МБ нега кичик танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилганини тушунтирди

© mint-coin.org1 тийин
1 тийин - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Марказий банк 25 сўмлик ва ундан кичик танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилганини тушунтириб берди. 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотади.

ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Марказий банк кичик танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилганини тушунтириб берди.

“Марказий банкнинг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги банкнот ва тангаларини муомаладан қайтариб олиш муомаладаги нақд пулларнинг номинал қаторини оптималлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда”, - деди Марказий банк Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти директори Фазлиддин Бозоров

Бунинг асосий сабаблари қуйидагилар билан изоҳланади.

Дунёдаги аксарият мамлакатларда тангаларнинг асосан 4-5 хил номинали, банкнотларнинг 5-6 хил номинали муомалада. Ўзбекистонда эса бугунги кунга қадар муомалада расман 14 та (1 тийин, 3 тийин, 5 тийин, 10 тийин, 20 тийин, 50 тийин, 1 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 50 сўм, 100 сўм, 200 сўм, 500 сўм) номиналдаги тангалар, 12 та (1 сўм, 3 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 200 сўм, 500 сўм, 1000 сўм, 5000 сўм, 10 минг сўм, 50 минг сўм, 100 минг сўм) номиналдаги банкнотлар мавжуд.

Шунингдек, бутун дунёда амал қилинадиган муомаладаги пул белгиларининг номинал қаторини белгилаш назариясига кўра, энг кичик номиналдаги пул белгиси (асосан танга кўринишида) ўртача кунлик иш ҳақининг 1/1000 қисмини ташкил этиши лозим.

"Ўзбекистонда бу нисбат 85,2 ни ташкил этади (Давстатқўм маълумотларига кўра, 2019 йил якунида ўртача ойлик ҳисобланган иш ҳақи – 2 324,5 минг сўм, даромад солиғи чегирилганда 2 045,6 минг сўм), - дейилади хабарда.

Шунга кўра, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар учун энг кичик номиналдаги пул белгисининг 50 сўмлик танга бўлиб қолиши юқоридаги назарияга асосланган.

Кошелек с деньгами - Sputnik Ўзбекистон
Эски намунадаги танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилади

Таъкидланишича, 1994-2001 йилларда муомалага киритилган 25 сўмлик ва ундан кичик номиналдаги тангалар ҳамда банкнотлар бугунги кунда нақд пулдаги тўловларда улардан умуман фойдаланилмаяпти.

Шу боис 2006 йилдан буён бундай қийматдаги тангалар зарб қилинмаяпти ва банкнотлар босиб чиқарилмаяпти.

Энди нақд пулдаги тўловлар қандай амалга оширилади?

Республикада энг кичик қийматдаги пул белгиси 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик танга бўлиб қолаётганлигини инобатга олиб, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатишда нақд пулда амалга ошириладиган тўловларни 50 сўмга яхлитлаш лозим бўлади.

Яъни товарлар ва хизматларнинг якуний ҳисоб-китоблари бўйича тўловлар нақд пулда амалга оширилганда, умумий қийматнинг 1 тийиндан 49 сўм 99 тийингача бўлган қисми қуйидагича:

- 1 тийиндан 24 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати, 0 сўмга тенглаштирилган ҳолда;

- 25 сўмдан 49 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати, 50 сўмга тенглаштирилган ҳолда яхлитланади.

Мисол учун: 257 (257-250=7≈0)≈250 сўм, 474 (474-450=24≈0)≈450 сўм, 376 (376-350=26≈50)≈400 сўм, 586 (586-550=36≈50)≈600 сўм.

Ҳаётий мисол сифатида: бугунги кунда табиий газ нархи 1 метр куб. – 380 сўм, электр энергияси нархи 1кВт/соат – 295 сўм бўлиб, фуқаро 212 метр куб. табиий газ ва 115 кВт/соат электр энергияси учун тўловларни амалга оширмоқчи.

Бунда табиий газ учун – 80 560 сўм, электр энергияси учун – 33 925 сўм.

Тўловни нақд шаклда амалга оширмоқчи бўлган фуқаро табиий газ учун 80 550 сўм, электр энергияси учун 33 950 сўм тўлаши мумкин.

“Яхлитлаш нақд пулсиз ва банк карталари орқали амалга ошириладиган ҳисоб-китобларга тадбиқ этилмайди. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳужжатларида (тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси ва бошқалар) суммалар яхлитланмасдан тўлиғича қайд этилади ва қайд этилган суммага операциялар амалга оширилади”, - дейилади хабарда.  

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 мартдан 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматидаги танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилган эди.

Янгиликлар лентаси
0