Дома дореволюционной эпохи в Самарканде

Самарқанднинг рус архитектураси жойлашган қисмидаги қурилиш ишлари тўхтатилди

715
Маҳаллий аҳоли томонидан билдирилган норозиликлардан кейин Самарқанднинг рус архитектураси жойлашган қисмидаги қурилиш ишлари тўхтатилди.

ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Самарқанд шаҳар ҳокимияти шаҳарнинг рус архитектураси намуналари жойлашган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш лойиҳасидан воз кечди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

Вазиятни ўрганиб чиққан мутахассислар, шаҳарнинг 19 аср охири 20 аср бошларида қурилган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш, ушбу тарихий объектларнинг зарар кўришига ва шаҳарнинг тарихий қиёфаси ўзгаришига олиб келиши мумкинлигини кўрсатган.

Самарқанд вилояти ҳокимияти Sputnik мухбирига хабар беришига кўра, 18 июнь куни эрталабдан Пушкин кўчасида барча қурилиш ишлари тўхтатилган, ихтисослашган муассасаларга вазиятни ўрганиб, ушбу ҳудуднинг тарихий сиймосини сақлаб қолувчи қурилиш режаси ишлаб чиқиш топширилган.

Хусусан, мансабдор шахслар айтишига қараганда, ушбу ҳудудда баландлиги уч қаватдан юқори бўлган (подвал билан ҳисоблаганда)  бинолар қуриш таъқиқланади. Шунингдек, янги қуриладиган бинолар ҳудуднинг 1,5 аср давомида шаклланган умумий меъморий қиёфасига мос бўлиши керак.

Чор Россияси даврида қурилган қолган биноларнинг ташқи кўриниши ва ички тузилиши сақлаб қолинган ҳолда,  қайта таъмирланади. Айни дамда туристлар кам келадиган, шаҳарнинг ушбу қисми туристлар учун қизиқ бўлган масканга айлантирилади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий ОАВларда Самарқандда тарихий аҳамиятга эга бўлган бинолар бузилаётгани ва уларнинг ўртасида кўп қаватли катта уй қурилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

715