Специалист экспертно-криминалистического центра исследует марихуану. Архивное фото

Бухорода уч хонадонда беркитилган оғу фош этилди

143
Уч хонадон кўздан кечирилиб, қарийб 100 граммга тенг бўлган гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. Бухорода уч хонадонда беркитилган гиёҳвандлик моддалар Бухоро вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари ҳамда ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари томонидан фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.

Ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Г.А. нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилади ва хонадоннинг ертўла қисмидаги жавон устида яшириб қўйилган қора рангли полиэтилен пакетга солинган гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддалар борлиги аниқланади.

“Экспертиза хулосасига кўра, уларнинг соф оғирлиги 49,78 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳванд моддаси эканлиги тасдиқланди”, - дейилади хабарда.

Иккинчи ҳолат Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Н.нинг хонадони кўздан кечирилганда аниқланади.  Маълум қилинишича, ушбу хонадон ётоқхонасига соф оғирлиги 27,91 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси беркитилганлиги ўз исботини топган.

Шунингдек, учинчи ҳолат фуқаро О. Ў. томонидан содир этилгани аниқланади. Тезкор гуруҳ вакиллари унинг ҳам хонадонидан 21,64 граммга тенг, таркибида фаол гиёҳвандлик воситаси – тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасини ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олишган.

Ҳозирда юқорида қайд этилган ҳар уччала ҳолат юзасидан ҳам текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

143