кулак, архивное фото

Бош прокуратура акаси қийноқларга солган ўсмир юзасидан маълумот берди

833
(Янгиланган 17:27 03.01.2020)
Ижтимоий тармоқлар орқали вояга етмаган болакайнинг номаълум аёл билан суҳбати акс этган видеоролик тарқалди. Унда боланинг акаси томонидан калтаклангани ва уй ертўласида сақланиб келинаётгани айтилган. Бу жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Бош прокуратура интернет тармоқларида тарқалган ўсмирнинг Юнусобод туманида акаси томонидан қийноқларга солиниб, калтакланиб келинганлиги тўғрисидаги видео юзасидан баёнот берди.

Бош прокуратура маълумотида қайд этилишича, ҳодиса қаҳрамони бўлган бола Юнусобод туманида истиқомат қилади. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида видеотасвирдаги боланинг вояга етмаган 2006 йилда туғилган М.Алимжонов эканлиги аниқланган. Бола 2020 йил 2 январ куни соат 15:23 ларда Юнусобод тумани ИИО ФМБ Навбатчилик қисмига РШТЁИМ қабул бўлимига келтирилиб, текширувдан ўтказилган. Унга юз, тана соҳасида  кўплаб қонталашлар ва лат ейишлар ташхиси қўйилган ва муолажалар тавсия этилган.

Ака онасининг ундовига кўра, укасининг эсини киритиб қўймоқчи бўлган

Терговга қадар суриштирувларга кўра, бола Юнусобод туманидаги уйлардан бирида онаси ва акаси билан бирга яшиб келади. Онаси М.Мухторова боланинг тарбияси бузилиб, кўп вақтини кўчада ўтказаётганлиги, хулқ-атворидаги ўзгаришлар сабаб ўртанча ўғли С.Мухторовдан у билан гаплашиб қўйишни сўрайди. 

Ўртанча ўғли эса укаси билан гаплашиб қўяётиб, уни қўпол муомилада бўлганлиги, гапларига қулоқ солмаганлиги боис қўли билан юз ва тана қисмидан  туртиб силталайди. Натижада боланинг танаси кўкариб, тан жароҳати олади. Онаси болани тиббий текширувдан ўтказгач, уни ўзи фаолият юритаётган Ўзбекистон Миллий академик драма театри биноси  хонасига олиб боради...

Актрисанинг ўйинидан ўт чиқди

М.Мухторова тергов давомидаги кўрсатмасида, ўртанча фарзанди С.Мухторовнинг унга кам эътибор бераётганлиги учун уни қўрқитиб қўймоқчи бўлгани, бунинг учун ўғли М.Алимжоновдан фойдаланганлиги, унинг танасидаги кўкарган жойларни тонал бўёқлар билан бўяб, кўкаришларни бўртириб кўрсатишга уринганини айтади. Сўнг гуёки акаси уни муттасил равишда  қийнаб, уриб келаётганлиги тўғрисида ўғлининг шикоятини видеотасвирга ёзиб олади. Аммо аслида бундай ҳолат бўлмаган. Ушбу видоетасвир ижтимоий тармоқларга М.С.Мухтарова шу куни телефон аппаратини қуватлаш учун хонасида қолдириб кетган вақтида унинг театрдаги касбдошлари томонидан берухсат олиниб, тарқатиб юборилганлиги аниқланади. Ҳозирда ким томонидан тарқатилганлиги аниқланмоқда.

Бола психолог суҳбатидан ўтказилди

Текширувлар давомида вояга етмаган М.М.Алимжонов онаси ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ ХПБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектори иштирокида психолог суҳбатидан ўтказилган. Бола тан жароҳатини ўзининг айби ва эҳтиётсизлиги оқибатида олганлиги, акасига нисбатан эътирози йўқлиги, унга руҳий ва жисмоний тазйиқлар бўлмаганлигини айтган.

Маълум қилинишича, ҳозирда ҳолат юзасидан томонлар кўрсатмаларини текшириш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда.

Бир оз аввал ижтимоий тармоқлар орқали вояга етмаган болакайнинг номаълум аёл билан суҳбати акс этган видеоролик тарқалди. Унда боланинг акаси томонидан калтаклангани ва уй ертўласида сақланиб келинаётгани маълум қилинган. Бу хабар жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлаётган эди.

833