Веточки хлопка

Пахта, субсидия ва томчилаб суғориш: Молия вазирлиги янги қарор лойиҳасини тайёрлади

397
Пахта етиштиришда сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор лойиҳаси тайёрланди.

ТОШКЕНТ, 24 янв – Sputnik. Молия вазирлиги “Пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлади.

Ҳужжатга пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом илова қилинган.

Қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:

- Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 майга қадар келгуси йилда ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича лойиҳалар харажатлари ҳисоб-китоби прогноз кўрсаткичларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаш бўйича асосланган талабномаларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим қилиш;

- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича ҳисоб китобларнинг асосланганлигини ўрганиб чиқиб керакли маблағлар ажратиш учун Сув хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда асосланган ҳисоб китобларни 2019 йилнинг 1 апрелигача ва кейинги йилларда календарь йилнинг 1 июнигача Молия вазирлигига тақдим этиб борилишини таъминлаш;

- Молия вазирлиги 2019 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга асосан пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун зарур маблағларни ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш маблағлари ҳисобидан ажратилишини таъминлаш.

“Томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг умумий суммасидан қатьий назар, технологиялар жорий этилган майдоннинг ҳар бир гектари учун бир марталик 8 млн.сўмдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.

Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар келгуси йилда ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларнинг рўйхатини шакллантиради.

397