Мужчина с ножом в руке. Иллюстративное фото

“Бўлакланиб кўмилган жасад”: Тошкентда мудҳиш жиноятга қўл урганлар узоқ муддатга қамалди

404
(Янгиланган 11:56 16.02.2021)
Тошкентда тадбиркорни қўллари ва оёқларини танасидан ажратиб, бўлакларга бўлиб чуқурга кўмиб юборган қотил ва унинг жиноий шериклари узоқ муддатга қамалди. Шериклардан бири “Зулфия” мукофоти соҳибаси.

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 31 ёшли тадбиркорни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб, кўмиб юборган шахс ва унинг жиноий шерикларига суд ҳукм ўқилди. “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бир жиноят изидан” кўрсатувида мудҳиш жиноят тафсилотлари маълум қилинди.

Аниқланишича, 2020 йилнинг 8 май куни Учтепа туман ИИБга фуқаро Нигора Пайзибекова мурожаат қилиб, 1989 йилда туғилган ўғли Равшан Раҳматуллаев 7 май куни соат 10:00 да ўз ишлари билан “Lacetti”машинасида уйдан чиқиб кетгани ва шундан кейин қайтиб келмаганини билдирган.

Равшан Юнусобод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Жамолиддин Орифбоев билан таниш бўлган. Жамолиддин 2020 йил январь ойида Равшандан кейинчалик сотиб олиш шарти билан “Spark”ни ижарага олган. Бироқ Жамолиддин пулларни ўз вақтида тўламагани сабабли Равшан у билан оғзаки тортишиб қолган ва аччиқ устида автомобилни қайтариб олган. Равшан бошланғич тўлов сифатида берилган 2000 долларнинг 1000 долларини машинаси юкхонасидан олиб берган. Жамолиддин машина юкхонасида катта миқдорда пул борлигини кўриб қолган.

Илгари ўғрилик ва босқинчилик жиноятлари учун судланган Жамолиддин Равшаннинг пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишга аҳд қилган. Бунга Мирмақсуд Маҳкамов ва Севара Абдулҳакимовани ҳам жалб қилган.

Жамолиддин телеграм орқали ўзини аёл киши сифатида таништириб, Равшан билан мулоқотга киришган. Равшан танишган “Имона” исмли қиз билан 2020 йилнинг 7 май куни учрашишга келишган. Ўз вақтида каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлган Севара Абдулҳакимова учрашувга чиқиб, ўзини Имонанинг синглиси сифатида таништириб, опасининг олдига олиб боришини айтади ва Равшанни Жамолиддиннинг Юнусободдаги уйига олиб борган.

Уни уйда тахта билан қуролланган, юзига ниқоб тақиб олган Жамолиддин ва Мирмақсуд пойлаб туради. Келиши билан Равшанни уриб-тепиб, уни стулга боғлаб қўяди. Босқинчилар жабрланувчининг ёнидан 400 доллар ва 1 миллион сўм пулини олишади. Ундан яна пул талаб қилишади. Шунда Равшан телеграм орқали ота-онасига хабар юбориб, машина олиш учун 29 минг доллар кераклигини, уни бизнес ҳамкори Музаффар Сагатов орқали бериб юборишларини сўрайди.

Жиноятчиларнинг таҳдиди остида бу гапларни отасига телефон қилганда ҳам такрорлайди. Музаффар Сагатов Равшаннинг телефонда берган кўрсатмаси асосида Юнусобод тумани Марказ-5 мавзесида ўзини “Азиз” деб таништирган Жамолиддин билан кўришиб, унга 29 минг долларни бериб юборган.

Жамолиддин оёқ-қўллари боғланган Равшанни машина юкхонасига жойлаштириб, Яшнобод туманида ижарага олган хонадонига олиб борган. Бу ерда ҳам Равшандан яна пул талаб қила бошлаган. Равшандан рад жавобини олгач, унинг юз ва бош қисмига уриб, бўйнидан бўғиб қасддан ўлдирган. Жамолиддин жиноятини яшириш мақсадида Қўйлиқ деҳқон бозоридан ёлланма ишчилар олиб келиб, ҳожатхона учун деб чуқур қаздирган. Сўнгра Равшаннинг боши, қўллари ва оёқларини танасидан ажратиб, бўлакларга бўлиб чуқурга кўмиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жамолиддин Орифбоев Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в”, “и” бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; тамагирлик ниятида қасддан ўлдириш), 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси 4-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда босқинчилик), 169-моддаси 3-қисми “а” (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик) бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга узил-кесил 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мирмақсуд Маҳкамов Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.  Энди 15 йилни панжара ортида ўтказади.

