Доллар тақдири: жиддий тебранишлар юз берадими?

1360
Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан апрел ойидаги кескин тебраниш - қарийб 6% атрофидаги қадрсизланишидан кейин, май-август ойларида алмашув курси нисбатан барқарор тарзда тебранаётганлиги кузатилмоқда, деб қайд этди МБ раиси.

ТОШКЕНТ, 10 сен - Sputnik. Куз-қиш мавсумида ўзбек сўмининг валютага нисбатан қадрсизланмаслиги имкониятлари ҳақида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар қилади Sputnik Ўзбекистон мухбири.

МБ раисининг айтишича, жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг ёмонлашуви, валюта тушумлари камайиши ва ташқи савдо алоқалардаги ҳажмнинг пасайиши аксарият давлатлар миллий валюталари қадрсизланиши фонида шаклланиб борди.

"Мана бугунги кунда АҚШ доллари ҳам 8,2% миқдорида қадрсизланяпти. Бизнинг сўмимизни алмашинув курси ҳам худди шу девальвацион фон шароитида ўзини тебранишини амалга ошириб борди. Апрел ойидаги кескин тебраниш - қарийб 6% атрофидаги қадрсизланишдан кейин, май-август ойларида сўм курси нисбатан барқарор тебранаётганини кузатаяпмиз", - дея тушунтирди Нурмуратов. 

Таъкидланишича, умуман, охирги 7 ой давомида умумий девальвация даражаси 8% атрофида шаклланди.

МБ валюта курси бўйича прогноз беришдан йироқ, лекин таҳлиллар ва кузатувлар сўм курси "жиддий тебранишларсиз шаклланишидан далолат бермоқда", дейди Нурмуратов.

"Келгусида биз валюта курсини ўзини фундаментал трендига яқин даражада шаклланишини ва реал эффектив алмашув курсида жиддий тебранишлар рўй бермаслигини кутмоқдамиз", - дея аниқлик киритди у.

1360
Автомобильное движение в Ташкенте

Энг кўп автотранспорт воситалари қайси ҳудуд аҳолисига тегишли

143
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, республика ҳудудларида энг кўп автомобиль Тошкент шаҳрида (417 646 та).

ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг сони 2 580 133 тани ташкил этган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур автотранспорт воситаларидан:

Енгил автомобиллар – 2 410 421 та

Юк автомобиллари – 150 294 та

Автобуслар – 5 072 та

Микроавтобуслар – 10 590 та

Махсус  транспортлар – 3 756 та

2020 йил 1 январь ҳолатига республика ҳудудларида энг кўп Тошкент шаҳри (417 646 та), Самарқанд (311 997 та), Тошкент (253 073 та) ва Фарғона (243 230 та ) вилоятлари аҳолисида автотранспорт воситалари мавжуд.

143
Денежные купюры США.

Ўзбекистон ташқи қарзи нега ошди - МБ рақамлари

211
(Янгиланган 18:32 23.09.2020)
Ўзбекистон ташқи қарзи 2020 йилнинг 1 ярим йиллигида 12,7% ошди. Бунга сабаб - COVID-19 сабаб юзага келган кризиснинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини камайтириш харажатлари, деб тушинтирди МБ.

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистон  умумий ташқи қарзи миқдори 2020 йилнинг январь - июн ойларида ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 12,7%га ошиб 27,6 миллиарда долларни ташкил қилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Марказий банки. 

Ушбу қарзнинг катта қисми давлат ҳисобига тўғри келмоқда. Умумий қарзнинг давлат улуши 17,48 млрд.$ (+10,7%)  ва хусусий компаниялар улуши эса 10,127 млрд. $ ни ташкил қилди (+16,2%).

Давлат қарзи таркибида 10 йил ва ундан ортиқ муддатга олинган қарзлар 20,3 миллиард долларни (73,5%) ташкил қилади. 1 йилдан 5 йилгача олинган қарзлар эса 3,395 миллиард долларни (12,3%) ташкил қилмоқда.

Марказий банк хабарига кўра, ташқи қарзнинг ошиши COVID-19 тарқалиши туфайли юзага келган кризиснинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш учун олинган ташқи қарзлар туфайли содир бўлган. 

Ўзбекистон президенти март ойида COVID-19 оқибатларига қарши кураш учун капитали миқдори 1 миллиард бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилишни буюрган ва ҳукуматга давлат бюджетини молиялаштириш учун ташқи манбаалар қидириш топширилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Инқирозга қарши курашиш жамғармасига, жумладан Халқаро валюта жамғармасидан - 375 миллион доллар, Жаҳон банкидан - 295 миллион доллар ва Осиё Тараққиёт банкидан – 600 миллион доллар қарзлар жалб этилган эди. 

Маълумот учун, 2019 йилда Ўзбекистон ЯИМи 57,9 млрд. долларни ташкил қилган эди. Нуфузли Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ЯИМи 2020 йилда  5,0-5,8 %га ўсишини башорат қилишган эди. Лекин COVID-19 умумжаҳон эпидемияси туфайли ушбу прогнозлар 1,0-1,8% даржасигача қисқартирилди. 

211
2 марта в Сергелийском районе города Ташкента прошла церемония открытия 2 новых общеобразовательных школ

Мирзиёев “Таълим тўғрисида”ги қонунни имзолади

18
Қонун билан профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.

ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. “Таълим тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, таълим турлари қуйидагилардан иборат: мактабгача таълим ва тарбия; умумий ўрта ва ўрта махсус таълим; профессионал таълим; олий таълим; олий таълимдан кейинги таълим; кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; мактабдан ташқари таълим.

Умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олади.

Ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилади.

Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.

Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул амалга оширилади.

Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилади.

Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади.

Шунингдек, мазкур қонун билан,1997 йил 29 августдаги “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлар ўз кучини йўқотди.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

18