ушбу акция рамзий маънога эга эканлиги айтди ва қўшимча қилди: айнан шундай тадбирлар хорижда Россияга янада дўстона муносабатда бўлишига кўмаклашади. Улар агентлик фаолиятида ҳеч қандай куч йўқлигини кўрсатади, бирдамлик сари интилиш, холос.

Нон-стоп режимидаги иш

Очиқ маъруза ўтказишдан аввал Евгений Примаков бир ойча “Россотрудничество” ишини ўрганган ва шундай хулосага келган: агентликдаги ислоҳотларни рус клублари тармоқларидан бошлаш зарур.

“Улар тадбирдан тадбиргача эмас, балки доимий равишда ишлашлари даркор, - деди Примаков. – Бу иштирокчилар хоҳлаган пайтида кела оладиган, бир-бири билан суҳбатлашадиган, китоб ўқийдиган айнан клуб тизими бўлиши керак. Ахир бу марказлар чет элда Россия билан мулоқот қилишда муҳтож бўлганлар учун ишлайди”.

Примаковнинг фикрича, ҳар бир клуб нафақат ёшларга, балки катта ёшдагиларга мўлжалланган бўлиши керак. Чунки хорижда СССРда туғилганлар, нафақа ёшига етиб қолган кам эмас. Шу билан бирга, ҳар бир тоифадагилар учун инвидивуал фаоллик талаб этилади.

“Бизга меҳмонларни чой билан сийлаб, хўжа кўрсин учун тадбирлар формати керак эмас, - деди Евгений Примаков ва агентлик ходимларини “Рус мусиқаси куни” ёки “Рус чучвараси байрами” услубидаги ғоялардан максимал узоқлашишга чақирди”.

Аммо рус клубларининг иш режимидаги ўзгаришда бир муаммо бор: кўп рус марказлари Россия элчихонаси биносида жойлашган ва у ерга шунчаки кириш мумкин эмас. “Шу боис ҳозир янги тизимни йўлга қўйиш мумкин бўлган марказлардан ишни бошлаймиз”, - деди Примаков.

Юлдузлар кўмаги

“Россотрудничество”га тегишли талабларга мувофиқ ишлайдиган продюсерлик керак бўлади. Агентликнинг асосий тингловчилари ёшлар саналади, ёшларга поп-маданият қизиқ: замонавий мусиқа, китоб, фильм ва сериаллар. Буларнинг барчаси орқали бўлажак талабалар умуман рус маданиятига муҳаббат қўйиши мумкин, деб ҳисоблайди Примаков.

Унинг фикрига кўра, ёшларни мумтоз адабиёт билан таништириш муҳим. Лекин ёшликка хос қизиқиш ва ҳавасни бир четга суриб қўйиш ярамайди. “Замонавий болалар учун тил – бу аввало ижтимоий ва иқтисодий имкониятлар”, - деди Примаков.

Шунинг учун “Россотрудничество” чет элдаги тадбирларга кўпроқ таниқли артистларни таклиф қилиши керак, деди Примаков. “Бу ҳамма танийдиган кишилар бўлиши шарт”, - дея хулоса қилди.

Барчаси янгитдан

“Россотрудничество” номининг ўзи ёшларга хос бўлмаган ва рус тилини билмайдиган учун тушунарсиз, дея фикр билдирди Примаков. Шу боис агентликка ребрендинг лозим ва нафақат идорани, балки Россия фан ва маданият марказларини ҳам (РЦНК) қайта номлаш зарур.

“РЦНК – бу “Россотрудничество” сўзи сингари умуман жуда қийин қисқартма сўз. Чет эллик уни талаффуз қилиши мушкул”, - дея фикр юритди Примаков.
Шу билан бирга унинг расмий номини – “Федеральное агентство по делам Содружества Независимых Государств, соотечественников, проживающих за рубежом, и по международному гуманитарному сотрудничеству” – сақлаб қолади. Рус бўлмаган аудитория учун ташқи брендни ўзгартириш даркор, холос. Рус тилида сўзлашадиганларни “Россотрудничество” сўзи қўрқитмайди. Агентлик учун янги ном яратиш кўплаб кераксиз харажатларни келтириб чиқаради. Бу пулларни фойдали нарсаларга сарфлаш мумкин, деб ҳисоблайди Евгений Примаков.

Умуман, мувофиқлик ва тежамкорлик Примаков стратегиясидаги асосий мезонлар бўлгандек туюлади. Янги қисқартма сўзни яратиш учун у бренд менежерларни ҳам ёллашни режалаштирмаяпти. Бунинг ўрнига у “Россотрудничество” орқали бир пайтлар Россия университетларига ўқишга кирган талабалар ўйлаб топиши учун очиқ танлов ўтказмоқчи. Примаковнинг ўзи бу ғояни қуйидаги тушунтиради: лойиҳанинг бевосита иштирокчиси бошқаларга кўра бренд концепциясини жуда яхши ҳис қила олади. Танлов ўтказиш мантиғи ҳам шундан келиб чиққан.

МДҲга алоҳида эътибор

“Россотрудничество” янги лойиҳалар билан шуғулланиб, Россия таълимини тарғиб қилишни ташлаб қўймайди, дея маъруза охирида тинчловчиларни ишонтиришга шошилади Примаков. “Россия президенти фармонига кўра яқин бир неча йил ичида хорижлик талабалар учун бепул таълим олиш квоталари икки бараварга кўпайтирилади. Ҳозир уларнинг ҳажми 15 мингни ташкил этади”, - деди у. Қолаверса, агентлик Россия ва рус тили билан боғлиқ ҳар қандай таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. “Ҳатто агар кимдир чет элда ҳовлисида гуруҳ ташкил этиб, рус эртакларини ўргатса, бу жуда ажойиб”, - дейди Примаков.

Шунингдек, “Россотрудничество” замонавий ёшларни нима қизиқтириши янада яхшироқ билиш учун таҳлилга кўпроқ эътибор беради. Бунинг учун агентлик сайтни тубдан ўзгартиришни ният қилган. “Одамларга Россиянинг гуманитар фаолиятини кузатиш қизиқ бўлиши лозим, ҳозирги кўринишдаги сайтимизга соғлом ақлли ҳеч ким эрмак учун кирмайди, - дейди Евгений Примаков. – Сайт ўқувчилари сонини кўпайтириш керак”.

Ушбу ҳамма хатти-ҳаракатлар, шубҳасиз, вақт талаб этади, чунки агентлик қатъий доирада ишлайди – ҳар бир лойиҳани камида бошланишидан бир йил олдин тасдиқлаш керак. Шунга қарамасдан, “Россотрудничество” раҳбари киритилаётган янгиликлар сабаб ташкилот янада очиқроқ бўлишига ваъда бермоқда. “Бу айрим хатти-ҳаракатлар туфайли агентлигимизга нисбатан бирор кишида пайдо бўлиши мумкин бўлган эски стереотипларга қарши курашда ёрдам беради”, - дея хотима қилди Примаков.

120

Ўзбекистонда 17 августдан масжидлар ишга тушади

124
(Янгиланган 00:09 13.08.2020)
Масжидларда вақтинча жума намози адо этилмайди, диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан Ўзбекистондаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини қайта давом эттиради. Диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати расмий баёнотида диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилиши айтилган.

Қуйидаги муҳим тавсия ва талабларга сўзсиз амал қилиш, масжидлар фаолиятининг давомли бўлишига асосий омил бўлади:

- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;

- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);

- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;

- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);

- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;

- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;

- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;

- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;

- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.

124
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси