Генеральный прокурор Узбекистана Нигматилла Юлдашев.

Йўлдошев: 2 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида етказилган зарар 2 трлн сўмдан ошди

190
Ўзбекистонда икки йил ичида салкам 2000 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Йўлдошевнинг сўзларига кўра, республикада ўтган икки йилда 1 986 нафар мансабдор шахслар коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

“Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн сўмдан ошган”, - деди у.

Шунингдек, ўтган икки йилда республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2 477 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд. сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Банк тизимида ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Масалан, Халқ банки ва Микрокредитбанкда бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.

Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган.

Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет  маблағини талон - торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб,  хорижга олиб чиқиб кетилган. Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.

Бундан ташқари, Э. Халқ банки бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 млрд. сўмлик банк маблағини талон-торож қилган.

“Микрокредитбанк”ка раҳбар этиб тайинланганда эса, ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 млн. сўмлик мебель жиҳозларини 273 млн. сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 млн. сўмлик бинони 4 млрд. 700 млн. сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.

Йиғилишда аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинган.

Ўтган икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 31 нафар солиқ ходимлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22 та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган. Ушбу фирмаларда 268 млрд. сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилган. 19 млрд. сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган. Шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 млн. сўм легаллаштирилган.

Қурилиш соҳаси коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолаётганлиги оқибатида сўнгги икки йилда 1 233 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Таъкидланишича, қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик - коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда. Бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш - билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. ва Чилонзор туман ҳокимияти бўлими бошлиғи Ш. “Max Saodat” жамиятига кўп қаватли уй- жой қуриш учун Чилонзор туманидан 1 гектар ер ажратиш эвазига 1 млн. 400 минг доллар талаб қилган. Натижада 50 минг долларни олган вақтда ушланган.

Сўнгги икки йилда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятларга қўл урган.

Таҳлилларга кўра, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.

Масалан, “Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш” корхонаси директори Р. бош ҳисобчи Ш. ҳамда муқаддам шу корхонада содир этган қатор  жиноятлари учун судланиб, корхонада фаолиятини яна давом эттириб келаётган жиноий шериклари билан 2,4 млрд. сўм бюджет маблағларини ўмарган.

Ўтган икки йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходимлари турли кўринишдаги жиноятлари учун   жавобгарликка тортилган. Хусусан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34.822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган.

Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21.493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган. Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган.

Мисол учун, Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ. муқаддам судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан  Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансери биносини “ноль” харид қийматида қўлга киритган. Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 млн. сўмга сотиб юборган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида сўнгги икки йилда вазирлик тизимидаги 57 нафар ходимлар турли коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. 

Масалан, Тўрақўрғон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Э. аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилган. У нафар ходимлари билан жиноий тил бириктириб, 2019 йилги пахта мавсумида тўрақўрғонлик 327 нафар ишсизлар Тошкент ва Жиззах вилоятларига теримга жалб этилганлиги, уларга жамоат ишлари жамғармасидан мукофот пули берилиши ҳақида сохта ҳужжатларни тузган. Сохта ҳужжатларни банкка тақдим қилиб, мукофот пули сифатида жами 276,4 млн. сўм нақд пулларни олиб, “чўнтакка урган”.

Ўтган 9 ойда олий таълим тизимдаги 70 нафар ходимлар таълим жараёни билан боғлиқ жиноятларни содир қилган. Тизимда энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиш масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Нострификация жараёнида коррупция ҳолати тилга олинди.Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ёрдамчиси Ш. шериклари орқали 4 нафар фуқародан хорижий дипломларни нострификация қилиб бериш эвазига жами 6 500 доллар олганда ушланган.

Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишган. Муқаддам ўғирлик ва талон-торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган. У шериклари билан 2,3 млрд. сўмни маблағ талон-торож қилган.

Вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон-тарож қилган.

Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм ҳам талон-торож қилинган. Бу жиноий схема билан 12 млрд. сўм бюджет маблағи ўмарилган. Ҳозирда бу шахслар қамоққа олиниб, тергов ўтказилмоқда.

Йиғилишда маълум қилинишича, ўтган икки йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 318 нафар ходимлари жиноий қилмишлари учун жавобгарликка тортилган.

Масалан, “Арк булоқ” божхона пости бошлиғи Ж. бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган.

190

ЎФА Фарғонадаги жанжалли ўйин юзасидан баёнот берди

199
(Янгиланган 10:25 03.12.2020)
ЎФА ҳакамларнинг фаолияти, иккала жамоа футболчилари ва мураббийларнинг ҳамда томошабинларнинг хатти-ҳаракати синчковлик билан ўрганиб чиқмоқда.

ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Фарғонада “Нефтчи” ва “Турон” учрашувидан кейин рўй берган жанжал юзасидан баёнот берди.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида Про лиганинг 20-туридан ўрин олган “Нефтчи” (Фарғона) – “Турон” (Яйпан) учрашуви якунида ҳакамларга нисбатан қўпол ва тажовузкор муносабатда бўлиб, уларга тан жароҳати етказилгани хабар қилинган эди.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат бўйича ЎФА мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилган ва Фарғонага етиб борган.

