Символы закона и правосудия

ИИБ отасини ўлдирмоқчи бўлган педофил ҳалигача озодликда деган хабарга муносабат билдирди

207
Телеграм каналларнинг бирида “Отасини ўлдирмоқчи бўлган педофил ҳали-ҳануз озодликда. ИИБ ходими, МФЙ раиси ва 100$” сарлавҳали хабар тарқалди.

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Бухоро вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган “Отасини ўлдирмоқчи бўлган педофил ҳали-ҳануз озодликда. ИИБ ходими, МФЙ раиси ва 100$” сарлавҳали мақола юзасидан расмий муносабат билдирди.

Хабарда ёзилишича,  2019 йил 21 декабрь куни Шофиркон тумани Чандир МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Ю Шофиркон тумани ИИБ профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, укаси О.Ю. спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда атрофдагиларнинг тинчини бузиб, жанжал қилаётгани ҳақида хабар берган.

Инспектор ва Чандир МФЙ раиси билан ҳодиса жойига бориб, фуқаро О.Ю билан суҳбатлашган. Шофиркон тумани Тиббиёт бирлашмасида наркологик текширувдан ўтказилган ушбу фуқаронинг мастлик ҳолатида экани аниқланган.

Терговга қадар текширув давомида О.Ю.нинг маст ҳолда отасига пичоқ ва болта кўтарганлиги, уни ўлдиришга ҳаракат қилганлиги, бирор бир шахсга тан жароҳати етказганлиги каби ҳолатлар юз бермаганлиги аниқланган.

Шунингдек, фуқаро О.Ю. спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолда жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузганлиги ҳамда профилактика инспекторининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун унга нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва тўпланган ҳужжатлар қонуний ҳал қилиш учун Шофиркон туман судига юборилган.

Шунингдек, 23 декабрь куни ўша ерда яшовчи С.Ф туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда 21 декабрь куни қўшниси О.Ю. 2002 йилда туғилган ўғлига нисбатан тегажоғлик қилганлигининг гувоҳи бўлганлигини, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу ариза шу куни туман ИИБда тегишли тартибда қайддан ўтказилган ва тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилган.

Болага нисбатан тайинланган судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида унинг танасида бирор бир тан жароҳати ва унинг излари мавжуд эмаслиги баён қилинган.

Ушбу ҳолатни тасдиқловчи, бир-бирини тўлдириб борувчи асосли далиллар йўқлиги ҳамда фуқаро О.Ю.нинг ҳаракатларида бирор жиноят аломатлари бўлмаганлиги инобатга олиниб, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

207