Севара Абдулҳакимова Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 13 йил қамоқ жазоси тайинланган. У 2014 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

404
Теглар:
қотиллик, жиноят, Тошкент
Рынок Эски жува в Ташкенте

“Эски жува” бозорида қариндошлар жанжаллашди

175
Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга бир аёл мурожаат қилиб, бозорда у билан жанжаллашган ва ҳақорат қилган қариндоши ва унинг ўғлига нисбатна чора кўришни сўраган.

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган аёллар ўртасидаги жанжал акс этган видео юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, 23 февраль куни Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга 39 ёшли аёл З.К. ариза билан мурожаат қилган. Унда у билан жанжаллашиб, ҳақорат қилган қариндошлари 58 ёшли М.Ш. ва унинг ўғли Ҳ.Ш.ларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш. ва Ҳ.Ш.ларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳозир ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилишлик учун туман судига юборилган.

175
Теглар:
оммавий жанжал, ИИББ, Эски жува бозори
Электрошокер

Андижонда ҳомиладор аёлни электрошокер ёрдамида талон-тарож қилишди

161
(Янгиланган 12:11 04.03.2021)
Жиноят кодекси нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 4 мар - Sputnik. Андижон вилоятида ҳомиладор аёлга нисбатан электрошокер ишлатиб, босқинчилик содир этган шахс ушланди, деб хабар бермоқда  Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Ҳодиса 2 март куни кундузи рўй берган. Электрошокер билан қуролланган, юзига ниқоб таққан номаълум шахс Марҳамат туманидаги маҳаллаларнинг бирида яшовчи ҳомиладор аёл - 28 ёшли Нилуфарнинг хонадонига кириб борган.

Талончи аёлдан тилла-тақинчоқларни талаб қилиб, электрошокер билан ҳужум қилган. Сўнгра девордан ошиб хонадондан қочиб кетаётган вақтда маҳаллада яшовчи фуқаролар томонидан ушланган.  

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 26 ёшли Мансурбек М. содир қилганлиги аниқланиб, тилла-тақинчоқлар ва электрошокер ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Мансурбек М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин, дейилади хабарда.

161
Шавкат Мирзиёев поздравил Узбекистан с Днем конституции

Мирзиёев бир гуруҳ аёлларни байрам муносабати билан тақдирлади

104
(Янгиланган 20:25 04.03.2021)
Президент 8 март байрами арафасида бир гуруҳ аёлларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлади. Улар орасида актрисалар Гавҳар Зокирова ва Лола Элтоева ҳам бор.

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ аёлларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлади.

Улар мамлакатда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётганлари учун ушбу мукофотларга лойиқ кўрилган.

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарида Абдураҳимова, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси  Орал Атаниязова тақдирланган.

"Саодат" журнали бош муҳаррири Мунаввархон Усмонова "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" фахрий унвони билан мукофотланган.

Тўрт киши "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланган. Улар орасида Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Гавҳар Зокирова ҳам бор.

24 киши "Меҳнат шуҳрати" орденига лойиқ кўрилган. Улар орасида Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ҳам бор.

"Дўстлик" орденига 31 киши муносиб кўрилган. Тақдирланганлар орасида Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Лола Элтаева ҳам бор.

7 киши II даражали "Соғлом авлод учун" ордени, яна 7 киши II даражали "Саломатлик" ордени, 4 киши "Соғлом турмуш" медали, 4 киши "Содиқ хизматлари учун" медали, 9 киши "Келажак бунёдкори" медали билан, 33 киши "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

Қуйида тақдирланганларнинг тўлиқ рўйхати билан танишиш мумкин.

104