Подпись документов

МОМИҲга аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари декларация имзолади

158
(Янгиланган 14:56 20.09.2019)
Декларация 9 банддан иборат бўлиб, унда мамлакатларнинг 2030 йилгача умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш борасида ҳамкорлик қилиш мажбуриятлари акс этган.

ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари уларнинг мамлакатларига “МОМИҲ-2030” учун умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мажбуриятини юклайдиган қўшма декларацияни имзолади. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.

Ҳужжатни имзолаш Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (МОМИҲ) иштирокчи давлатлари  энергетика вазирларининг Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган биринчи мулоқоти доирасида амалга оширилди.

Декларация 9 банддан иборат бўлиб, унда мамлакатларнинг 2030 йилгача умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва БМТнинг  барқарор ривожланиш соҳасида "тоза энергиядан фойдаланишга эришиш" ҳақида гапирилган еттинчи мақсадига эришиш борасида ҳамкорлик қилиш мажбуриятлари акс этган.

Янги Энергетика стратегияси МОМИҲ-2030 Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Стратегиянинг мақсади 2030 йилгача БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибига мувофиқ минтақада ишончли, барқарор, ислоҳ қилинган энергия бозорларини яратишдир. 

 – Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Ўзбекистон молиявий ва экологик жиҳатдан барқарор энергия саноатини ривожлантириш тарафдоридир. Биз ўз мақсадимизга эришиш учун МОМИҲ минтақасининг бошқа давлатлари ва халқаро молия манбалари билан ишлашдан умидвормиз, – деди Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов. 

 Декларацияни имзолаган мамлакатлар, шунингдек, қуйидаги мажбуриятларни олди:

- 2023 йилгача шамол ва қуёш энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқаришни икки баробарга кўпайтириш;

- хусусий секторга инвестициялар киритилишини кўпайтиришни рағбатлантириш учун инвесторларга маъқул меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш;

- МОМИҲ доирасида молиялашнинг минтақавий механизмларини яратиш;

- МОМИҲ минтақасида энергетика соҳасида кам сонли бўлган аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш. 

Қайд этиш керакки, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (МОМИҲ) мамлакатлари энергетика вазирларининг биринчи мулоқоти Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилди. 

158