ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез тиббий ёрдам шифокорлари билан содир бўлган муштлашув ҳолатига изоҳ берди.
Маълум бўлишича, видеолавҳада акс этган тез тиббий ёрдам бригадаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига қарашли бўлмаган. Таъкидланишича, ҳозирги пайтда пойтахтдаги 12 та тез тиббий ёрдам бўлимларида 179 та тез тиббий ёрдам бригадаси штат режимида тун-у кун ишлаб турибди ва суткасига ўртача 3 мингта мурожаат бўйича хизмат кўрсатмоқда.
Дастлабки текширувларга кўра, видеоёзувдаги ходимлар ва машина хусусий тиббиёт муассасасига тегишли тез тиббий ёрдам бригадасиники эканлиги аниқланди.
Хабарда вазирлик ўз ваколати доирасида мазкур ҳолатни ўрганиб, тегишли қатъий чораларни кўриши ва бу ҳақда қўшимча маълумотлар бериши қўшимча қилинган.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида 983,5 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ушбу боғчада текшириш ўтказилган.
Текширишда боғча мудираси ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 2014-2020 йиллар давомида амалда боғчада ишламайдиган 37 нафар, шу жумладан, 4 нафар яқин қариндошини ишга қабул қилгани аниқланган. Ходимларнинг меҳнат фаолияти бўйича штат жадваллари ва бухгалтерия табелларига сохта маълумотлар киритиш орқали ҳужжатларни қалбакилаштирилган. Бу йўл билан 983,5 млн. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан боғча мудираси ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги 2020 йилда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан амалга оширилган назорат ишлари тўғрисида маълумот берган эди. Унга кўра, мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 327 та назорат тадбирларининг 270 тасида 16,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Сурхондарё вилоятидаги Тангимуш ва Оқжар станциялари оралиғидаги темир йўл кесишмасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар қилди.
“Дамас” автомобили светофорнинг қизил чироғига қарамай, темир йўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган ва “Тошкент-Термиз” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 080 йўловчи поездининг ён томонига урилган.
ЙТҲ натижасида автомашина ҳайдовчиси 25 ёшли С.Х. олган жароҳатлари туфайли касалхонага етказилган. Бироқ унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамайдан ҳайдовчи вафот этган.
Поезд воқеа жойида 13 дақиқа туриб, ҳаракатини давом эттирди. Поезд йўловчилари орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. 2021 йил 1 февралдан бошлаб барча турдаги (талаба, ўқувчи, нафақа ҳамда аҳоли учун) мўлжалланган қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталари сотувга чиқарилмайди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати хабар қилди.
Шунингдек, 2021 йил 1 февралдан бошлаб имтиёзли электрон ойлик йўл чипталари учун белгиланган кунлик тарифлар ишга туширилади.
Шу билан бирга, электрон ойлик йўл чипталарини биринчи бор харид қилаётган йўловчиларнинг транспорт карталарида 30 кунлик тариф автоматик тарзда ёқилади.
Таъкидланишича, сотиб олинган электрон ойлик йўл чипталаридаги тарифлар биринчи тўловни амалга оширган кундан бошлаб, тарифда белгиланган кунга қадар амал қилинади.
Барча турдаги транспорт карталари 3 йил муддат фойдаланиш учун тақдим этилади.
"Ҳар ой янги электрон ойлик йўл чипталари ҳарид қилиш лозим бўлмайди. Фақатгина ўзингизга қулай тарифларни юклаб олиш кифоя бўлади", - дейилган хабарда.