У ерда ИИВ ҳамда “Нефтчи” – “Турон” учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур учрашув якунида юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари бошланган.

“Бунда ҳакамларнинг фаолияти, иккала жамоа футболчилари ва мураббийларнинг ҳамда томошабинларнинг хатти-ҳаракати синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда”, - дейилган хабарда.

Хабарда яқин вақт ичида суриштирув ишлари якунига кўра қўшимча маълумот берилиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Фарғонадаги футболда рўй берган жанжалдан сўнг олти кишига қарши жиноят иши очилиб, улар ушланган эди. Бундан ташқари оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахсларнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аниқланган. Улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

199
Теглар:
ЎФА, тартибсизлик, футбол, Фарғона
Преступник за решеткой

Ёшларни Суриядаги террорчилар сафига қўшиш учун жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

194
(Янгиланган 11:02 02.12.2020)
24 ёшли Самарқанд вилоятида туғилган О.Ҳошимов Мисрда ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб қолган.

ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистон ёшларини Суриядаги террорчилар сафига қўшиш учун жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мамлакат фуқароларини ёллаб, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахснинг фаолиятига чек қўйилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Ҳошимов 2019 йилда Мисрда ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб қолган. У ерга мамлакатдан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган.

Бундан ташқари, Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси”* халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.

Ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб,  тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси”* халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти мамлакат ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Вазирлик фуқаролар, айниқса ёшларни огоҳлантирган ва ижтимоий тармоқлардаги шубҳали сайтларда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик ҳамда интернет тармоғида нохолис, текширилмаган ва асоссиз материалларни тарқатиш билан шуғулланмасликни сўраган.

194
Теглар:
“Тавҳид ва жиҳод катибаси”, Сурия, террорчилар, Ўзбекистон

"Ёрдам керак". Тихановская АҚШдан Минск бўйича янги санкциялар қабул қилишни сўради

51
(Янгиланган 18:36 05.12.2020)
Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская АҚШнинг амалдаги маъмуриятига кўмак учун миннатдорлик билдириш мақсадида Вашингтонга бормоқчи

ТОШКЕНТ, 5 дек - Sputnik. Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская АҚШ ҳукуматига америка етакчисининг Беларусга нисбатан санкциялар киритиш ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ қўллаб-қувватлашни сўраб мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Sputnik радиоси.

"Биз гарчи шундай мураккаб ўтиш даврида АҚШдан бўладиган катта ёрдамга муҳтожмиз. Мен АҚШ конгрессини "Беларусда демократия, инсон ҳуқуқлари ва суверенитет" тўғрисидаги қонун лойиҳасини тезкор тартибда қабул қилишни чақираман, – деб таъкидлаган Тихановская Washington Post нашрида жойлаштирилган материалида.

Бундан ташқари у ЕИ ва АҚШга "фаол маънавий ва техник кўмак" ҳамда "яқинда беларус амалдорларига нисбатан санкцияларни кенгайтирган АҚШ жорий маъмуриятининг сайи-ҳаракатлари" учун миннатдорлик билдирган.

Бундан ташқари, Тихановская Вашингтонга боришни режалаштираётганини маълум қилган.

"Мен инаугурация ҳафталигида (АҚШ) жорий маъмуриятига унинг Беларус халқига кўрсатаётган ёрдами учун шахсан миннатдорлик билдириш учун Вашингтонга бориш ниятидаман. Шу билан бир вақтнинг ўзида Беларуснинг демократияга ўтишига кўмак бериши учун янги маъмурият билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатишдан умидворман", - деб қўшимча қилган муҳолифатчи.

Агар қонун лойиҳаси тасдиқланса, АҚШ президенти Белорусия Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўлган ҳар қандай чет эл фуқароси, мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши ҳаракатлар учун масъул бўлган давлат амалдори, республикадаги вазият билан боғлиқ бўлган оммавий ахборот воситаларига ёки инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши ҳаракатларда фаол иштирок этган Иттифоқ давлатининг расмий вакили ёки Россия фуқароси визасини блоклаб қўйиши мумкин. 

Беларусда оммавий норозилик акциялари 9 августдан кейин, бўлиб ўтган президент сайловларида амалдаги етакчи Александр Лукашенко ғолиб чиққанидан сўнг бошланган эди. МСК маълумотларига кўра Лукашенко 80,1 % овоз олган. Биринчи кунларда акциялар куч тузилмалари томонидан бостирилди, норозичиларга нисбатан кўз ёш келтирувчи газ, шовқин гранаталари, водометлар, резинали ўқлар қўлланилди. Расмий маълумотларга кўра, биринчи кунларда 6,7 минг киши қўлга олинган. Республика ИИВ маълумотларига кўра, тартибсизликлар давомида юзлаб инсонлар жабрланган, шу жумладан, 130 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам. Сайловлар якунлангач бир ой давмида акциялар ҳам иш ҳам дам олиш кунлари ўтказилди. Лукашенконинг тарафдорлари ҳам уни қўллаб-қувватлаб тадбирлар ўтказиб келмоқдалар.

Расмийларнинг таъкидлашича, бу норозилик намойишлари радикаллаштирмоқда ва шаҳар кўчаларидан ҳовлилар томон кўчирилмоқда.

51