Ёнғин. Архив сурат

Тошкентдаги хусусий корхоналарнинг бирида кучли портлаш рўй берди

129
(Янгиланган 18:10 22.08.2016)
Ёнғин куни кеча тунда Тошкентдаги хусусий корхоналарнинг бирида юз берган. Ҳодиса қурбонларсиз кечган. Айни вақтда фавқулодда ҳолат сабаблари ўрганилмоқда.

ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Бугун ярим тунда, соат иккилар чамаси пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган хусусий корхоналарнинг бирида кучли портлаш юз берди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Ҳодиса "Янгиобод" бозори яқинида рўй берган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, атроф аввал худди чақмоқ чаққандек ёришган, сўнгра худди портлаш овозини эслатувчи гумбуллаш садоси жаранг топган. Орадан бир қанча вақт ўтиб, бутун туманни тутун босган ва атрофни куйган ҳид ўраб олган.

Иззат кўчасида жойлашган хусусий корхоналарнинг бирининг цех ва омборхонаси ёниб борарди, деб хабар қилади мухбиримиз.

"Ёнғин вақтида кимёвий моддалар тўлдирилган контейнерларнинг портлаши оқибатида олов катта ҳудудни қамраб олди. Корхонанинг қарийб бир минг квадрат метр ҳудуди ёниб кулга айланди. Ёнғин ҳақидаги сигналдан сўнг, ҳодиса жойига 17та ёнғинни бартараф этувчи машиналар етиб келган. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Шу боис, бирор хулоса чиқаришга ҳали эрта. Аввал экспертиза натижаларини олиш керак", — деб таъкидлаган Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармасидаги манба.

129